Анхор оқшоми: 14 декабр янгиликлари
Куни кеча Сенат тиланчилик учун жазо чорасини кескинлаштирувчи қонунни маъқуллади. Тошкент шаҳрида бир йил ичида жамоатчилик жойларида 5000 дан зиёд шахс тиланчилик қилиб пул сўраганлиги аниқланган. Бундан буён тиланчилик қилган шахс 1дан 3 минимал иш ҳақигача миқдорда жаримага ёки 15 суткагача маъмурий жазога тортилади. Шу жумладан, сенаторлар вояга етмаганларга энергетик ичимликларни сотишни маън этиш тўғрисидаги қонунни ҳам маъқулладилар. Қонуний ҳужжат энергетик ичимликлар рекламасига чеклашлар киритади.
Давлат хизматчилари ҳукумат мобиль алоқасидан фойдаланадиган бўлди. Келаси йилнинг 1 апрелидан ҳукумат алоқа тизими мажбурий бўлади. “Ҳукумат алоқаси махфийлик, ҳаракатчанлик, хавфсизлик ва телекоммуникация хизматларига ҳатто хорижда бўлган пайтда ҳам бюджет маблағларини тежашни таъминлайди”, дейилади маълумотда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижрочи ҳокимият фаолиятини танқид остига олди. Қаршида вилоят ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев “биз кўп нарсада кечикдик” ва “ҳозир мудрашдан уйғонмас эканмиз, ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришолмаймиз” деб қайд этди.
Ноябрга қадар маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистон мобиль интернет тезлиги бўйича 108-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Октябрда мамлакатимиз 110-ўринда эди. Speedtest Global Index симли интернет тезлиги бўйича мамлакатимизни 111-ўринга жойлаштирди.
Тошкент циркини хусусий компания бошқарувига беришмоқчи. Маданият Вазирлиги 2019 йилнинг 1 июнидан давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида сармоядорлар учун халқаро танлов (тендер) ўтказмоқчи.
Шарҳлар