Карантин чекловлари фуқароларнинг ҳуқуқларини қай тарзда бузмоқда
Нега қаҳвахонага киришда мижознинг шахсий маълумотларини ёзиб олиш шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг бузилиши ҳисобланади? Карантин даврида қайси конституцион ҳуқуқлар бузиляпти ва нега карантинга жойлашганда телефон ва банк картасини бермаслик керак? Шу ва бошқа масалалар ҳақида Legalmax фирмасининг катта юристи Мадина Турсунова билан суҳбаташдик.
Мамлакат бош санитар врачининг хўранда Covid-19 га чалинган тақдирда унинг айбсизлигини исботлаш учун умумий овқатланиш нуқталарига видеокамералар ўрнатиш ҳақидаги тавсиясини ҳуқуқ нуқтаи назаридан қандай изоҳлайсиз?
Видеокузатув қўйишга рухсат бериладиган умумий фойдаланиш жойлари ҳақида тушунча мавжуд. Умумий овқатланиш муассасаси ҳам хоҳлаган киши чекловсиз келадиган жой ҳисобланади, бу ерларга ҳам кўп ҳолларда камералар ўрнатилган бўлади. Видеокузатув жамоат жойларига хавфсизлик мақсадларида ўрнатилади. Аммо Ўзбекистонда жамоат жойларига видеокузатув ўрнатиш қоидалари тартибга солинмаган. Масалан, видеокузатув ҳолатида товуш ёзилмаслиги керак, шунингдек камералар ҳожатхоналарга ўрнатилмайди.
Бундай ҳолларда фуқаронинг шахсий ҳаёт сири ҳақидаги конституциявий ҳуқуқини эсда тутиш лозим. Ушбу ҳуқуқдан келиб чиққан ҳолда видеокузатув ўрнатилган жамоат жойларида фуқароларни видеотасвирга олинаётгани ҳақида огоҳлантирувчи бешгилар бўлиши шарт. Бунда видеокузатув ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатишни белгилайдиган бевосита нормалар мавжуд эмас. Жамоат жойларидаги фуқаролар ўзларини камерага ёзиб олишаётганини билиш ҳуқуқига эга. Агар сизни тасвирга олишаётган бўлса, унда сиз бу ҳақда билишингиз зарур. Буни мен инсон ҳуқуқлари тамойилларидан келиб чиққан ҳолда айтяпман, огоҳлантирувчи лавҳа ресторан, қаҳвахона ёки савдо марказига кириш жойида осилиб туриши керак. Жамоат жойларидаги камералар товушни қайд этмаслиги кераклигини тушуниш муҳим. Агар бу юз берса, унда буни шахсий ҳаётга аралашиш сифатида ифодалаш мумкин. Шунга мос равишда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўрнатиладиган камералар фақат тасвирни ёзиши шарт. Бироқ, ҳозирга қадар қонунчиликда видеокузатув ва тасвирга олиш қоидаларига тааллуқли аниқ регламентация мавжуд эмас.
Нега камералар ўрнатилган корхоналар ташриф буюрувчиларни видеотасвирга олиш кетаётгани ҳақида хабардор қилмайди?
Видеокузатув ҳақида огоҳлантиришларни ўрнатиш бўйича тўғридан-тўғри талаблар йўқлиги сабабли корхоналар ўз ҳудудида ва офис хоналарида камералар ўрнатиш ҳуқуқига эга. Бунда корхона ходимлари ва ташриф буюрувчилар видекузатув ҳақида илиш ҳуқуқига эгалар. Масалан, йўл ҳаракати қоидаларини қайд этиш учун ўрнатилган камералар борасида огоҳлантириш ҳақида бевосита талаблар бор. Йўл ҳаракати иштирокчилари олдинда қоидабузарликни қайд этадиган камера борлиги ҳақида огоҳлантирилиши лозим.
