Сергели ҳокими Машина бозори олдидаги тирбандликларда маданиятсиз ҳайдовчиларни айблади

Сергели ҳокими Машина бозори олдидаги тирбандликларда маданиятсиз ҳайдовчиларни айблади

Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими Фурқат Мақсудхўжаев 17 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Сергели» машина бозори олдида мунтазам тирбандликлар юзага келиши ҳолатига тўхталиб ўтди.

Podrobno.uz’нинг ёзишича, Сергели ҳокими йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлиши билан боғлиқ ушбу ҳолатни маҳаллий ҳайдовчиларда маданиятнинг етишмаслиги билан изоҳлаган, дея қайд этади “Кун” нашри.
 
Мақсудхўжаевнинг сўзларига кўра, фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун бозорнинг орқа томонидан ҳам кириш йўли очилган бўлиб, бу ҳолат асосий йўлдаги автомобиллар қатновини бироз камайтирган.

Бундан ташқари, яна бир қўшимча автотураргоҳ қурилган, бироқ ҳайдовчилар ундан деярли фойдаланишмайди – «деярли ҳамма ўз автомобилини йўл ёқасига қўйиб кетишни маъқул кўради».

«Ҳайдовчиларимиз оддий ҳайдаш ва автомобилни тўғри тўхтатиб қўйиш маданиятини ўрганмагунларича, вазият ўзгармайди», – дея Сергели тумани ҳокими сўзларидан иқтибос келтирмоқда Podrobno.uz.

Интернет-нашр хабарида Сергели ҳокими ҳайдовчилик маданиятини сингдириш учун бирор бир муқобил йўл таклиф қилганми-йўқми, бу ҳақда маълумот берилмаган.

Маълумот учун, ҳафтанинг ҳар дам олиш кунлари, айниқса, “Сергели” автомобиль ва эҳтиёт қисмлари бозорида савдолар авжига чиқадиган якшанба куни Янги Сергели йўлида мунтазам равишда тирбандликлар юзага келади.

Фотосурат: ©uzavto.net / kun.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.