Аёлларга иш топиш нега мураккаб? Хотин-қизларнинг бандлиги борасидаги гендер стереотиплар ҳақида

Источник: https://www.businessmanager.in/

Гўзал Бўриеванинг бир эмас, иккита дипломи бор, аммо иш йўқ. 2010 йилда у Самарқанд давлат университетининг физика факультетини тугатди. Кўп вақт ўтмай, у банкда ишлаш истагида олий таълим муассасасини тугатиб, Самарқанд банк коллежининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди.

-Самарқандда иш тополмаганим учун Россия давлатига ишлашга кетгандим, яқинда қайтиб келдим, – дея гапириб беради Гўзал. – Ўтган йили шаҳар бандлик бўлимига иш топиш масаласи бўйича мурожаат этгандим. Ўша пайти турмушга чиққаним учун рўзғор ташвишлари билан ўралашиб, ҳеч қаерда ишламасдим, шунинг учун ҳам иш стажим йўқ эди. Анкета тўлдираётганда банк соҳасида ишлаш истагим борлигини билдирдим. Вакансия йўқ экан. Худди шу масала билан халқ қабулхонасига мурожаат қилишимга тўғри келди.  Аризамни қабул қилишгач, бироз муддатдан сўнг мени шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига чақиртиришди ҳамда гилам ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «SAG» корхонасига менежерликка йўналтиришди. Хурсанд бўлиб, корхонага бордим, суҳбатдан ўтишим керак экан. Суҳбат аввалидаёқ иш тажрибам ва неча нафар фарзандим борлиги билан қизиқишди. Ўша пайти ёш болам бор эди ва менга рад жавоби берилди.

Бундай ҳолат фақатгина Гўзал билан содир бўлгани йўқ. Аёлларнинг бандлиги муаммоси мамлакатимизда кеча ё бугун пайдо бўлмаган, у бир неча йиллардан бери  аҳолини қийнаб келмоқда. Ушбу мақолада иш излаётган аёллар қандай муаммолар билан тўқнаш келаётганига тўхталмоқчимиз.

Вакансиянинг ўзи борми?

Самарқанд вилоятида расман ишли эркаклар сони аёлларга нисбатан икки баробар кўп.

Гарчи аёллар билан эркаклар сони тенг бўлса-да, иш билан таъминланиш масаласида шундай тенгсизлик мавжуд. Қуйида келтирилган диаграммада ишга жойлашган аёллар ҳақида батафсил маълумот берилган. Унда аёллар сони 10 фоизга камроқ. Бундай кўрсаткич муаммо мавжудлигини кўрсатади.

Ишлайдиган аёлларнинг катта қисми асосан уч тизим – таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилади. Вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшода Бобоеванинг сўзларига кўра, ушбу уч йўналишдаги соҳаларга 1200 та бўш иш ўринлари тўғри келмоқда. Аммо бу масалада ҳам ҳаммаси биз ўйлаганчалик осон эмас. Иш берувчининг талабларига кўра, тарбиячи ҳамда ҳамширалар ишга киришишдан аввал малака ошириш курсларини ўташлари керак. Бу эса маблағ ва вақт талаб этадиган жараёндир.

Аёлларнинг иш ҳақи камроқми?

Юқорида таъкидланганидай, иш билан таъминланган хотин-қизлар асосан уч соҳа – таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида меҳнат қиладилар. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур соҳалар юртимизда энг кам маошли фаолият саналади. Бу эса хотин-қизларнинг асосан паст даромадли меҳнат фаолияти билан машғуллигини кўрсатади. Турли соҳа вакилларининг бир ойлик ўртача даромадлари билан боғлиқ ушбу фактларни қуйида келтирилаётган диаграммада кўришингиз мумкин.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида расман ишлаётган хотин-қизлар сони 198 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми, яъни 84 минг нафари таълим тизимида, хусусан, умумтаълим мактабларида ўқитувчи ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи сифатида фаолият кўрсатади. Иш ҳақи паст ҳисобланган кейинги, соғлиқни сақлаш соҳасида ўртача даромад ойига 2,3 миллион сўмни ташкил этади. Бу соҳага эса вилоятда 41 минг нафар хотин-қизлар қамраб олинган.

