2015 йили Ўзбекистонда 261,6 мингта иш ўрни ташкил этилади
Аввал хабар берилганидек, 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар Давлат бюджетининг лойиҳасидан ташқари 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини ҳам муҳокама қилди.
Дастур доирасида келгуси йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш ва 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади.
Умуман олганда, дастурнинг бажарилиши 987,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашади. Бунда таълим муассасаларининг битирувчиларини, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Мажлисда бўш турган ва захираланган иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш дастурнинг муҳим йўналиши эканлиги қайд этилди.
Мажлис чоғида бандлик ва халқ фаровонлигини ошириш масалаларининг ҳал этилиши учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг жавобгарлигини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Дастурда ишсизларнинг, шу жумладан, меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мустақил тарзда ишга жойлашиш учун иш жойини танлашга доир бепул маслаҳатлар бериш ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди, дея хабар беради ЎзА.
Шарҳлар