Шаҳрисабзлик йигит «севгилиси»нинг уйини тунади
Шаҳрисабзлик йигит отасининг вафотидан сўнг, ундан қолган ошхонани юргизишни истамай, бир танишига ижарага беради. Йигит шу тариқа танишининг турмуши бузилиб, уйига қайтиб келган қизи билан гаплашиб юради. Қиз ҳам йигитни беэътибор қолдирмади ва ҳатто уйига ҳам таклиф қила бошлайди. Йигит эса бундан унумли фойдаланиб, хонадондаги нарсалар ҳақида маълумот йиға бошлади.
«Ошиқ-маъшуқлар» муносабатидан хабар топган ота қизини тоғасиникига жўнатиб юборади. Йигит эса анчадан буён ўйлаб юрган режасини амалга оширишга киришади. Уй эгалари ишга кетгач, хонадонга девордан ошиб тушган шаҳрисабзлик сейфда сақланаётган катта миқдордаги пул, АҚШ доллари ва турли қимматбаҳо буюмларни елим халтага солиб чиқиб кетади. Буюмларни танишлари орқали пуллаб, бойиб кетган йигит данғиллама тўй қилиб уйланиб олади.
Орадан икки ойча ўтиб, у яна бир «таниш аёл» дўконига ўғирликка тушиб, танишининг тилла тақинчоқлар солинган сумкасига ғазнадаги пулларни ҳам жойлаб қочади.
Шундан сўнг, йигит уч дўсти билан Шаҳрисабз шаҳри Ипак йўли кўчасида ишлайдиган танишининг телефон таъмирлаш устахонасига ўғирликка тушади. Темир панжарани бузиб, устахона ичидан компьютер монитори ва процессори, 600 минг сўм пул ҳамда фуқаролар томонидан таъмирлаш учун қолдирилган уч планшетни ўғирлаб кетади.
«Жиноий гуруҳ аъзолари ўғирланган буюмларни шаҳрисабзлик йигитнинг уйига яшириб қўяди, — деди Шаҳрисабз тумани ИИБ терговчиси. — Ҳамтовоқлар ўлжалар сотилганидан кейин пулларни тақсимлашга келишиб тарқалади».
Эртаси куни ўзининг телефон таъмирлаш устахонасига келган уста эса аҳволни кўриб, зудлик билан туман ИИБга қўнғироқ қилади. Воқеа жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи аъзолари суриштирув ишларини бошлайди.
Воқеа жойидан олинган қўл-бармоқ излари орқали жиноятчилар топилиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди, деб ёзади “Дарё” нашри Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетасига таянган ҳолда.
Шарҳлар