Таниқли иқтисодчи Миркомил Холбоев ўзининг  телеграм каналида ёзишича, ўқитувчи ҳамда шифокорлар кейинги йилларда ҳамон камбағаллик даражасида яшашади. “Уларнинг жамиятдаги бундай даражаси иқтисодиёт ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Қарор қабул қилувчи шахсларни таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг жамиятдаги ўрни ҳамда бошқа соҳа вакилларига нисбатан  иш ҳақининг камлиги безовта қилганда эди, улар бу масалага жиддий эътибор қаратган бўларди”, дейди иқтисодчи.

Нега аёлларга иш беришда муаммолар бор?

Ушбу савол билан вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмоновага мурожаат этдик.

«Аёлларнинг ишга жойлашишига халақит қилувчи бир нечта факторлар мавжуд. Улардан бири менталитет билан билан боғлиқ бўлиб, шарқона тушунчаларимизга кўра ҳамон эркаклар «оила боқувчиси» сифатида гавдаланса, аёллар «оила ўчоғини асровчи» сифатида намоён бўлади. Шунингдек, аёлларнинг ишга қабул қилинишида иш берувчи унинг тез орада туғруқ таътилига кетиши ҳамда ишни билувчи ходим излашига, тарбиялашига тўғри келишидан қўрққанидан бўлиши ҳам мумкин.

Эркакларнинг иш топишида яна бир устун жиҳат – уларнинг иш тартиби эркинилигида бўлса керак. Яъни уларни иш берувчи истаган пайтгача корхонада ушлаб туриши, аёллардан фарқли ўлароқ фарзандларини боғчадан олиши, уй юмушларини бажариши кераклиги билан боғлиқ важлар келтирмаслиги ҳам бор. Аммо мавжуд қийинчиликларга қарамай, аёлларга ҳам эркакларга ҳам бирдай тегишли бўлган бир жиҳат бор – у ҳам бўлса профессионаллик. Ишни биладиган ходимни ҳеч ким ҳечон рад этмайди», – дейди Зебинисо Раҳмонова.

Муаммога ечим борми?

Сенат раиси Танзила Норбоева ўз чиқишларида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда гендер тенглиги мавзусини бир неча марта таъкидлаб ўтган.

“Гендер масалалари билан барча давлат структуралари шуғулланиши керак. Гендер тенглиги масаласи  – бу эркак ва аёлларга тенг имкониятлар, меҳнатига яраша бир хил ҳақ, муносиб меҳнат шароитлари деганидир. Агар ҳар бир раҳбар гендер  масаласини тушунса, ҳис қилса, бу бўйича муаммоларнинг ечими осонлашади. Зўравонлик, гендер тенглиги, меҳнатга муносиб шароитлар ҳақида барча бирдай ўйлаши лозим. Аёл кишининг ўз ишининг устасига айланишини қўллаб-қувватлаш керак.

Ижтимоий тармоқдаги саҳифаси, хусусан Facebook тармоғидаги саҳифасида Т.Норбоева шундай фикр билдирган:

“Муносиб иш ўрни топиш нафақат сифат, балки сон жиҳатидан ҳам хотин-қизларга мураккабликлар туғдирмоқда. Аёлларга иш топиш мураккаблигича қолаётир. Иш берувчи аёлларни истамай ишга қабул қилади, сабаби, уларнинг туғруқ таътили учун тўловларни амалга ошириши лозим”.

Дарвоқе, яқин кунларда қаҳрамонимиз Гўзал яна шаҳар бандлик бўлимига мурожаат қиишга мажбур бўлди. Эҳтимол, бу сафар аёлнинг омади чопиб, иш топилиб қолар, акс ҳолда у яна ишлаш учун хорижга кетишга мажбур бўлади.

Замира БАЛТАЕВА

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.