Карантин тўйларни ўтказишга қандай таъсир қилди
Ихчам тўйлар, камтарона тўй либослари, тўйни олиб борувчилар, операторлар, безакчиларга бўлган талабнинг пастлиги. Карантин даврида Ўзбекистонда тўй индустриясида нималар ўзгарди?
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида истиқомат қилувчи Гулмира Қурбонова карантин даврида жиянининг тўйини қандай ўтказишгани ҳақида гапириб берди. “Тўй ихчам, мазали ва бахтиёр ўтди! Ҳаммага шундай бенуқсон, ғайриоддий тўйларни ўтказишни тавсия этардим. 30 кишилик тўй шу даражада яхши ўтдики, биз бор-йўғи 2 миллион сўм сарфладик, қолган пулларга эса ёш келин-куёвга маиший техника харид қилдик. Бундай тўйларни карантиндан кейин ҳам ўтказиш лозим”, – дейди у.
Маълумки, оммавий тадбирларни ўтказишга тақиқ 23 мартдан амал қилмоқда. Тўйларни кичик форматда кўпи билан 30 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилган. 10 июлдан бошлаб эса бутун республика бўйича оммавий тадбирларга тақиқ жорий этилди.
«Албатта, биринчи ойда тўйларни тақиқлашганида фаоллик шунчаки пасайгани йўқ, у буткул йўқолганди. Кўчага чиқиш, транспортдан фойдаланиш мумкин бўлмаса, фаоллик қаердан бўларди, – дейди “Наврўз” тўй либослари салонининг эгаси Антон Захаревич. Биз нафақат хусусий мижозлар билан, балки салонлар билан ҳам ишлаймиз. Автоқатновлар тикланганидан кейин айнан улар бизнинг биринчи харидорларимизга айланди».
Қатъий карантин чораларига қарамасдан 250 киши иштирокида ўтказилган тўйлар ҳақида хабарлар ҳамон келмоқда. Июнь ойи ўртасида шундай тўй Сурхондарё вилоятида ўтказилган ва натижада, тўйга келганларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилган. Тошкентда эса яқинда бир оила тўйни учга бўлиб ўтказди. “Тўйга келган 110 киши коронавирусга чалинди. Юнусобод туманидаги бир оила 30 кишилик чекловга амал қилиш учун тўйни бир кунда 3 марта ўтказган. Оқибатда тўйда 79 киши коронавирусни юқтирган”, – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
Ўзгараётган урфлар
Ҳашамдор тўйлар сони қисқарди, чунки одамлар пандемиядан кейин қандай кун кўриш ҳақида ўйлай бошлайди, деб ҳисоблайди Антон Захаревич. Унинг сўзларига кўра, карантин даврида ҳатто тўй либосларига бўлган урф ҳам ўзгарган.
«Агар пандемиядан олдин мижозлар башанг либосларга буюртма берган бўлса, 30 кишилик тўй учун одмироқ, европача услубдаги моделларни хоҳлашяпти. Назаримда, либослар модаси янада қизиқарлироқ бўлган. Бу вақт ичида мода анча ўзгарди, энди янги матолар харид қилиб, бу бизнесни янгидан юритишга тўғри келади», – қайд этади у.
“Наврўз” тўй либослари салони экспортга ишлайди, логистикани либосларни миллий почта орқали етказиб бериш ҳисобидан оптималлаштиришга муваффақ бўлинди. “Ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаммаси экспортга ишлашга ҳаракат қилади, чунки бунда барқарор валютага эга бўласиз. Ишлаб чиқарувчи экспортга ишлаганида, у миллий валюта инфляциясига боғлиқ бўлмайди. Олдин биз либосларни DHL орқали жўнатардик, энди почта хизматларига ўтдик. Тўғри, у анча узоқ етказади, аммо анча арзон тушади. Биз арзонроқ логистикани топдик. Агар мижоз либосни тезроқ олишни истаса, албатта экспресс почтага мурожаат қилишига тўғри келади. Ҳозир логистика ҳам қийинлашиб кетди, шунинг учун экспортга буюртма бўлса, логистикани ўзимиз йўлини қиламиз», – дейди Антон Захаревич.
