Марҳамат, тухумга навбат!

Марҳамат

Деярли унутилган ўтмиш яна ўзини эслатмоқда. Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Общественный контроль” гуруҳида “Авиасозлар” (собиқ “Кадышева”) бозорида тухум харид қилиш учун турган узун навбатни акс эттирувчи фото жойлаштирилди. Унда тухумни арзонроқ сотиб олиш учун камида 50 киши навбатда турганини кўриш мумкин.

Биз олдин ҳам товуқ тухумининг нархлари кескин ошиб кетгани ҳақида ёзгандик. Бу борада масъул шахсларнинг бирор-бир изоҳи берилмади. Бунинг устига сўнгги кунларда пойтахтда шакар ва гречка нархи ҳам ошиб кетди. Хусусан бир килограмм шакарни энди 3,8-7 минг сўмга сотиб олиш мумкин. Гречканинг нархи эса деярли икки бараварга қимматлади ва камида 7 минг сўмни ташкил этмоқда.

Юзага келган ушбу вазиятга расмий тузилмалар энди изоҳ берармикан? Ёки таҳририят яна хатлар ва сўровлар ёзишга мажбур бўладими? Шуни афсус билан қайд этишга тўғри келмоқдаки, ҳозирча таҳририятнинг айрим мурожаатлари тегишли ташкилотлар томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги” қонунга зид равишда назар-писанд қилинмаяпти. Эътиборга олинган тақдирда ҳам қуруқ расмий жавоб шаклида берилмоқда.

Ҳозир фуқароларга давлат амалдорларидан тушунарли, масъулият билан берилган жавоблар зарур. Жуда зарур…
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.