Гулсара Ширматова: «Марказий Осиёда аёллар орасида диний экстремизм тарафдорлари кўпаймоқда»
Бугунги кунда янгиликлар орасида террористик ва экстремистик жиноятлар тўғрисидаги хабарлар, афсуски, оддий бир ҳол бўлиб қолди. Тадқиқотларга мувофиқ, аёлларнинг террористик фаолиятдаги ўрни ва роли, уларнинг терроризмга бўлган муносабатлари ўзгариб бормоқда. Улар нафақат террористларнинг қаллиғи сифатида, уларга эргашиб жангоҳларга борадилар, балки жанговар операцияларда фаол қатнашадилар, тез-тез «тирик бомба», алоқачи, контрабандист, ёлловчи ва ҳ.к. ролларда учрай бошладилар.
Турли манбалар террористик ташкилотлардаги аёллар улуши 15-20% ташкил қилишини кўрсатмоқда. Экстремистлар қаторларига нафақат муслима аёллар қўшилмоқда, балки католик ва бошқа диндаги европалик қизлар ҳам террор йўлига ўтишлари кузатилмоқда.
Гулсара Ширматова — фалсафа фанлари доктори (Олбани-Тошкент) UzJornal муҳбирига берган интервьюсида террор билан курашдаги гендер масаласи, нима сабабдан ёш қизлар ва аёллар шундай йўлга ўтмоқдалар деган саволларга жавоб берди ва аёллар орасидаги экстремистик йўналишидаги жиноятларни олдини олиш чораларини таклиф қилди.
— Диний мутаассиблик, экстремизм ва радикализм — бу атамаларни фарқи борми, ва, бўлса, нимадан иборат?
— Диний мутаассиблик — дарғазаб, ўзини англамайдиган ҳолатда, бебош, ақидаларга кўр-кўрона ишонувчилик, диний қоидага озгина шубҳа билдирувчи одамларга, бошқа динлар ёки ғоялар тарафдоларига нисбатан бешавқат ҳаракатларга тайёр бўлиш.
Бундай ҳолат ҳиссиётлари ақлидан устун турувчи одамларга хос. Мутаассиб (фанатик) диний фаолиятга ҳаддан ташқари эътибор бериб, сиғинади, маслакдошларни биргалаштиришга ҳаракат қилади. Умуман олганда мутаассиб, фанатиклар икки тоифага бўлинади: пассив кузатувчан, ва фаол экстремистик.
Экстремизм ва терроризм — бошқа диндаги ёки динсизларга қарши йўналтирилган фаол экстремистик мутаассибликни (фанатизм) кўриниши.
Терроризмнинг асосида мутаассиб инсонларга хос бўлган ўз ҳаётини дин йўлида қурбон қилиш муқаддас эканлигига ишонч ётади. Демак мутаассиблик — ўз жонига қасд қилиб, тирик бомба бўлувчи одамларнинг шундай ҳаракатларининг асноси.
Радикализм — одатда қандайдир ғоялар, концепциялар, йўналишларга бўлган ўта қаттиқ тарафдорлик, муҳлислик. Радикализм, одатда, мутаассибликнинг фаол экстремистик шаклига айланиб қолмаса, жамият учун хавф туғдирмаслиги мумкин.
Терроризм — лотин тилидаги «террор» сўзидан олинган бўлиб, қўрқув, даҳшат маъносини билдиради. Бу ўзга диндагилар, даҳрийларга қарши бўлган, уларни ўлимини кўзлайдиган ва қўрқув, даҳшат муҳитини келтириб чиқаришга йўналтирилган зўравонлик ҳаракатлари. Диний терроризм бир ҳилда сиёсийга айланиб, диний қонун-қоидаларга мос сиёсий тузим ўрнатишга интилади. Мутаассиблик, экстремизм ва радикализмларни фақат ислом динига ҳос деб бўлмайди. Мисол учун Ўрта асрлардаги Европадан илдиз олган салиб юришларини, еретикларни қирғин қилиниши ва ҳ.к. Хозирги кунда ҳам Россияда «Христианское государство — Святая Русь», «Духовно-родовая Держава Русь» ва шуларга ўхшаш экстремистик ташкилотлар ҳаракат қилмоқда.
— Аёллар орасидаги экстремизм қанчалик ривож топган?
— Менинг фикримча, Марказий Осиё мамлакатларида аёллар орасида диний экстремизм тарафдорлари кўпайиши тамойилини кузатиш мумкин. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонларда бу тамойилни илгари, ҳали 2005-2010 йилларда илғаб, бу тамойилни ўсишини тўхтатиш ниятида чоралар ишлаб чиқилди. Аёллар диний радикаллиги экстремизм ёҳуд мутаассибликка унча кўп айланмайди ва террор ғояларига унча ўч эмас. Шу сабабдан аёллар ўртасида профилактика (олдини олиш) ишларини олиб бориш нисбатан енгил.
