Анҳор бўйи сайрга тайёрми?

Анҳор бўйи сайрга тайёрми?

Муаллиф Асия Качаеванинг янгиланган Анҳор соҳилига бағишланган романтика, лирика ва самимийликка тўла шанба кунги лавҳаси Anhor.uz таҳририяти ходимларини соҳил бўйлаб сайрга ундади. Анҳор соҳилини ўзига хос синовдан ўтказишга қарор қилганимиз боис ҳаммамиз оиламиз билан  фаол кечки сайрни режалаштирдик. Ўзимиз билан роликлар, велосипедлар, болалар аравачаси, фотоаппарат, хуллас, соҳил бўйини тестдан ўтказиш учун зарур бўладиган барча буюмларни олдик.
    
Бироқ Анҳор бўйига келиб бир нарсани тушундик – реконструкция ишлари ҳали якунланмаган, кўп жойларда ишлар шунчаки тўхтатилган, холос. Шу атрофдаги уйларда истиқомат қилувчи одамларнинг айтишича, Шайхонтоҳур ГЭСи ёнидаги соҳил бўйини қоплаш ишлари бундан 10 кун олдин тўхтатилган экан. Худди йўлсозларни шошилинч тарзда бошқа участкага ташлаб, кейин қайтаришни унутгандай тасаввур ҳосил бўлади.  

Анҳор соҳили қисман ёритилган, шу боис бу ерда кечқурун сайр қилиш хавфлироқ. Шу ўринда яна бир хавф ҳақида тўхталиб ўтишимизга тўғри келади. Кичкинтойларнинг ота-онаси ҳар доим бир неча қадам олдинга қараб юради. Хуллас, соҳил бўйига ўрнатилган тўсиқлар кўприклар остида яхлит эмас, уларда қизиқувчан кичкина бола бемалол ўта оладиган тешиклар бор.

Скамейкалар ҳам фақат қурилаётган масжидга яқинроқ жойга ўрнатилган, қолган участкаларда ўтириб дам олишнинг иложи бўлмади. Умуман олганда, бу ердаги инфратузилма ҳақида гапирадиган бўлсак, яна бир муҳим фактни қайд этмасдан илож йўқ. Жамоат ҳожатхоналарининг йўқлиги эртами-кечми бу ердаги хилват жойлар ноқонуний санузелларга айланиши турган гап, бу эса ҳар қандай ёқимли таассуротни йўққа чиқаришга қодир.

Яна инфратузилма мавзусини давом эттирамиз. Ҳозирча соҳил бўйининг ҳеч қаерида “тошкент суви”ни харид қилишнинг иложи йўқ, фақат Ўрдага яқин жойда 50 ўринлик қаҳвахона ва “Анҳор” чойхонаси бор, холос. Бундан шуни тахмин қилиш мумкинки, келаси йил баҳорда соҳил бўйлаб ноқонуний сотувчилар пайдо бўлади.
  
Айтиш жоизки, Анҳор соҳилини реконструкция қилиш лойиҳаси пойтахтдаги биринчи тўлақонли велосипед йўли қурилишини кўзда тутганди. Ушбу ажойиб ғоя ҳозирча амалга ошгани йўқ – велосипедчилар ҳам, пиёдалар ҳам бир-бирларига халақит бериб сайр қиляпти.

Роллерлар ҳам аравачаларда ўз фарзандлари билан сайр қилаётган ота-оналар каби ҳаракатни тўхтатиб танаффус қилишга ва йўлнинг тўшалмаган участкаларини “енгиб ўтишга” мажбур бўлмоқда. Соҳил бўйида ногиронлар сайр қилиши ҳақида ҳозирча бирор нарса дейиш қийин, аммо уларнинг ҳам эҳтиёжлари инобатга олинишига умид қиламиз.

Ахлатдонларнинг йўқлиги биз тахмин қилган натижага олиб келган – соҳил бўйи чиқиндига тўла.

Анҳор соҳилини реконструкция қилиш ишлари шу йил баҳорида бошланган эди. Бу вақт давомида улкан ишлар қилинди – Анҳор бўйи киши танимайдиган ҳолатга келди, бу ерлар шаҳарликларнинг севимли масканига, қулай ва хавфсиз жойга айланишига ишонгимиз келяпти.

Биз эса, ҳозирча хавфсизлик мақсадларида янги соҳил бўйлаб кечки пайт болалар билан сайр қилмай турамиз.

Лола Исламова,
Anhor.uz бош муҳаррири

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.