«Энди у бир сантиметр квадратга ҳам эга эмас» – ногиронлиги бор фуқаро қандай қилиб тураржойсиз қолгани ҳақида
Мана 15 йилдирки, И. Б. ўз квартирасига кира олмайди. Унинг сўзларига кўра, ушбу квартирада улушга эга бўлган опаси И.Б.ни ҳатто участковой иштирокида ҳам остонага қўймаяпти. Ҳозир Тошкент марказидаги ушбу квартира бузилиши керак. И.Б. квартиранинг ½ улушини олиш учун ўз опаси ва онаси билан судлашмоқда. Айни пайтда И.Б., унинг опаси ва онаси квартирага тенг улушларда эгалик қилади. II гуруҳ ногирони бўлган ўғлини эса хусусийлаштириш иштирокчиси сифатида ҳисобга олишмади, дейди И.Б.
«1995 йилда, ўғлим 6,5 ёшлигида, хусусийлаштириш ўтказилди. Мен ўғлимнинг соғлиғи билан банд эдим, опам шифокор бўлиб ишларди, ўша пайтда уларга имтиёзли хусусийлаштириш таклиф қилинганди. Ҳа, ўғлимни 2004 йилдан – 16 ёшга тўлганидан кейин пропискага қўйишди. Мен оилам билан яшардим ва уни тезроқ пропискага қўйиш кераклиги ҳақида умуман ўйламагандим, бироқ ўғлим биринчи, ҳозир йўқолган уй дафтарига туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома асосида рўйхатга қўйилганди».
Аёлнинг сўзларига кўра, кейин бошқа уй дафтари тутилган, унда ўғлининг рўйхатга олинган санаси сифатида 2004 йил кўрсатилган.
И.Б. онаси ва опасига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига квартирадаги ½ улушини олиш учун даъво аризасини беради.
«Опам ўғлим у ерда ҳеч қачон яшамаганини исботлай бошлади. Мен нима дейишни билмай қолдим, агар онаси, яъни мен ўша ерда яшаган бўлса, у қаерда яшаган бўлиши мумкин ахир? Биз яшаган манзил бўйича ўғлим нафақа оларди, шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган».
2021 йил 14 апрелдаги суд қарорига кўра, жавобгар С.С. [И.Б.нинг опаси – муҳ.] судда И.Б. Россия фуқароси эканини, Ўзбекистонга қайтганига икки ой бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, И.Б. олдин турмуш ўртоғи билан яшаган, низоли квартирада яшамаган.
Суд И.Б.га даъвони қондиришни рад этди ва аёл фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикоятини тақдим этишга мажбур бўлди. Бироқ у ерда ҳам апелляцияни қонлиришни рад этишди, суд биринчи инстанция қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.
«Судлар томонидан Э.Б. [И.Б.нинг ўғли – муҳ.] аслида хусусийлаштириш даврида квартирада яшамагани ва пропискага қўйилмагани аниқланди, бу уй дафтаридаги маълумотлардан кўриниб турибди», – дейилади таҳририятга тақдим этилган суд қарорида.
Қурувчи ташкилот И.Б.га компенсация сифатида Юнусобод туманида 20 метр квадратлик квартирани таклиф қилмоқда.
«Яна устига пул қўшиб ҳам берасиз, деган қурувчи ташкилот. Бу бизни қониқтирмайди. Бу ер шаҳар маркази – ёнимизда Олой бозори. Ўғлим руҳий-неврологик касалликка чалинган, у ижтимоий мослашмаган, у бир бир хонада яшаш қийин».
И.Б.нинг сўзларига кўра, опам квартирада яшашга қўймаяпти, эшикларни қулфлаб қўяди, ҳожатхонага киритмайди, плитага яқинлаштирмайди.
«Ҳожатхонага холамникига боришга тўғри келди. Кейин ижарада турдик, энди пулимиз ҳам қолмаган. Дўстларимиз ва танишларимизникида яшаб юрибмиз».
И.Б. вақти-вақти билан кийимларини олишга келган, бу пайтда у участковойни ва маҳалла раисини чақиришга мажбур бўлган.
1995 йилда низоли квартирага И.Б.нинг онаси ташаббуси бўйича ҳокимлик қарорига кўра бир хона қўшиб берилган.
«Бунда онам 6 ёшли невараси мен – онаси билан ухлашини сабаб қилиб кўрсатганди. Шу туфайли хонага эга бўлишди. Энди у бир сантиметрга ҳам эга эмас».
И.Б.нинг айтишича, у 2010 йилдан бошлаб Россияда ишлаган, бироқ ўзи ва ўғли учун коммунал хизматларни ўз вақтида тўлаб борган.
И.Б. Олий судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Ногиронлар уюшмаси судга илтимоснома тузган. Унда шундай дейилади: “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, “…Ижарачи билан бирга яшаётган ва унинг оила аъзоси ёки собиқ оила аъзоси бўлиб ҳисобланган вояга етмаган шахслар ижарага олиш шартномасидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлардан тенг фойдаланишлари сабабли улар эгаллаб турган турар жойлари хусусийлаштирилган тақдирда вояга етган фойдаланувчилар билан тенг равишда шу турар жойга нисбатан умумий эгалик ҳуқуқига эга бўладилар”.
Уюшма суддан “кўчада ўз уйисиз қолиши мумкин бўлган Э.Б. болаликдан ногирон эканини инобатга олган ҳолда” ушбу суд ишини холис ва ҳар томонлама кўриб чиқишини сўраган.
Шарҳлар