Хитойдан келган талабаларнинг “карантини”, сувараклар ва қўпол муомала ҳақида (видео)

Хитойдан келган талабаларнинг “карантини”

Блогер Умид Ғафуров ўз телеграм-каналида Хитойдан учиб келган ва гўёки ҳамма шароитлар яратилган “махсус тайёрланган тиббий муассасага” карантинга жойлаштирилган қизнинг қариндошидан олинган хатни чоп этди. Қуйида хат матнини келтирамиз.
 
«Менинг кичик синглим 2020 йил 4 февраль куни Пекин-Тошкент мунтазам рейси билан учиб келди, уни кейин “Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш учун махсус рейс” деб аташди. Уларни учиб келганидан кейин автобусга ўтқазиб, Тошкентдан 30 км масофада Тошкент вилоятида жойлашган Бўстон санаторийсига олиб кетишди. Ота-оналарнинг кўпчилиги ваҳимада эди, улар аэропортда олдиларига бирор вакил чиқишини ва вазиятга ойдинлик киритишини кутишарди. Аммо ҳеч ким чиқмади.

Келганлардан жомадонлар, телефонлар, ноутбуклар ва бошқа шахсий буюмларни олиб қўйишган. “Дезинфекциялаб қайтариб берамиз” деган баҳона остида. Жомадонларни қайтаришган, аммл гаджетларни қайтаришмаган. Телефонлар, ноутбуклар ва ҳ.к.ни карантиндан кейин қайтаришар экан. Оналардан бирининг айтишича, бугун болалардан паспортларини олиб қўйишибди.

Биринчи кун кечқурун синглим ўзи алоқага чиқди. Уларнинг ҳаммасига навбатма-навбат яқинларига қўнғироқ қилишлари учун  битта телефон беришибди. Синглимнинг сўзларига кўра, уларни хоналарга 4 кишидан жойлаштиришган. Уларнинг хонаси ифлос, чанг ва совуқ экан. Чойшаблар ифлос, бурчакларда сувараклар югуриб юришибди. Бўстон санаторийси одамларни карантинга қабул қилишга тайёр бўлмагандай таассурот қолдирган. Синглимнинг ёнидаги қиз ҳеч бўлмаса полларни артиб беринглар деса, улар “ўзларинг тозаланглар” деган жавобни айтишган.

Ҳар бир кишига кунига биттадан бир марталик ниқоб беришади. Қоидага кўра, бировга юқтирмаслик ёки ўзинг юқтирмаслигинг учун бир марталик ниқоб ҳар соатда алмаштирилиши керак. Уларга на битта ниқоб беришни сўрашса, рад жавобини олишаётган экан. Карантиндаги одамлар бир вақтнинг ўзида умумий ошхонада овқатланишпти. Табиийки, овқатланаётган пайтда ҳамма ниқобини ечади. Бунинг устига ҳамма навбатма-навбат ҳеч қандай ишлов берилмаган битта термометр ёрдамида ҳароратни ўлчар экан. Бу қандай карантин бўлди?!

Бир кун зўрға чидаб, эртаси куни (5 февраль) биз уни кўришга бордик. Бизга фақат шахсий гигиена буюмлари ва иссиқ буюмларни: тоза чойшаблар, иссиқ пижама, адёл ва китобларни беришга рухсат беришди.  Буюмларни қабул қилиш ва бериш учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Ота-оналар фарзандларига берадиган посилкаларни санаторий ходимлари муассаса ҳудудига олиб кириб, текширишмоқда. Биз сумкани олдимизда текширишларини сўрадик, аммо бизга рад жавобини беришди. Қўриқчи сумкамизни олиб кирди, чўккалаб ўтириб, ичидагиларини ерга ташлай бошлади. Тоза чойшаблар, сочиқлар ва бошқа нарсалар асфальтда қолди. Биз буни видеога олишга улгурдик. Видеони илова қиламан.  

Болалар йиғлаяпти. Улар билан санаторийда қўпол муомала қилишмоқда. Ота-оналар ғазабда. Кимнидир ҳатто дўппослашга ҳам улгуришган, аммо ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмайди, чунки уларнинг телефонларини олиб қўйишган.

Бу ҳаддан ошишишлар тугаши учун биз қаерга мурожаат қилишни билмаймиз. Давлатимиз ХХРдан келган Ўзбекистон фуқароларини қоида бўйича қабул қилишга тайёр эмас экан.”

Фотосурат: Кун.уз

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.