Aнҳор соҳили кимга хизмат қилади: одамларгами, ноқонуний бизнесгами

Фото: Anhor.uz

Пойтахтда сўлим масканлар, соя салқин, сув бўйида жойлашган дам олиш жойлари кам эмас. Бундай масканлар албатта ёқимли, бироқ эртани ўйласак, шундай жойлардан табиатимизга зиён келтирмайдиган ҳолда фойдаланаяпмизми? Анҳор.уз ўз ўрганишларини давом эттирмоқда.

Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласидаги ҳудудини кесиб ўтган Анҳор ёқасида, Минор масжидининг қаршисидаги яшилликка бурканган ҳудуд хозир тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилган ва бу ерларда, ошдан тортиб, кабобгача тайёрланиб мижозларга сотилмоқда. Бироқ, сотилиши ку майли, лекин улардан чиққан тутун ҳавони булғамоқда, ваҳоланки, замонавий технологиялар ишлатилганда тутунлар чиқмасди. Лекин фойдани қувиб, тадбиркорлар бир томондан яхшилик қилиб, иккинчи томондан табиатга, пойтахтнинг хавосига зарар келтирмоқда.

Анхор канали бўйига ёпиштириб қурилгани эса мавжуд қонунчиликка зид ва одамлардан сайр қилиши мумкин бўлган жойларни ноқонуний тортиб олган ва юқорида айтилгандек, хавосини бузган.

Одамлар бўш вақтларини кўнгилли ўтказмоқчи бўлиши табиий. Бироқ, бу жойлар ҳозирда шунчаки саёхат қилиб, айланиб юриш жойлари эмас. Балки, умумий овқатланиш шаҳобчаларию, пуллик масканларга айланиб улгурган. Бу ерлардан шу йўсинда фойдаланиш қанчалик қонуний ва табиатни муҳофаза қилувчи идораларнинг, мутахассисларнинг фикри қандай эканлигини билиш ниятида Анҳор.уз Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборди. Сўровга жавобан, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» бош мухандиси берган маълумотига кўра кўрсатилган овқатланиш шаҳобчалари Анхор каналига чиқиндиларни ташламаслиги ва ҳаммасини канализацияга тўкилишини айтмоқда.

Аммо, бу ерда аудиториянинг эътиборини иккита нуфузли идоранинг Anhor.uz таҳририяти сўровномасига берган жавобларига жалб этмоқчиман.

Биринчидан, Санитария эпидемиалогия марказидан келган жавобда эса, кафе ва ресторанлар қурилиши улар билан келишилмаганлиги тўғрисида хабар берилган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Тошкент шахар хокимининг 2018 йил 13 июлдаги 1043 қарорига асосан Анхор каналини хиргох буйи кенглиги яъни санитар зонаси 10 метрни ташкил килади. Шайхонтохур тумани, Бўзсув канали ёнида, “ANHOR CRUISE” МЧЖ томонидан канал буйлаб дам олувчилар учун тез овқатланиш (фаст-фуд) ва кафе шахобчаси қуриш ва ташкил этиш буйича Тошкент шахар экология ва атроф-мухитни мухофаза килиш бошқармаси 2022 йил 31 августда №01-01704-1659 сонли давлат экологик экспертизасининг салбий хулосаси берилган.

“Пиёдаларнинг юриши қийин. Дам олишга келувчиларнинг барчаси ҳоҳлайди. Дам олиб айланиб юришни. Кимнидир маблағи етмайди, кимникидир етади бу ерларда ўтириб дам олишга. Лекин, ўтган иссиқ кунларда, ҳамма сув бўйига келиб дам олгиси келади. Кимдир тоққа бора олади, мисол учун бизни имконимиз йўқ. Боришга. Қани шу ерларга келиб, дам олиб кетсак, набиралар билан. Илож йўқ. Бу ерни пиёдалар ўтиш йўллари ҳам ёмон бўлиб кетган. Айниқса, анҳор бўйидаги кафелардан чиқаётган ҳид ва тутунлар одам кўнглини ҳира қиладида. Бундай жойлар ўзи чиройли оромгоҳ бўлсаю, келиб дам олсанг. Илтимос қиламиз, мутасаддилар бу ерларга ҳам эътибор қаратишса. Чиройлик жойларимиз кўп, лекин одам боришга ҳам ўйланиб қолади”, – дейди исми сир қолишини истаган аёл ўз суҳбатида.

