Ўзбекистон ва Корея 2,4 миллиард долларлик битим имзолади
17 июнь куни Корея Республикаси президенти Пак Қин Хэ хонимнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонларининг бизнес-форуми ўтказилди.
UzA тарқатган хабарга кўра, бизнес-форум ва кооперацион биржа доирасида энергетика, тўқимачилик ва енгил саноат, ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар, таълим каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорликка оид умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан зиёд қатор ҳужжатлар имзоланган.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, авиаташув, автомобилсозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, суғурта, экспорт-импорт, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик ва фан-таълим каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, мазкур бизнес-форум савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Корея Республикаси Президенти Пак Қин Хэ хоним мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Жанубий Кореяга озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, минерал ўғитлар, кимё маҳсулотлари экспорт қилади, транспорт, коммуникация ва сайёҳлик хизматлари кўрсатади. Жанубий Кореядан мамлакатимизга транспорт воситалари, механик ва электрон ускуналар, пластмасса ва пластмассадан тайёрланган маҳсулотлар, қора металл импорт қилинади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Бизнес-форумда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишдаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Анжуманда Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан уч юзга яқин вакил иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши нақадар катта эканидан далолатдир. “Hanjin Group”, “Hyundai Motor”, “Lotte Chemical”, “Hanwha Group”, “Daedong Industrial”, “Baum Architects”, “Bell Metal”, “LSC Food”, “Simpac”, “Nara”, “Shindong” каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини қайд этди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.
Шарҳлар