Лекин улар кўпроқ болалар тарбияси билан боғлик бўлганлари сабабли, аёллар ўртасида иш олиб бориш катта аҳамиятга эга, чунки улар келажак авлодни вояга етказадилар, унинг дунёқарашларига жиддий таъсир кўрсатадилар. Афсус,бизнинг мамлакатимизда тизимли, турли томондан бир мақсадга йўналтирилган профилактика ишларида катта, жиддий тажриба кам. Экстремистик ғоялар тарафдорларига қарши жиноий жавобгарликка тортиш ва озодликдан маҳрум этиш каби радикал усулларга ишқибозлик кузатилди, бошқа сўз билан айтганда экстремистик ҳаракатларга, дунёқарашларга олиб келадиган сабабларга қарши эмас, балки натижалар билан кураш олиб борилди. Оҳирги йилларда бу ҳолат ижобий тарафга ўзгармоқда.
— Сизнинг фикрингизча, аёлларнинг радикаллашувининг сабаблари нимада?
— Энг асосий сабаблардан бири – ижтимоий-иқтисодий. Ижтимоий ҳимоянинг даражаси пастлиги, ишсизлик, эҳтиёжларни қондириш даражаси пастлиги, айрим ҳолатларда ҳуқуқсизлик ҳисси — экстремистик ғояларни қабул қилишга мойиллик туғдирувчи муҳитни шакллантиради. Одатда, хавф гуруҳига эридан ажраган, ёши ўтиб, ёлғиз қолган аёллар ва ёш, маълумоти паст қизлар киради. Ёлловчилар уларнинг эҳтиёжларини кўзлаган ҳолда бирларига бадавлат оилавий ҳаёт ваъда қилишади, бошқаларини ёлловчилар қаторига қўшиб, иш билан таъминлайдилар. Эҳтиёжларни қондириш даражаси пастлиги — экстремистик ғояларга мойиллик яратишнинг асоси.
— Ўзбекистонда аёлларнинг ислом радикаллашуви хавфи борми?
— Аёллар орасида ислом радикаллашуви мавжуд бўлган, ҳаракатдаги жараён, ва эҳтимол, бу ривожланади. Лекин радикаллашувни фақат салбий воқелик деб бўлмайди. Исломнинг бағрикенглик каби умуминсоний қадриятлари билан ҳамоҳанг бўлган аҳлоқий қарашлари, инсонпарварлик ғоялари ҳам муросасиз, радикал бўлиши мумкин. Шу турдаги радикаллик, муросасизлик айрим аёллар онгидаги, экстремизм, мутаассибликка ва оҳир-оқибат терроризмга олиб келувчи салбий радикализмни сиқиб чиқариши даркор.
— Ёшлар, шу қаторда аёллар орасида диний экстремистик ташвиқотга бардош берадиган ғоявий иммунитет шакллантириш учун ҳукумат, маҳалла, Ёшлар иттифоқи нима қилишлари даркор деб ўйлайсиз?
— Давлат тизими ва ННТ аёллар орасида диний экстремизм ғояларини профилактика қилиш фаолияти шу ғояларга олиб келувчи сабабларни аниқлашдан бошланилиши керак. Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари Қуръони Каримда, ҳадисларда, ислом уламолари ва диншуносларининг асарларида акс эттирилган асл ислом динининг инсонпарвар моҳияти, бағрикенглик ғояларини билмаслик ҳам муҳим сабаблар қаторига киради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Аёллар қўмитаси Шарқшунослик институти, Шарқшунослик олийгоҳи тегишли кафедралар олимлари билан биргаликда қатор оммабоп брошюралар чоп этиб, аёллар ўртасида тарқатиши, улар билан турли маърифий тадбирлар ўтказувчи диний ходимларни таъминлашлари даркор.
Бундан ташқари, Аёллар Қўмиталари, аёллар муаммолари билан шуғулланувчи ННТ, Ёшлар иттифоқи ички ишлар органлари, маҳалла билан биргаликда ўқув муассасаларида, турар жойларда «Савол-жавоб» машғулотлари ўтказиб, исломнинг инсонпарвар моҳияти, таниқли ислом уламоларининг ҳаётлари ва ижодлари билан таништиришлари керак.
Шу қаторда экстремизм ва терроризм ғояларини тарғиб қилиш қандай жиноий жавобгарликка олиб келиши, шундай моддалар билан жазоланган одамларнинг тақдири тўғрисида аниқ мисолларга асосланган маълумотлар бериш ҳам мақсадга мувофиқ.
Ва, албатта, бу ишларни ОАВларининг турли ҳиллари имкониятларидан фойдаланиб, замонавий коммуникацион технологиялар асосида, катта эътибор бериб олиб бориш самарали бўлишини унутмаслик керак.
Элина Рустамова
Шарҳлар