Қадимий карвон-саройдан қандай қилиб арт-майдон яратиш мумкин
Бухоро кўчаларидан бирида икки юз йилдан буён дарвозасига Couchsurfing деб ёзилган «Олимжон» карвонсаройи турибди. Бу ерга истаган киши дилдан суҳбатлашиш, тунаш ёки шунчаки бир пиёла чой ичиш учун келиши мумкин.
Бу қандай бошланганди
Ушбу қадимий бинони Жамшид Кенжаев ижарага олган. У Couchsurfing ҳақида 2015 йилда эшитади: Facebook тармоғидаги гуруҳлардан бирида бир бухорлик шаҳар аҳолисидан ўз уйига иккита саёҳатчи қизни жойлаштира оладиган бирор кимса бор-йўқлигини суриштираётганди. Жамшид қизларга ёрдам беришга қарор қилади. Уларни уйда жойлаштиргандан сўнг, Жамшид қизларнинг Couchsurfing орқали мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилишларини билиб олади. Ушбу ҳамжамиятнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳар қандай сайёҳ у ёки бу мамлакат фуқаросидан бепул тунаш учун жой сўраши мумкин. Жамшидни бу лойиҳа қизиқтириб қолади, унга қўшилиш ҳамда турли мамлакатлардан меҳмонларни қабул қилишни бошлашга қарор қилади.
Кейинчалик Жамшид карвонсарой ҳужраларидан бирини ижарага олиб, унда шахмат тўгарагини очади. Сўнгра у карвонсарой ҳудудида дунёнинг турли бурчакларидан каучсёрферларни қабул қилади. Бинонинг ўзи Бухоронинг сайёҳлар учун машҳур бўлмаган жойида жойлашгани боис Жамшид карвонсаройга имкон қадар кўпроқ одамлар ташриф буюриши учун анча куч сарфлади.
“Мен бу жойни оммалаштиришга ва саёҳатчилар учун кашф қилишга, шу ерда тадбирлар ўтказишга қарор қилдим. Мен одамлар шунчаки бир-бирлари билан мулоқот қилишларини истардим”, – дея тушунтиради каучсёрфер.
Бугунги кунга келиб, карвонсарой олтмишта давлатдан тўрт юзга яқин меҳмонни қабул қилди.
“Одатда каучсёрфинг бўйича уйда оила даврасида қабул қилишади, аммо мен меҳмонларни шу ерда қабул қилишга қарор қилдим. Ҳеч ким бир-бирига малоллик туғдирмайди, саёҳатчилар ўзларини эркин ҳис қилади», – дея тушунтиради ташаббускор.
Саёҳатчилар Жамшидга қандайдир билимларни беради, ўз мамлакатлари ва саёҳатлари ҳақида гапириб беради, у эса бунга жавобан Бухоро ва Марказий Осиё ҳақида ажойиб фактлар билан ўртоқлашади. Бир марта у Африкани велосипедда кесиб ўтган ва кейин 200 000 км йўлни пиёда босиб ўтган саёҳатчини қабул қилди. У ўзининг ухлаш халтаси ва чодири билан Жамшидникида меҳмон бўлди.
Карвонсарой
«Олимжон» карвонсаройига аллақачон икки юз йил бўлган, авваллари бу ерда бой савдогарлар тунаган. Ҳар бир карвонсарой даромаднинг бир қисмини мадрасага берган. Илгари карвонсарой ёнида шу номдаги мадраса бўлган, аммо у ҳозирги кунгача сақланиб қолмаган.
1930 йилларда бу ерда очарчилик пайтида Волга бўйидан эвакуация қилинган одамлар яшаган. Улар ётоқхоналардаги каби шу карвонсарой ёки мадрасаларга жойлаштирилган.
“Баъзида бу ерга кекса саёҳатчилар кириб туради ва бир пайтлар шу ерда оиласи билан яшаганликларини айтишади”, – дейди Жамшид.
Карвонсарой ҳамон ўз ҳужраларида саёҳатчиларни қабул қилади. Бир куни бу ерда Бокудан Бухорога пиёда етиб келган бир каучсёрфер бир ойдан ортиқ вақт яшади.
“Умуман олганда, саёҳатчилар бундай тажриба учун сиздан миннатдор бўлиб қолишади”, дейди Жамшид.
Ҳужжатларга кўра, “Олимжон” карвонсаройининг ҳужралари китоб дўкони ва шахмат клуби сифатида ижарага олинган. Қадимий бинолар Маданий мерос агентлигининг балансида туради. 2019 йилдан кейин коронавирус ва сайёҳлар камлиги сабабли Жамшид ижара ҳақини тўлай олмади.
Худди шу карвонсаройда Шавкат Болтаевнинг фотогалереяси ҳам жойлашган бўлиб, у ўз вақтида Жамшидни маконни маданий йўналишда ривожлантиришга мотивациялаганди.
Фотосурат: Дарья Пензова/anhor.uz
Жамшид карвонсарой ҳужраларини сақлаган вақт давомида бир нечта хонани таъмирлашга муваффақ бўлди. Айни пайтда ижара шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан карвонсаройни электрон аукцион орқали ижарага бериш режалаштирилган.
