Эркинлик чегаралари

Эркинлик чегаралари

Сўз эркинлиги ва нафратга тўла риторика ўртасидаги ҳуқуқий чегаралар қаерда? Интернетдаги буллингга (бошқаларни таҳқирлаш, зўравонлик) қарши ҳуқуқий ҳимояни қандай кучайтириш мумкин? Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, Global Shapers Tashkent Hub ташаббусининг куратор-асосчиси Дилфуза Куролованинг мақоласида, деб ёзади Газета.uz.

Бир кишининг эркинлиги бошқа бировнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди деган фикр ҳаммага маълум. Шу билан бирга, Ўзбекистон Конституцияси сўз эркинлигини кафолатлашини ёдда тутишимиз зарур. Бироқ, бу ҳуқуқнинг чегаралари борми ва бир шахсга зарар етказадиган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар учун жавобгарлик қаердан бошланади?

Сўнгги пайтларда Интернет тармоғида интернет-буллинг ёки муайян масала бўйича ўз фикрини билдирганларни «таъқиб қилиш» ҳоллари тез-тез учраяпти ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти ҳам бундан истисно эмас.

Кўпинча, жамиятимизда умумий қабул қилинадиган фикрлардан фарқ қилувчи ғояларни тарғиб қилувчи инсонлар нафратли сўзларни ёзадиганларнинг таъқибига учрашади. Шахсни таъқиб қилиш унга маънавий ва жисмоний зарар етказади, бундай ҳаракат минглаб Интернет-аудиторияси бўлган фойдаланувчи томонидан амалга оширилганда эса унинг кўлами ошади.

Ушбу зўравонлик қурбонининг тарафдорлари ҳам онлайн ҳужумларга дуч келганда, вазият янада оғирлашади, бу қўрқув ва шахсий фикрини билдиришни истамасликка, келажакда эса — ижтимоий лоқайдликка олиб келиши мумкин.

Сўз эркинлиги ҳуқуқи борасида қандай халқаро стандартлар мавжуд? Мамлакатимиз қонунчилиги онлайн-таъқиб қилиш ҳолатидан қандай ҳимоя қилади? Бундай нафратли сўзлар муаллифларининг жавобгарлигини қандай ошириш мумкин?

Келинг, ушбу саволларга навбат билан жавоб топишга уриниб кўрамиз. Ҳуқуқий чегараларни белгилашдан олдин, нафратли сўзларни ёзиш кўпинча сўз эркинлигига ўтказилаётган босимнинг асл сабаби бўлган — ёлғон маълумот тарқалишидан тубдан фарқ қилишини аниқ тушуниш лозим.

Халқаро ҳуқуқ сўз эркинлиги ва нафрат тарғиботига қарши кураш тўғрисида

Халқаро ҳуқуқда нафрат сўзларининг аниқ таърифи келтирилмаган, аммо сўз эркинлиги ва нафрат, уни тарқатмаслик, унинг тарғиботи чегаралари қаерда эканлигини аниқлаштирувчи халқаро стандартлар ва ҳуқуқий асослар мавжуд. Шу билан бирга, «[сўз эркинлиги]га бўлган чекловлар истисно характерига эга бўлиб, қатъий шартлар ва қаттиқ назорат остида қўйилиши керак» (БМТнинг Фикр эркинлиги ва уни эркин ифода этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича махсус маърузачисининг 2019 йил 9 октябрдаги A/74/486 ҳисоботи 6 қисмига қаранг).

Ўзбекистон томонидан 1995 йилда ратификация қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг (ФСҲХП) 19-моддасида таъкидланганидек,

«1. Ҳар бир инсон ўз фикрларига эркин риоя қилиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга; ушбу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, ўзининг танлови асосида ёки ифода этишнинг бадиий шакллари орқали, оғзаки, ёзма ёки нашр усуллари билан ҳар қандай маълумот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги тушунчаларини қамраб олади».

