Анхор оқшоми: 14 январ янгиликлари
Наманганда фермернинг ўғли ўз жонига қасд қилди. Бунга қадар “Озодлик” радиоси Косонсой туманидаги фермер хўжалиги раҳбарининг ўғли ўз отасининг ўрнига ҳокимиятдаги йиғилишда иштирок этганини маълум қилган эди. Унда фермер ва ўғли шаънига “кескин гаплар” янграганлиги хабар қилинган. Бош прокуратура ёш йигитга ҳеч ким қўрс муомала қилмагани, нима сабабдан ўзини ўлдирганидан ота-онаси ҳам бехабар эканини маълум қилди.
Йил охиригача блокчейн тизимида чипталар сотувининг ягона тизими ишлай бошлайди. Маданият ва санъат соҳаси, шунингдек чипталар эмиссияси билан боғлиқ соҳалардаги ишбилармонлар бу тизимга боғланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Мазкур тизим Маданият Вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш Фонди маблағлари ҳисобидан ишга туширилади.
Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлигининг бир неча ваколатлари бошқа идораларга топширилди. Хусусан, давлат харидлари борасидаги ваколатлар молия Вазирлигига, баҳолаш фаолиятини давлат тарафидан тартибга солишни таъминлаш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш борасидаги ваколатлар эса Давлат рақобат қўмитасига берилди ва ҳоказо.
“Адабиёт газетаси” журналисти Асрор Мўмин календарь ойларининг номларини ўзгартиришни таклиф этди. “Токайгача ойларнинг римча номларини таомилда қўллаймиз, Рим императорлари ва уларнинг маъбудларини қачонгача ёдга оламиз? Рим йил ҳисобига хос бўлган ойларнинг номлари анъанавий ўзбек миллий қадриятларига бегона, шу боисдан уларнинг номларини кечиктирмасдан алмаштириш лозим”, деб қайд этди журналист.
Шарҳлар