Экологлар жамоатчилик билан дарахтлар кесилиши муаммосини муҳокама қилишди
«Бугунги кунда мамлакат қонунчилигида дарахтларни кўчириб экиш бўйича аниқ қоидалар мавжуд эмас»: Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов дарахтлар кесилиши муаммосини чуқурлаштираётган асосий омилларни айтиб ўтди.
Фотосуратда: Нодиржон Юнусов (Тошкент ҳокимлиги)
Ушбу муҳокама кўп қаватли уйлар ёнидаги нуқтали қурилишларга бағишланган пойтахт ҳокимлигидаги матбуот анжумани доирасида бўлиб ўтди
Фаоллар қурувчи ташкилотларнинг қўлига тушадиган рухсат берувчи ҳужжатларда мамлакатда эълон қилинган мораторийга мувофиқ дарахтларнинг сақланишини таъминлаши керак бўлган тузилмалар вакилларининг имзолари туришини тушунтириб беришларини сўрашди.
Н.Юнусов мораторий дарахт кесишга ва бунга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишига тааллуқли эканини тушунтирди. У ижтимоий тармоқларда чоп этилган масъул тузилмаларнинг имзолари қўйилган рўйхат фотосуратини тилга олди ва ушбу ҳужжат ҳеч қандай кучга эга эмаслигини таъкидлади. У тегишли шаҳар тузилмаларидан олинган хулосалар асосида ҳоким томонидан қарор қабул қилинганидан кейин пайдо бўлади.
«Мораторий талабларига кўра қурилишни режалаштирганда ва объектларни лойиҳалаштирганда тадбиркорлар ҳудуддаги дарахтларни сақлаш билан боғлиқ масалаларни кўзда тутиши керак. Дарахтларни кўчириб экиш ҳолатларига йўл қўйилади. Афсуски, бугунги кунда республика қонунчилигида дарахтларни кўчириб экиш бўйича аниқ регламент мавжуд эмас. Ушбу таклиф устида ҳозир Давлат экология қўмитаси ишламоқда», – дейди Нодиржон Юнусов.
Бугунги кунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига мувофиқ ўзбошимчалик билан дарахт кесиш ва яшил дарахтларни шикастлаш учун жарима энг кам иш ҳақининг 5 баробарини ташкил этади. Бундан ташқари ўсимликлар оламига етказилган зарар учун даъво суммаси ҳам ҳисобланади – унинг миқдори дарахт турига, диаметрига боғлиқ. Нодиржон Юнусовнинг сўзларига кўра, Давлат экология қўмитаси даъво ундирувлари суммасини ошириш бўйича таклифларни тайёрламоқда.
Кейинги ҳафтада Давлат экология қўмитаси яна бир муҳим муаммони ҳал этиш устида ишлайди – ҳозир Тошкентда шаҳар ҳудудида ўсаётган дарахт ва буталар ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сўз икки миллионта дарахт ҳақида бормоқда, аммо экологларда аниқ локациялар йўқ. Келаси ҳафта дарахтлар инвентаризацияси бошланади. Бу борадаги ишларга мамлакатнинг барча ҳудудларидан 300 дан ортиқ инспекторни жалб этиш режалаштирилган.
Мавзу бўйича кўринг:
Тошкентда 74 та дарахт кесилишининг олди олинди
Шарҳлар