Мазкур ҳуқуқ мамлакатимиз қонунчилигида ҳам кафолатланган ва ўз аксини топган. Aммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ҳақоратли изоҳлар нафақат билдирилган фикрга тегишли, балки шахсий ҳақоратга айланиб, зўравонлик, камситиш ва жазолаш таҳдидини тарғиб қилади. Бундан ташқари, нафратли риторикага эргашувчиларнинг баъзилари таъқиб қурбонларининг ва умуман жамиятнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши, жамоатчилик лоқайдлиги ва/ёки бидъатларни келтириб чиқариши мумкин.

Жиноятни содир этган шахс қилган иши учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилиши шубҳасиз. Бироқ, нафрат сўзларини ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари томонидан тарқатилиши учун нафрат риторикаси муаллифи ҳам жавобгар бўлиши керакми?

Мисол: гендер хусусиятга асосланган таъқиб ва ҳуқуқий ҳимоя

Баъзан биз ижтимоий тармоқларда гендер сиёсатидаги айрим ислоҳотларга салбий ва янглиш хулосага эга муносабатларни кузатишимиз мумкин. Бироқ, гендер тенглик ҳақида салбий фикр билдирилганда сўз эркинлиги ҳуқуқига апелляция қилиш, аслида, ушбу ҳуқуқ чегараларини тушунмаслик, интернет-буллингни яратиб ва ривожлантириб, жинсий ёки бошқа хусусиятлар асосида зўравонлик, зулм ва камситишни тўсиқларсиз тарғиб қилувчи hate speech тарқатувчиларининг масъулиятсизлиги кучайишига олиб келади.

Бундан ташқари, бундай ҳужумлар ирқий, миллий, диний ёки гендер низоларга олиб келиши мумкин, бу эса Ўзбекистон миллий хавфсизлигига бевосита таҳдиддир.

Халқаро стандартларни ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган ҳолда, мамлакатимиз Интернетда ҳам, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам зўравонлик ва нафрат тарғиботининг олдини олиш учун чоралар кўриши шарт. ФСҲХП нинг 20-моддасида айтилишича:
«1. Урушнинг ҳар қандай тарғиботи қонун билан тақиқланиши керак.
2. Камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай чиқиш қонун билан тақиқланиши керак».

Ушбу масала бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ФСҲХПнинг 20-моддасидаги қонуний чекловлар сўз эркинлигига зид эмаслигига аниқлик киритади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси:

«… 2-банд, тегишли давлатга нисбатан ички ёки ташқи хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай ташвиқот ёки чиқишга қарши қаратилган«лигини айтади.

ФСҲХПнинг 20-моддаси 1-бандига биноан Ўзбекистон Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланган, хусусан Жиноят кодексининг 150-моддаси урушни тарғиб қилиш, Жиноят кодексининг 156-моддасида миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатиш тақиқланади.

Бироқ, ФСҲХПнинг 20-моддаси 2-банди бизнинг қонунчилигимизда ҳали ҳам бирор бир тарзда, яъни гендерга асосланган таъқиблар нуқтаи назаридан ўз аксини топмаган. Aфсуски, бизнинг қонунчилигимиз кибермайдонда виртуал таъқиб қурбонларини ва уларни ҳимоя қилувчиларни ҳимоя қилмайди, натижада фуқаролар ҳам, ташкилотлар ҳам, мансабдор шахслар ҳам қалтис вазиятда қолади. Бундан ташқари, бу каби ҳужумлар Ўзбекистондаги аёлларнинг мавқеини заифлаштиради ва мамлакат гендер сиёсатига тўсқинлик қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат «шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш» деб таърифланади. Бироқ, кўп минглаб обуначилари бўлган блогернинг шамали хабарлари («Aхборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 8-қисми 3-моддасида блогер ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-сайт саҳифасида ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа характердаги оммавий маълумотни жойлаштирадиган, шу билан бирга уни муҳокама қилиши мумкин бўлган ахборот фойдаланувчиси сифатида белгиланади) тўғридан-тўғри ҳақорат қилмасдан, камситиш ва зўравонликни тарғиб қилишга қаратилган бўлса, қонунчилик онлайн таъқиб қурбонини ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилмайди.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси 9-қисмида «тазйиқ ва зўравонлик қурбони — ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс» деб таърифланган. Aммо на ушбу қонун, на кодекслар шахсларни Интернет фойдаланувчиси — пост муаллифи ва шарҳловчилари томонидан содир этиладиган зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилмайди.

