БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши курашиш бошқармаси ва Халқ таълими вазирлигининг пилот дастури Андижонда мактаб ўқувчилари орасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш имконини берди
БМТ Наркотиклар ва жиноятга қарши курашиш бошқармасининг (БМТ НЖҚКБ) Марказий Осиёдаги Минтақавий Ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Ҳаётга Қўшил!” дастурини амалга оширишнинг иккинчи циклини бошлади. Бу ёшлар орасида спорт ёрдамида ҳуқуқбузарликлар ва наркотиклар истеъмолининг олдини олиш бўйича глобал дастур.
2020-2021 йилларга мўлжалланган ушбу дастур доирасида 44 нафар жисмоний тарбия ўқитувчисини, маънавий-ахлоқий тарбия мутахассислари ва руҳшуносларни ўқитиш режалаштирилган. Тошкент ва Фарғона водийсида жойлашган 21 та ўрта маълим мактаби қамраб олинади.
Дастлабки уч кунлик тренинглар 5-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида, 9-11 ноябрь кунлари Наманган шаҳрида ўтказилди. Уларда 44 нафар ўрта таълим ўқитувчиси қатнашди, улар БМТ НЖҚКБ томонидан “Ҳаётга Қўшил!” тренерлари учун ишлаб чиқилган қўлланма методикаси бўйича ўқитилди.
«Мен ушбу дастурнинг амалга оширилиши айни вақтида бўляпти деб ҳисоблайман. Вазирлик иккинчи чоракдан бошлаб стандарт таълим шаклига қайтишни режалаштирмоқда. Ушбу дастур карантиндаги узоқ изоляциядан сўнг мактаб ўқувчиларини бирлаштиришга ёрдам беришига умид қиламиз. Мазкур дастур туфайли педагогларимиз спорт билан шуғулланувчи ёшларнинг ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши ҳимоя омилларини яхшилаш учун янги билимларга эга бўладилар», – дейди Халқ таълими вазирининг ўринбосари жаноб Дилшод Кенжаев.
БМТ НЖҚКБнинг Марказий Осиёдаги Жиноий одил суд бўйича Минтақавий дастурининг халқаро координатори жаноб Кун Маркверинг қуйидагиларни қайд этади: «“Ҳаётга қўшил!” дастури бўйича каскадли тренинглар БМТ НЖҚКБ ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги 8 йиллик унумли ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади. Ушбу дастур 13-18 ёшли ёшлар билан ишлаганда тренерларга, ўқитувчиларга ва бошқа манфаатдор шахсларга кундалик ҳаётдаги муаммоларни, айниқса карантиндан кейинги шароитларда юзага келаётган муаммоларни енгиб ўтишга ёрдам беради».
Тренинг йўриқномасидаги ўнта сессия спортга асосланган бўлиб, қуйидаги таъсир омилларини ривожлантириш орқали муайян муаммолар тўпламини ҳал этиш учун пухталик билан ишлаб чиқилган:
✅ Ўсмирларга хатар омилларини минимумга етказиш ва ҳимоя омилларини максималлаштиришга ёрдам бериш учун бошқалар билан ўзаро алоқа қилиш, ижобий муносабатларни қуриш ва салбий ҳис-туйғуларни енгиб ўтиш қобилиятини оширишга кўмаклашадиган ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш.
✅ Ёшларнинг жиноятчилик, зўравонлик ва наркотиклар истеъмоли ҳақидаги хабардорлигини ошириш.
✅ Ёшларнинг наркотиклар ва зўравонлик ҳақидаги фикрлари ва тасаввурлари ўзларига таъсир кўрсатадиган ёшларнинг муносабатлари ва хатти-ҳаракатларига ижобий таъсир кўрсатиш.
Дастур илк бор 2019 йилда Фарғона водийси шаҳарларида амалга оширилди.
Дилшод Кенжаевнинг сўзларига кўра, “пилотлаштириш ўз натижасини берди – дастурни Андижондаги 10 та мактабда ўтказиш даврида мактаб ўқувчилари орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади. Шу муносабат билан вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб 2020-2021 йилларда “Ҳаётга қўшил!” дастурининг каскадли тренингларини ўтказишни давом эттириш ҳақида қарор қабул қилинди”.
Ушбу иш 2015 йили БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 13-конгрессида қабул қилинган Доха декларациясига асосланади. Унда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларда ёшларнинг иштироки қайд этилади. Якуний глобал дастур доирасида ишлаб чиқилган восита шунингдек 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унда спортнинг ижтимоий прогрессдаги роли таъкидланади.
Шарҳлар