Дарёлар, сойлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, сув хўжалиги объектлари ҳамда бошқа барча сув манбаларини саноат, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа объектларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида 2019 йилда 981 сонли Вазирлар маҳкамасининг қарори қабул қилинган.

Қарорнинг 5-бобига эътибор қаратадиган бўлсак унда, Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақаларини белгилаш назарда тутилган.

Унга кўра: Сувни муҳофаза қилиш зонаси яъни сув ҳавзаларининг каналлари ёки сув зоналарига туташ табиий ҳудуд. Бу таъриф Ўзбекистонда сувни муҳофаза қилиш зоналари ва сув обектларини санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги низомда берилган. Сувни муҳофаза қилиш зоналарида тегишли санитария ҳолатини сақлаш мақсадида фойдаланиш ва хўжалик фаолиятини юритишнинг алоҳида режими ўрнатилган.

Сув объектларига яқин жойлашган қирғоқни ҳимоя қилиш зоналарида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча чекловлар мавжуд.

Шунингдек, Сувни муҳофаза қилиш зонаси чегараларида нима қилиш мумкин емаслиги ҳам келтириб ўтилган.

Сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар ва қуримайдиган сойларнинг сув муҳофазаси зоналарида, шунингдек сувлари маиший ва ичимлик суви еҳтиёжлари учун фойдаланиладиган каналларда қуйидагилар тақиқланади:

ҳар қандай турдаги доимий ва вақтинчалик бино ва иншоотларни, шу жумладан сигирхоналар, омборлар, ҳожатхоналар ва бошқаларни қуриш (сув иншоотлари қурилиши бундан мустасно);

ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган жойлардан ташқарида чодир лагерларини, қайиқ боғларини ташкил қилиш мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Санитария эпидемиалогия маркази, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси салбий жавобларини писанд қилмай, Ўзбекистон ҳукумати бўлмиш Вазирлар маҳкамасининг 2019 йилдаги 981 сонли қарорини четга суриб қўйиб, бу ердаги тадбиркор хотиржамгина ўз фаолиятларини олиб боришмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматини, нуфузли, инсон соғлиги тўғрисида ғамҳўрлик кўрсатадиган нуфузли давлат идораларини писанд қилмай, экология талабларини бемалол қўпол равишда бузиб, демак қонунбузарчилик қилиб, даромад олаётган тадбирклорлар кимнинг каноти остида бемалол ишламоқдалиги Тошкент, қолаверса бутун Ўзбекистон фуқаролари, ссайловчилвар учун ниҳоятда қизиқарли бўлса керак. Наҳотки, шунча йиллар давомида олган даромади тутунларни йўқотишга, қонун доирасидаги сувдан 30-50 метр нарида қурилиш қилиб, қонуний ишлашга етмадимикан?  

Негадир, кўп нарсага кучи етган, шаҳарни ободонлаштиришга катта ҳаракат қилаётган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам бу беписандликни тўхтатмаётгани жуда қизиқарли туюлади. Наҳотки шаҳримизда Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам кучлироқ кучлар мавжудмикан деган савол ўз-ўзидан кўндаланг туради.

Anhor.uz таҳририяти шаҳарликларни қизиқтираётган саволларга Тошкент шаҳар ҳокимияти ва унинг бошқармаларидан қонунда белгиланган муддатларда жавоб кутиб қолади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.