“Антимигрант” операцияси — Петербургда меҳнат муҳожирларини оммавий тарзда ушлаб депортация қилишмоқда

Санкт-Петербург ҳуқуқ-тартибот идоралари Россияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган хориж фуқароларини аниқлаш ва депортация қилиш бўйича “Антимигрант” кенг кўламли операциясини ўтказмоқда. Бу ҳақда “Первый отдел” инсон ҳуқуқлари лойиҳаси хабар берди, деб ёзади “Медуза”.

“Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларига яқинлашиб бўлмайди. Аэропортга олиб бориш учун кўплаб махсус техника ва автобуслар мавжуд. Шунингдек, ётоқхона ва хонадонларда ҳам рейдлар ўтказилмоқда. Барча махсус ҳибсхоналар гавжум”, – дейди исмини ошкор этмаган айрим чет эл фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат ташкилотга.

Унга кўра, Пулково аэропортидан самолётларда мигрантлар оммавий равишда мамлакатдан чиқариб юбориляпти. “Кеча биргина Санкт-Петербургнинг Виборг районидан 64 нафардан ортиқ хориж фуқароси депортация қилинди. Иккита тўлиқ самолёт ҳавога кўтарилди”, — дейди “Первый отдел” суҳбатдоши.

Жума куни кундузи депортация тўғрисида қарор қабул қилинганлар билан яна бир неча автобус аэропортга жўнади, дея қўшимча қилди ҳимоячи.

22 март куни “Крокус Сити Холл”да Тожикистон фуқаролари гумонланиб ҳибсга олинган терактдан сўнг Москвада осиёлик шахсларни текшириш кучайтирилди. Би-би-си рус хизмати хабарига кўра, жорий ҳафтада Москва судларида Россия Федерациясига кириш қоидаларини бузиш бўйича ишлар кўпайган. Шунингдек, фуқаролар орасида ксенофобия туйғулари кескин кучайган. Хабар қилинишича, Россия шаҳарларида одамлар Тожикистондан келган ҳайдовчилар билан таксида юришдан бош торта бошлаган, тожик диаспораси раҳбарлари эса ўз юртдошларига кечки пайт уйларидан чиқмасликни тавсия қила бошлаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.