Яқинда мен Тошкентдаги Экопаркка кира олмадим, чунки кириш жойида мендан шахсий маълумотларни – фамилиям, исмим, туғилган йилим, манзилим, телефон рақамимни талаб қилишди. Бундай ҳолда ташриф буюрувчилар ўзини қандай тутиши керак? Агар шу истироҳат боғига ёки қаҳвахонага жудаям киргим келаётган бўлса-чи?
Ҳеч ким “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунни бекор қилгани йўқ. Қонунда шахсий маълумотларни тўплаш фақат шахснинг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин. Агар шахс ўз розилигини бермаса, маълумотлар қандай мақсадларда тўпланишидан қатъи назар унинг шахсий маълумотлари тўпланмаслиги керак.
Бунинг устига қонун шахсий маълумотларни тўплайдиган шахслар ва ташкилотларга уларнинг сақланишини таъминлашни белгилаб қўйган. Қонунда маълумотларга ишлов бериш ва тўплаш фақат конкрет белгиланган мақсад учун амалга оширилиши керак дейилади. Мақсаддан келиб чиққан ҳолда шахс тақдим этадиган маълумотлар ҳажми белгиланади. Мен жамоат жойлари, истироҳат боғлари ҳолатида бу мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман. Ҳатто тиббий маълумоти бўлмаган одам ҳам боғда вирусни юқтириш эҳтимоли жуда кам эканини тушунади.
Ҳар ким ўз шахсий маълумотларини тақдим этишни рад қилишга ҳақли. Бошқа жиҳати – агар сиз ўз шахсий маълумотларингизни тақдим этишни хоҳламасангиз, боғ маъмурияти сизни боққа киритмасликка ҳаққи борми?
Қонунда, агар маълумотларни тўплаш субъект ўзининг қонун олдидаги мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлса, унда тўплашга рухсат берилади, деб айтилади. Ўхшаш мисолни келтираман. Иш берувчи даромадингиздан солиқ тўлаш учун сизнинг паспорт маълумотларингиз ва СТИРингизни билиши керак. Яъни иш берувчи бу маълумотларни солиқ ва меҳнат кодексини бажариш учун зарурлиги сабабли тўплайди.
Бу ерда маълумотларнинг сақланиши ҳақидаги масала юзага келади, Экопаркда маълумотлар дафтарга ёзилаётганди…
Маълумотлар қоғоз шаклда тўпланиб, дафтарга ёзилганида ҳам уларнинг сақланиши таъминланиши лозим. Маълумотларни тўплаш учун масъул бўлган ва уларнинг сақланиши учун жавоб берадиган шахс бўлиши керак. Дафтар сейфда сақланиши ва ишлов бериш ҳамда эпидемиологик текширишни ўтказиш учун фақат СЭС органларига тақдим этилиши зарур.
Маълумотларни тўплаш эмас, балки айнан шахсий маълумотларнинг ошкор бўлиш эҳтимоли инсон ҳуқуқлари учун катта таҳдид ҳисобланади. Чунки уларнинг кейинги ишланиши ва сақланиши шу қонун талабларига жавоб бермайди. Бу маълумотлар учинчи шахсларнинг қўли тушишдан қандай ҳимояланиши ҳақидаги масала очиқ бўлиб қолади.
Бундан ташқари, маълумотларга ишлов беришга розилик, улар қаерда тўпланишидан қатъи назар, ҳар доим ёзма шаклда олиниши лозим. Фуқаро махсус розилик формулярини имзолаши, унга қандай маълумотлар ва нима мақсадда тўпланаётганини тушунтиришлари керак. Фақат ёзма розилик олинганидан кейингина маълумотлар олиниши мумкин. Агар формуляр бўлмаса, унда маълумотлар фуқаронинг розилиги билан тўпланганига далил ҳам бўлмайди.
Кўрсатилган ҳолатда шахсий маълумотларни тўплаш бўйича талаблар қонуности қарорлари билан ўрнатилган, бироқ улар етарлича батафсил регламентга солинмаган. Бундай талаблардан амалда жавоблардан кўра кўпроқ саволлар туғилади.