Пандемия бошланганидан кейин шаҳарда сайёҳлар деярли йўқ эди, Бухоро эндигина ўзининг аввалги сайёҳлик салоҳиятини қайтармоқда. Шу билан бирга, карвонсаройга фақат хорижликлар қизиқиш билдираётгани йўқ. Шаҳар аҳолисининг ўзи карвонсаройга тез-тез шахмат ўйнаш, кичик китоб дўконида китоб ўқиш ёки узоқ мамлакатлардан келган саёҳатчилар билан суҳбатлашиш учун келяпти.
Давлат кўмаги
Жамшиднинг фикрича, давлат бундай фаолларни қўллаб-қувватлаб, карвонсаройлардан савдо нуқтаси сифатида эмас, балки жамоат жойи сифатида фаолият юритишини таъминлаши мумкин. Кўпинча айнан савдогарларда бундай биноларни ижарага олиш имконияти бўлади, шунингдек камдан-кам ҳолларда бундай жойларда меҳмонхоналар ёки ресторанлар очилади.
“Бизда туристик йўналишга киритилмаган ва ташлаб кетилган кўплаб меъморий ёдгорликлар бор. Уларга пул ажратилади, қайта тикланади, кейин улардан мантиқсиз фойдаланишлари мумкин ёки улар бутунлай бўш ётади”, – дея тушунтиради Жамшид.
Унинг таклифига кўра, бўш турган мадрасаларни болалар чет тилларини ёки АТ соҳасини ўрганиши мумкин бўлган ўқув марказларига айлантириш ва бундай марказларга давлат ёки жамғармалар ҳомийлик қилиши орқали болаларни янги нарсаларга бепул ўргатиш мумкин.
“Агар бино шамоллатилмаса, тозаланмаса ва ҳатто унга оддийгина кирилмаса ҳам, у нурай бошлайди. Давлат бундай нотижорат масканларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлиши керак”, – дейди Жамшид. У ўз карвонсаройини санъаткорлар, мусиқачилар, саёҳатчилар келадиган санъат майдонига айлантиришни режалаштирган. Мисол учун, чет элликлар билан гаплашишни ўрганмоқчи бўлган ёшлар бу ерга тилни машқ қилиш ва каучсёрфинг ҳужраларида қоладиган хорижликлар билан мулоқот қилиш учун келишлари мумкин.
“Бу борада мени ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Маданият ва туризм вазирлигига, ҳокимликка ҳам мурожаат қилдим, бу уларга керак эмас. Улар сармоя киритишни ёки бирор нарсани ривожлантиришни хоҳлашмайди, – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда давлат ёрдами зарур. Карвонсаройда кичик чойхона ва коворкинг маркази мавжуд. Жашмид бу ерга электр ва интернет олиб келди. Бундан ташқари, у мусиқачилар, қўғирчоқ ва бошқа кичикроқ театрлар ўзларининг спектакллари билан бепул чиқишларини хоҳлайди. У ушбу карвонсаройда ҳар қандай ижодкор ва санъатга қизиқувчи ўзбекистонликлар ва хорижликлар учун майдон яратишни режалаштирган.
“Бу ерга рассомлар, саёҳатчилар, ижодкорлар келишади. Бу ҳар бир киши ўзини топа оладиган соф ижтимоий ва маданий жой. Карвонсаройларда шундай ишларни қилиш керак, – дейди Жамшид.
Энди бухоролик ишқибозлар бошпана излашяпти, лекин ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқаверишмайди. Мисол учун, рассомлар расм чизиш учун Санъат музейи ёнидаги майдонга чиқишмоқда. Музейнинг ўзи шаҳар марказида жойлашган бўлса-да, кўпроқ экспонатлар омбори сифатида ишлатилади. Рассомлар эса кўчада ўтириб хотиржамлик билан расм чизиш мумкин бўладиган шаҳарнинг ўз Арбати пайдо бўлишига умид қилишади. Балки давлат ва маданият жамғармалари кўмагида айнан “Олимжон” карвонсаройида маҳаллий ижодкорлар ўзларини топишлари мумкин бўлар.
Ёзда карвонсаройда аъзолари нафақахўрлардан ташкил топган фольклор мусиқий гуруҳи машғулотлар олиб боради, чунки уларнинг доимий репетициялар ўтказиш жойи йўқ. Улар ҳафтада бир неча марта бепул концерт беришади, репертуарда Бухоро фольклори бор. Мусиқачилар бу билан Бухоро халқ ижодини асраб-авайлашга ўз ҳиссаларини қўшишларига умид қилишмоқда.
Мусиқа гуруҳи. Фотосурат: Жамшид Кенжаев
24-28 май кунлари Жамшид кенг кўламли Couch Crash “Caravan-Saray” тадбирини ўтказишни режалаштирган. Унинг мақсади сайёҳликнинг каучсёрфинг, автостоп каби турлари ҳақида аҳолини хабардор қилишдан иборат. Жамшиднинг прогнозларига кўра, Couch Crush тадбирига юздан ортиқ одам ташриф буюради.
“Бухорода биноларни реставрация қилишга сармоя киритишади, лекин улардан нима мақсадда фойдаланишни билишмайди. Саёҳатчилар Бухорога нафақат мазали таомларни тановул қилиш учун келади. Мулоқот, тадбирлар учун қизиқарли майдонларни ташкил қилиш, янги локацияларни яратиш керак. Шундагина сайёҳлар бу ерга яна қайтиб келишади”, – дейди Жамшид.
Дарья Пензова
Шарҳлар