Зўравонлик ва камситишни тарғиб қилиш учун жавобгарликни кучайтириш ФСҲХПнинг 19-моддасига зид эмас, чунки ушбу модданинг учинчи қисмида:
«Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш махсус бурч ва мажбуриятларни юклайди. Шунинг учун ҳуқуқлардан фойдаланиш:

а) бошқаларнинг ҳуқуқлари ва обрўсини ҳурмат қилиш;
б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, соғлиғини ёки ахлоқини ҳимоя қилиш учун қонун билан белгиланиши керак бўлган зарурий муайян чекловлар билан боғланиши лозим» дейилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ушбу бандга аниқлик киритиб, қуйидагиларни таъкидлади: «Сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш махсус вазифалар ва мажбуриятларни юклайди, шунинг учун ҳам мазкур ҳуқуқдан фойдаланиш доирасида ҳам алоҳида шахсларга, ҳам жамиятга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган айрим чекловларга йўл қўйилади. Бироқ, иштирокчи-давлат ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқини амалга оширишда маълум чекловларни қўйганда, ушбу чекловлар мазкур ҳуқуқнинг тамойилига зид бўлмаслиги керак».

Сўз эркинлигини чеклаш шартлари

Шуни таъкидлаш керакки, ФСҲХП бўйича сўз эркинлигини чеклашлар уч шартга жавоб бериши керак(1) қонунийлик, (2) халқчиллик ҳамда (3) зарурият ва мутаносиблик.

Бундан келиб чиқадики, ЕХҲТ/ДИИҲБ (Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси) «нафрат асосидаги жиноятлар (hate crime) — бу маълум шахслар гуруҳига нисбатан хурофот ёки хуруж асосида содир этилган, жазога тортилиши белгиланган жиноий ҳаракат эканлигини белгилайди. Жиноятга нафрат ҳолатидаги жиноят деб қаралиши учун у икки мезонга жавоб бериши керак:

— биринчидан, содир этилган ҳаракат жиноий ҳуқуқ низомларига мувофиқ жиноятдан дарак бериши керак;

— иккинчидан, ҳаракат бировга қарши нотўғри фикрдан келиб чиқиши керак. Ногиронлиги бор инсонлар ҳам нафрат ҳолатидаги жиноятлар қурбонига айланиши мумкин».

Бундан ташқари, «стереотиплар важи маълум бир гуруҳга қарши қаратилган салбий ҳукм, муросасизлик ёки нафрат деб таърифланиши мумкин. Ушбу гуруҳни умумий хусусият, масалан, ирқ ёки этник келиб чиқиши, тили, дини, миллати, жинсий ориентацияси, гендер ўзига хослиги ёки бошқа ҳар қандай асосий хусусиятлар бирлаштириши керак».

Сўз эркинлиги ва нафратли риторика ўртасидаги фарқ ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, ҳар қандай қарама-қаршиликларни нафратли риторика деб таснифлаш мумкин эмас. Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) «Хэндисайд Бирлашган Қиролликка қарши» ишида давлатни ёки жамиятнинг айрим қисмларини ҳайратга солиши мумкин бўлган тортишувли ва бефарқлик бўлмаган баёнотлар жиноий ва бошқа жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини таъкидлайди. Чунки «бу плюрализм — фикрлар хилма-хиллиги, бағрикенглик ва очиқ фикрлилик талаблари, уларсиз демократик жамият бўлмайди».