Карантин даврида қандай қонунбузарликларни кўрдингиз?
Коронавирус пандемия келтириб чиқарган мислсиз вазият мамлакатда эпидемияга йўл қўймасликка йўналтирилган қатъий чеклов чораларининг жорий этилишига олиб келди. Карантин энг аввало фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари чекланишига олиб келди. Ҳаракатланиш ҳуқуқи, мулкдан фойдаланиш (автомобиль ҳайдаш) ҳуқуқи чекланди. Фуқароларнинг муайян соатларда ҳаракатланиш ҳуқуқини чеклайдиган комендантлик соати жорий этилди. Одатий вазиятда фуқаролар сутканинг исталган вақтида ҳаракатланиши мумкин.
Конституциявий ҳуқуқларнинг ҳар қандай чекланиши қонун асосида жиддий сабабларга кўра юз бериши керак. Ўзбекистонда фавқулодда ҳолатни жорий этиш тартиби ҳақидаги қонун йўқ, у чеклов чораларининг асослари ва чегараларини тартибга солган, фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлаган, асоссиз жисмоний куч ишлатгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жавобгарлигини белгилаган бўларди.
Умуман олганда эса, карантин доирасида қабул қилинган чеклов чоралари жамоатчилик соғлиғини муҳофаза қилишга йўналтирилган, аммо амалда улар аниқ нормалар ва қоидалар йўқлиги боис кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Жамоат транспорти фаолиятининг тўлиқ тўхтатилиши ва ҳар қандай ҳаракатланишга қўйилган тақиқлар ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг катта қисми даромад манбаидан ажралишига олиб келди, қолганлар эса шунчаки жисмонан иш жойигача етиб боролмади. Касбларнинг ҳаммаси ҳам масофадан туриб ишлаш имконини бермайди.
Хўш, Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика комиссияси нима деди? Бу одамлар иш ҳақидан маҳрум бўлмасликлари кераклигини ва улар тўланмайдиган таътилга чиқиши зарур эмаслигини айтди. Аммо икки ой давом этувчи тўланадиган таътил бўлмайди, тўланмайдиган таътилга эса ходимни фақат унинг истаги бўйича чиқариш мумкин. Иш берувчилар қийин вазиятда қолди, чунки фойда ва тушумлар мутлақо тушмаётган бир пайтда уларнинг иш ҳақини тўлаш бўйича мажбуриятлари ва солиқ тўловларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ-да.
Карантин касалхоналарида ётганларнинг телефонлари ва банк карталарини олиб қўйилди. Бу қонунийми?
Телефонни олиб қўйиш мумкин эмас, чунки бу одамнинг хусусий мулки. Хусусий мулк ҳуқуқи кафолатланади. Бу ручка, телефон, тугма ёки автомобиль бўлишидан қатъи назар, жиддий сабабсиз ҳеч ким сизнинг шахсий мулкингизни олиб қўйишга ҳақли эмас. Телефон – бу алоқа воситаси, унда шахсий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар, махфий ҳисобланган шахсий ёзишмалар мавжуд. Шахсий ҳаёт сири, ёзишмалар сири шахснинг ажралмас конституциявий ҳуқуқлари ҳисобланади. Ҳеч ким сизнинг шахсий ёзишмаларингизни ўқишга ва ошкор қилишга ҳақли эмас, қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
Амалдаги қонунчиликда эпидемиологик текширув муносабати билан фуқароларнинг шахсий ҳаёт ва ёзишмалар сири ҳуқуқларини чеклайдиган нормалар йўқ. Фақат “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун, жиноий иш мавжуд бўлганида ва прокурор санкцияси билан, ёзишмалар, телефон суҳбатлари сирини чеклаш имконини беради.
Давлат-эпидемиологик назорат органларининг тезкор-қидирув фаолиятини ўтказишга ваколати йўқ ва фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклашга ҳам ваколатлари йўқ.
