Пойтахтдаги кўп қаватли тураржойлар куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр?

Пойтахтдаги кўп қаватли тураржойлар куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр?

Бу йил Тошкентда кўп қаватли уй-жой фондини қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш мақсадида уй-жойларнинг 1 миллион 527 минг квадрат метр том қисми мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди. 9 минг 400 дан ортиқ кириш йўлаклари таъмирланиб, эшикларга кодли қулфлар ўрнатилди.
 
Шу билан бирга, кўп қаватли уйлардаги 1 минг 371  лифт жорий таъмирланиб, уйлар атрофига 368 та болалар майдончаси қурилди ҳамда мавжуд 1 минг 108 та шундай маскан таъмирланди, дея хабар беради ЎзА.
 
“Ўзкоммунхизмат” агентлиги тизимидаги корхоналар ҳам куз-қиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 24 километр иссиқлик, 12 километр газ, 21 километр ичимлик, 5 километр оқова сув ва 351 километр электр тармоқлари, 20 дан ортиқ иссиқлик етказиб берувчи қозонлар, 383 транформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. 770 километр иссиқлик, ичимлик, оқова тармоқлари, мингдан ортиқ трансформатор пунктлари ҳамда 540 дан зиёд иссиқлик етказиб берувчи қозонлар жорий таъмирланди. 
 
Миробод туманидаги “Нукус коммунал” уй-жой мулкдорлари ширкати ҳам қишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Ёнма-ён жойлашган тўққиз ва тўрт қаватли уйга хизмат кўрсатувчи мазкур ширкатда аҳолининг қиш мавсумини беталафот ўтказиши учун барча шароит тахт қилиб қўйилаётир.
 
“Илгари уйларимизда кўплаб муаммолар мавжуд эди. Болаларимизнинг ўйнаши учун жой йўқ, атрофнинг санитария ҳолати ҳам талабга жавоб бермас эди. Бугун уйимиз олдидаги орасталикни кўрган кишининг баҳри дили очилади. Авваллари уйларнинг ертўласида ҳар доим сув, чиқиндилар тўпланиб ётарди. Ҳозир ертўла тозаланиб, электр ўтказилди, пластик қувурлар ва электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Лифтлар мунтазам ишлаб турибди. Болалар учун барпо этилган замонавий майдончада турли ўйин қурилмалари мавжудлиги фарзандларимизни қувонтирмоқда”, – дейди 4-уйда яшовчи Бахтиёр Тошмуродов
 
Кўп қаватли уй-жой фондининг қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати бўйича жойларда жамоатчилик назорати ўрнатилиб, улар томонидан уй-жойлардаги мавжуд ҳолат ўрганилмоқда. Бажарилган юмушларнинг сифатини таъминлаш мақсадида масъул идоралар вакилларидан иборат жамоатчилик комиссиялари тузилган бўлиб, ишлар мазкур комиссия далолатномалари асосида қабул қилинаётир. 
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.