Анхор оқшоми: 20 декабр янгиликлари

Анхор оқшоми: 20 декабр янгиликлари

Ўзбекистонликларни Президентга эътироз билдиришга даъват қилган собиқ имом мажбуран мамлакатни тарк этди. Фейсбукдаги ўз саҳифасида Фазлиддин Парпиев ундан прокуратурада сиёсий мавзуларда блогерлик фаолиятини тўхтатишни талаб қилиб ўтказилган суҳбатдан сўнг шу қарорга келганини маълум қилган. Бунга қадар Парпиев Тошкентдаги “Омина” масжидини бошқариб келган. Ижтимоий тармоқларда у Президент Мирзиёевга видеомурожаатини эълон қилиб, унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тарафидан диндорлар ҳуқуқларининг топталиши, хусусан, эркак мусулмонларнинг соқол қўйиши, мусулмон аёлларнинг хижоб кийиши ҳуқуқлари бузилишида айблаб чиққан.
 
Самарқандлик аёлни ечинишга мажбур қилган ички ишлар бўлими ходими 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аёлга эса “ўғрилик” ва “вояга етмаган шахсни жамиятга қарши хулққа жалб қилиш” моддалари бўйича айбловлар қўйилди.
 
Маданият Вазирлиги ҳузурида маданий мерос Департаменти ташкил қилинмоқда. Мазкур Департамент моддий маданий меросни қўриқлаш билан шуғулланиб, бу соҳада қонунчиликка риоя қилинишини ҳам назорат қилади. Моддий мерос объектлари давлат кадастрини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Департамент маданий мероснинг алоҳида муҳофаза қилинадиган объектлари ҳудудида қурилишни мувофиқлаштириш ишлари билан ҳам шуғулланади. Фаол фуқаролар ўз маҳаллалари кўламида маданий мерос объектларини қўриқлаш бўйича кўнгилли нозирларга айланиши мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилги инвестицион дастурни маъқуллади. Барча вазирликлар ва идораларга икки ҳафталик муддат давомида 2019 йил учун инвестициялар бўйича қурилишларнинг манзил рўйхатини тайёрлаш ҳамда Давлат қўмитаси ва молия Вазирлигига тақдим этиш топширилди. Лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш ишлари уч ҳафталик муддат ичида қурилиш Вазирлиги билан ҳамкорликда ниҳоясига етказилади.
 
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.