Ричард Хэндисайд Stage 1 нашриётиниг эгаси эди. У 1969 йилда Данияда нашр этилган ва кейинчалик таржималари бир қатор Европа мамлакатларида чоп этилган Сёрен Хансен ва Жеспер Йенсен томонидан ёзилган «Кичик қизил мактаб китоби»га британ ҳуқуқини қўлга киритди. Китоб бобларининг бирида Буюк Британия матбуотининг турли хил салбий мулоҳазаларини келтириб чиқарган ва ахлоқсиз нашрлар тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жиноий иш очилишига сабаб бўлган жинсий тарбияга оид бўлим мавжуд эди. Мазкур иш бўйича ИҲЕС қарори 1976 йил 7 декабрда чиқарилган ва сўз эркинлигини ифодалаш бўйича биринчи ва асосий даъвогарлардан бири бўлган. Батафсил …

Бироқ, ИҲЕС «Сюрек ва Туркияга қарши» ишида зўравонлик ва камситишларни қўллаб-қувватлаш ва зўравонликнинг мақталган риторикаси қонун билан ҳимоя қилиниши мумкин эмаслигини ва сўз эркинлиги ҳуқуқига зид эканлигини таъкидламоқда.

Камил Текин Сюрек ва Туркиянинг ҳафталик Haberde Yorumda Gerçek шарҳининг бош акциядори ва бош муҳаррири Юсел Оздемир тўрт курд ташкилотининг қўшма баёноти билан бирга Курдистон ишчилар партияси раҳбарининг ўринбосари билан бўлиб ўтган интервьюни нашр қилдилар. Ўша пайтда Курдистон ишчилар партияси ва тўртта ташкилот Туркия ҳукумати томонидан террористик гуруҳлар сифатида белгиланган эди. Интервьюда курд халқининг мавқеи бўйича AҚШнинг мунособати ва Курдистон ишчилар партиясининг Туркиядаги тез ўзгарувчан сиёсий муҳит ҳақидаги қарашлари борасида фикрлар билдирилган. Суҳбатни олиб борган журналист Туркиянинг курдлар яшовчи асосий ҳудудини Курдистон деб атайди. ИҲЕС ушбу иш юзасидан тергов ва суд ишларини юритишда Туркиянинг терроризмга қарши қонунларини бузиш бўйича Туркия ҳукумати томонидан содир этилган бир қатор қонунбузарликларни аниқлади, аммо 1999 йил 8 июлдаги қарорида ушбу интервью сўз эркинлигини бузиш, зўравонликни тарғиб қилиш ва террорни мақташ эканлигини тасдиқлади. Батафсил …

Интернетда содир бўлаётган воқеалар ва Ўзбекистонда нафратга асосланган таъқиблар ва камситиш, зўравонлик ташвиқотидан жабрланганларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий меъёрларнинг йўқлиги, шунингдек, ўзгача фикр билдиришни ушбу турдаги мажбурлаш ва ташвиқот қилиш воситаларининг бири сифатида ишлатилиши асосида бундай ҳаракат ва ҳаракатсизлик учун жавобгарликни кучайтириш имкониятларини кўриб чиқиш зарур.

Шунингдек, интернетдаги ушбу ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш зарур, чунки жазосиз қолиш қурбонлар ва уларнинг ҳимоячиларига нисбатан нафрат, камситиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари тарқалишининг кучайишига олиб келади.

Фикримча, миллий қонунчиликка нафратли риторика ва нафрат ҳолда содир этилган жиноятлар каби тушунчаларнинг киритилиши зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш, шунингдек халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон Республикасининг мамлакатда қонун устуворлиги ва адолат индексини яхшилаш борасидаги жиддий истакларини намойиш этиш имкониятини беради.

Шунга қарамай, юқорида келтирилган тушунчалар ва атамаларни ҳамда улар учун жавобгарликни Ўзбекистон қонунчилигига киритиш фақат илмий, эксперт ва профессионал доираларда кенг муҳокамалардан сўнг амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, журналистлар/блоггерлар, юридик мутахассислар ва амалиётчиларнинг профессионал ҳамжамияти нафратли риторика учун жавобгарлик турини ва ҳажмини аниқлаши, шунингдек, унинг жамоат кайфияти ва шахснинг шахсий хавфсизлигига таъсирини аниқлаши керак.

Жамият, профессионал ва академик доиралар бу каби муаммоларни қанча кўп муҳокама қилсалар, ўз ҳаракати/ҳаракатсизлиги учун жавобгарликни ошириш бўйича умумий ҳолат ва чоралар шунчалик аниқроқ бўлишига ишонаман.
.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.