Анхор оқшоми: 10 январ янгиликлари
Ўзбекистон Президенти тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Эндиликда тиланчилик билан шуғулланганлар энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазосига тортилади. Тиланчиликка бошқа шахсларни жалб қилиш энг кам иш ҳақининг беш бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазосига тортилади.
Бундан буён фуқароларни пропискасиз ишга қабул қилиш мумкин бўлади. Ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин, дейилган Меҳнат кодексининг 80-моддаси янгиланди.
Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга катта аҳамият берилади. Хусусан, аҳоли ўртасида ўз ҳуқуқий онгларини оширишга оид тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. 2020 йил 1 январда эса Миллий ҳуқуқий интернет-портал ташкил этилади. Мазкур интернет-портал қонунчилик маълумотларининг Миллий базасини қўшимча ҳуқуқий ахборотга кирадиган тизим билан боғлайди.
Ўзбекистонда 2019-2021 йилларга мўлжалланган таркибий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш тузилди. Унга бош вазир Абдулла Орипов бошчилик қилмоқда. Янги тузилма қошида ислоҳотларнинг “йўл харита”си бўйича муайян тадбирларни ишлаб чиқиш учун халқаро эксперт гуруҳи тузилади.
Шарҳлар