«Фақат Украина ҳақида ёзяпсизлар». Қозоғистонликлар ва ўзбекистонликлар Украинадаги урушни интернетда қандай муҳокама қилмоқда
Украинада уруш бошланганидан буён 10 ой ўтди, бу вақт давомида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ахборот майдони Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ материалларга бой бўлди.
Биз ушбу даврда интернет фойдаланувчиларининг хатти-ҳаракатлари қандай ўзгарганини кўриб чиқишга қарор қилдик. Бунинг учун биз ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Қозоғистондаги етакчи онлайн медиа вакилларининг уруш ҳақидаги мақолалари остида ёзилган 25 000 дан ортиқ изоҳларни, шунингдек, Google’даги сўровлар ва Қозоғистон ОАВларидаги янгиликларни таҳлил қилдик (батафсил “Қандай ҳисоблаб чиқдик” бобига қаранг). Асл материал Cabar.asia сайтида чоп этилган.
Ўзбекистон
Ўқувчилар «махсус операция»бошиданоқ уруш ҳақидаги постларга фаол муносабатда бўлишди ва шарҳлар беришди, аммо вақт ўтиши билан қизиқиш пасая бошлади. Уни Россияда 2022 йил 21 сентябрда эълон қилинган сафарбарлик яна рағбатлантирди. Шундан сўнг фойдаланувчиларнинг фаоллиги ошди – барча шарҳларнинг ярмидан кўпи сентябрь ва октябрь ойларига тўғри келади.
“Махсус амалиёт”эмас, балки “уруш”
Россия тарғиботчи оммавий ахборот воситалари ҳар томондан Украинада содир бўлаётган воқеаларни “махсус амалиёт” деб бонг ураётганига қарамай, ўзбек шарҳловчилари ҳамма нарсани ўз оти билан аташни афзал кўришмоқда. Шундай қилиб, “уруш “ сўзи шарҳларда энг оммабоп бўлиб чиқди, “махсус амалиёт” ибораси эса 16 баравар кам учради. Шунингдек, шарҳловчилар Россия, Украина ва АҚШ президентларини фаол тилга олишади.
Уруш эркакларнинг ишими?
Биз уруш ҳақидаги янгиликларни шарҳлаётганларнинг барча профилларини таҳлил қилдик, натижада, фойдаланувчиларнинг деярли учдан икки қисми эркаклар эканлиги маълум бўлди.
Бу Ўзбекистонда эркаклар аёлларга қараганда янгиликларни кўпроқ ўқиб, шарҳлаши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, биз бир қонуниятни аниқладик: ўзбекистонлик эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ фикр билдиради, ўзбек бўлмаган – славян исмли фойдаланувчиларда эса бундай фарқ кузатилмайди.
Шуниси эътиборга лойиқки, сафарбарликдан олдин эркаклар ва аёлларнинг шарҳлари тахминан бир хил даражада эди. Бироқ, сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, ўзбекистонлик эркак шарҳловчилар сезиларли даражада жонланиб, ўз фикрларини аёлларга қараганда тез-тез билдира бошлаган.
“Эможи” ва троллар
Ўзбекистонлик шарҳловчилар ҳарбий амалиётлар ҳақидаги постларга турлича муносабатда бўлишлари билан бизни ҳайратда қолдирди.
“Эможи”лар орасида одатий “лайк” (барча реакцияларнинг 75% дан ортиғи), “юракчалар”, «ғамгин юз”, “ғазабланган юз”лар бор эди. Бироқ кутилмаган нарса шундан иборат бўлдики, барча реакцияларнинг чорак қисми “кулги” бўлиб, у ҳатто уруш қурбонлари ҳақидаги энг фожиали постларда ҳам ишлатилган.
Мобилизация бошланганидан бери “кулги” реакцияси кшпроқ учраган. Бу ғалати ҳолатни уруш йилларида Марказий Осиёдаги барча сайтларда кўпайган интернет-тролларнинг фаоллашиши билан изоҳлаш мумкин.
Gazeta.uz профилидаги барча таҳлил қилинган изоҳлар (3200 дан ортиқ) ичида биз ID-рақамлари такрорланишига қараб мулоқотнинг энг фаол иштирокчиларини аниқладик. Шундай қилиб, энг фаол фойдаланувчи ОАВ нашрлари остида Украинадаги уруш ҳақидаги барча шарҳларнинг 5% дан кўпроғи (!) муаллифи ҳисобланади. Унинг интернетда дўсти ёки профилининг расми йўқ, лекин Ўзбекистондаги учта ахборот ресурсига обуна бўлган.
Ижтимоий тармоқларда ҳам ғайратли бўлган бошқа фойдаланувчилар ўз аватарига шахсий сурат ўрнига байроқ қўйишади, “шахсий” саҳифаларида президентларнинг суратларини чоп этишади, дўстларининг сони эса кам. Бу уларнинг шарҳларда маълум бир “атмосферани” яратиш учун махсус ёлланган оддий троллар эканлигини билдириб қўяди.
Қозоғистон
Қозоғистон матбуоти уруш ҳақида қандай ёзганини кўриб чиқамиз.