Фуқароларнинг телефонларини ким олиб қўйган? Олиб қўйиш нима асосида амалга оширилган? Фуқаролар ўз мулклари қандай мақсадларда олиб қўйилгани ҳақида огоҳлантирилдими? – деган саволлар туғилади.
Телефонлар ва банк карталарини олиб қўйган шахсларда қонуний асослар бўлмаган. Фуқароларда телефон ва банк карталари олиб қўйилишини рад этиш ҳуқуқи бор эди.
Махсус комиссиянинг қарори ҳам фуқароларнинг ёзишмалар сири ва шахсий ҳаётга бўлган конституциявий ҳуқуқларини чеклаш учун қонуний асос бўла олмайди, чунки фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш учун қонун мавжуд эмас.
Аммо телефонлар ва карталар олиб қўйилиши Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгилаб қўйилди …
Вазирлар Маҳкамасининг қарори бу қонун эмас, балки ижроия ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қонуности ҳужжати. Қарор Конституцияга ва фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлайдиган қонунларга зид бўлмаслиги зарур, бу қонунлар юридик кучи бўйича юқори туради ва ҳамма томонидан бажарилиши шарт.
Муаммоли масалаларни тартибга солиши ҳамда давлат органларининг чегаралари ва ваколатларини белгилаб бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2016 йилдаёқ муҳокама қилинганди, аммо номаълум сабабларга кўра у қабул қилинмади. Қонунчиликда “оқ доғлар” мавжуд бўлганида, бу фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши таҳдидининг пайдо бўлишига олиб келади, чунки жорий этиладиган чораларнинг чегараси йўқ.
Охирги тўрт йил давомида мамлакатда кўплаб қонунлар қабул қилинди, ҳар куни янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чоп этилмоқда, кўп ҳолларда улар бир-бирига зид бўлиб чиқяпти. Агар норматив ҳужжатларда Конституцияга зид ҳолатлар мавжуд бўлса, унда Конституциявий суд кузатиш ва рухсат бериш учун яратилган ягона ваколатли орган ҳисобланади. Қонунларни изоҳлаш – бу Конституциявий суднинг алоҳида ҳуқуқи. Айнан Конституциявий суд карантин даврида қўлланган барча нормаларнинг конституциявийлиги ҳақида хулоса бериши мумкин.
Ҳозирги ҳолатда 25 йил давомида уйқуда ётган Конституциявий суднинг сукут сақлаши мени ҳайрон қолдирмоқда. Ўзбекистонда фаол олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Конституциявий судга мутлақо алоқаси йўқдай гўё.
Жисмоний шахсларда ҳозирга қадар масалаларни тўғридан-тўғри Конституциявий судга киритиш ҳуқуқи йўқ. Ушбу ҳуқуқни жорий этиш фуқароларга қонунлар ва ҳукумат қарорларининг конкрет нормаларига шикоят билан мурожаат қилиш имконини берган бўларди. Агар бошқа мамлакатларнинг тажрибасига қарайдиган бўлсак, демократик давлатларнинг кўпчилигида фуқаролар Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Пандемия туфайли юзага келган вазият қонунчилигимиздаги кўплаб “оқ доғлар”ни кўрсатди. Ҳар қандай чекловни жорий этиш мутаносиб равишда бўлиши ва мавжуд шахс ҳуқуқларининг кафолатларини ҳисобга олиши керак. Назаримда, махсус комиссия қарорлаярида айнан мувозанат етишмайди. Яъни тарозида “ҳуқуқларни чеклаш” ва “ҳуқуқларга амал қилиш” паллалари бўлса, унда “ҳуқуқларга амал қилиш” палласи ҳар доим оғир келиши керак. Агар чекловлар ҳаётий зарур бўлса, унда ушбу паллалар мувозанатига амал қилиниши зарур.
Дана Опарина суҳбатлашди
Шарҳлар