Биз Қозоғистондаги энг машҳур оммавий ахборот воситаларида “Украина”, “можаро”, “уруш” мавзуларидаги янгиликларни таҳлил қилдик – маълум бўлишича, ҳамма ахборот агентликлари ҳам уруш ҳақида тез-тез ёзавермаган.
Буни нашрларнинг ахборот дастури билан ҳам, айрим оммавий ахборот воситаларининг ҳокимият билан алоқадорлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Масалан, бор-йўғи 10 та янгилик чоп этган inform.kz давлат ахборот агентлиги бўлиб, “Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси” АЖга тегишли.
Сафарбарлик
Қозоғистон чегаралари орқали ўтаётган руслар оқими ўз самарасини берди – қозоғистонликлар сафарбарлик нима эканлигига қизиқишмоқда. Ушбу атамага эътибор ҳатто бу сафарбарликни келтириб чиқарган урушга бўлган қизиқишдан ҳам ошиб кетган.
Шуниси эътиборга лойиқки, Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош ҳудудлари Россия Федерацияси билан чегарадош бўлмаган жанубий вилоятларга қараганда “Сафарбарлик” мавзусидаги янгиликларни топишга кўпроқ қизиқиш билдирган.
«Махсус амалиёт» эмас, уруш
Россия ташвиқотининг телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кучли таъсирига қарамай, қозоқ интернет фойдаланувчилари Украинадаги воқеаларни махсус амалиёт эмас, балки уруш деб аташмоқда. Агар сиз Google қидирув сўровларини ўргансангиз, Қозоғистоннинг барча ҳудудларида фойдаланувчилар кўпинча “уруш”сўзини ишлатишини кўришингиз мумкин. Бироқ, Россия ташвиқотини эътибордан четда қолдирмаслик керак – у ҳали ҳам чегара ҳудудларида кучли. Шундай қилиб, “махсус амалиёт” сўзи энг кўп қўлланиладиган бешта минтақадан тўрттаси Россия билан чегарадош вилоятлар: Қустанай, Шарқий Қозоғистон, Ақтўбе ва Павлодар.
Жамият қай тарзда бўлинди
Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларининг урушга нисбатан позициясини тушуниш учун урушнинг дастлабки уч ойи давомида мингдан ортиқ изоҳларни (ҳар икки республикада) таҳлил қилдик. Баъзи шарҳловчилар урушни қўллаб-қувватлаб, Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини оқлаган, бошқалари мавжуд вазиятга қарши, Украина ва умуман дунё томонида, бошқалари эса содир бўлаётган воқеаларга нисбатан бетараф.
Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги шарҳловчиларнинг учдан бир қисми россияпараст позицияни эгаллаган.
Қолган шарҳлар Украинани қўллаб-қувватлаган ёки нейтрал. Шу билан бирга, урушни қўллаб-қувватловчи шарҳлар энг кўп лайкни ва шунга мос равишда машҳурликни олган.
Нейтрал ёки Украинани қўллаб-қувватловчи шарҳлар камроқ лайк олган.
Биз қандай ҳисобладик
Биз фойдаланувчиларнинг урушга муносабатини кузатиш учун Ўзбекистоннинг иккита етакчи оммавий ахборот воситаси (kun.uz, gazeta.uz) ва Қозоғистоннинг учта машҳур оммавий ахборот воситасини (ztb_kz, holanews, tengrinews) танладик. Янгилик платформаларини танлаш мезонлари: мустақиллик (давлат билан боғлиқ эмас), Украинадаги уруш ҳақида объектив маълумот бериш, медиа маконида ёритиш даражаси. Биз ижтимоий тармоқлардаги Instagram, Facebook, Telegram, YouTube ва Twitter саҳифаларидан фойдаланувчилар томонидан жорий йилнинг февраль ойидан октябрь ойигача урушга доир пост ва хабарлар остида қолдирилган 25 500 та фикр-мулоҳазани тўпладик ва тўпланган шарҳларнинг сифат ва миқдорий таҳлилини ўтказдик. Таҳлил очиқ постлар остидаги шарҳларни қамраб олди (уруш ҳақидаги баъзи хабарлар муҳокама учун ёпиқ эди).
Қозоғистонликларнинг “сафарбарлик”, “уруш”, “махсус амалиёт” атамаларига қизиқиш даражаси Google қидирув хизмати алгоритмлари бўйича ҳисоблаб чиқилган: маълум бир сўзли сўровлар сонининг умумий сўровлар сонига нисбати. Ушбу минтақада маълум бир давр учун максимал қиймат 100 га тенг. Биз қуйидаги калит сўз ва иборалар бўйича сўровларни таҳлил қилдик: “сафарбарлик”, “уруш”, “махсус амалиёт”, “Украинадаги махсус амалиёт”, “Украинадаги уруш 2022”, “Махсус амалиёт янгиликлари”, “Украинадаги уруш бугун”, “Украинадаги махсус амалиёт”, “Бугун Украинадаги уруш”, “Россия янгиликлари”, “Украина янгиликлари”, “Украина уруши”, “Дунё янгиликлари”, “уруш Украина”, “сўнгги янгиликлар”.
Муаллифлар:
Дилфуза Мирзаҳмедова, дата-журналист, Тошкент
Динара Ғимади, таҳлилчи, Лондон
Ментор: Айзада Тома
Шарҳлар