Унинг айтишича, карантин даврида тўйларни олиб борувчилар, операторлар, безакчиларга бўлган талаб ҳам пасайган. “Тадбир уйда ўтказилса, учта оператор, иккита фотограф нега керак? Ҳозир бу касб эгалари деярли банкротлик ёқасида турибди”, – дейди у.
«Ҳамма ҳам ортиқча харажат қилишни ва ортиқча меҳмон чақиришни хоҳламайди»
Тўй сураткаши Динара Ерзинанинг сўзларига кўра, тўй фотосессиялари сони камайган. “30 кишилик тўйга рухсат беришганида, одамлар уни шу даврда ўтказиб қолишга ҳаракат қилишди. Ҳамма ҳам ортиқча харажат қилишни ва ортиқча меҳмон чақиришни хоҳламайди. Аммо менда 10 июлга қадар фотосессияларга буюртмалар сони камайгани йўқ”.
Фотосессияларни одатдагидай ўтказдим: куёв ва келиннинг тайёргарлик суратлари, кейин чиройли жойда олинадиган суратлар. Тўй зиёфати кечқурун уйда ўтказилди, уйларнинг ҳовлиси чиройли безатилди. Ягона фарқи – тўйларнинг ҳаммаси кечки соат 9 гача тугади», – қайд этади у.
Қатъий карантин жорий этилиб, транспортда ҳаракатланиш тақиқланганида тасвирга олиш ишларини Динара онлайн ўтказди. “Бунинг учун мижозда IPhone бўлиши керак, мен суратга олиш ишларини FaceTime орқали амалга оширдим. Албатта, қатъий карантин даврида бир ой ишсиз ўтирдим. Бу вақтни мен сайтимни янгилашга ва Instagram саҳифам учун контент тузишга бағишладим, бунинг ҳам яхши томони бўлди”, – дея хулоса қилади у.
Таниқли хонандалар хизмат ҳақини туширгани йўқ
Инсайдер маълумотларига кўра, Зиёда, Муниса Ризаева, Юлдуз Усмонова, “Ялла” каби хонанда ва жамоалар карантин даврида ўз хизматларининг ҳақини деярли туширмаган. Мамлакат ташқарисида ҳам машҳур бўлган Юлдуз Усмонова ва “Ялла” гуруҳи энди хорижда ўтказиладиган тўйларда қатнаша олмайди, мамлакат ичкарисидаги тўйларда чиқишлар эса камайган.
Агар телевидениеда чиқадиган таниқли гуруҳлар бир кечада қарийб $1000-1500 олган бўлса, карантин даврида уларнинг хизмат ҳақи икки баравар камайган. Бундай гуруҳларнинг жамоалари ўз иштирокчиларининг сонини қисқартирмоқда.
Карантиндан олдин тўй мавсумида тўйларни олиб борувчилар ойда 20 тагача тўйда қатнашиб, хизмат ҳақини $100-500 миқдорида олган бўлса, энди чекловлар жорий этилганидан кейин ойига бор-йўғи 4-5 та тўйда қатнашиб, $100-300 миқдорида ҳақ олишмоқда.
«Ихчам тўйлар анаъанага айланиши керак»
21 апрелдан 18 майгача Тошкентда 3270 дан ортиқ расмий никоҳ қайд этилди. Май ойининг дастлабки 15 кунида Фарғонада 1 016 та оилада ихчам тўйлар ўтказилган.
«Аслида арзон ва ихчам тўйлар мамлакатимизда анъанага айланиши керак. Минглаб юртдошларимиз кети кўринмайдиган орзуларга пул ишлаш учун хорижга ишлашга кетади. Назаримда, айниқса, пандемия даврида бундай қўшимча чиқимлар ва ташвишлардан воз кечиш вақти келди», -дейди Раъно Бойқозиева, Давлат хизматлари Фарғона ҳудудий бўлимининг раҳбари.
Тўйнинг катталигига қараб унинг қиймати (млн.сўмда)
200 кишилик дабдабали тўй – 80,000
30 кишилик камтарона тўй – 10,000
Ҳашаматли тўйга турли-туман чироқлари (+экран) билан зални безаш, рақс жамоаси хизматлари, мушакбозлик (5 дона), конфетти (5 дона), ташкилотчи хизматлари, фото ва видеотасвирга олиш хизматлари, келин кўйлак, куёв либоси ва пойабзали, автомобиллар ижараси, мусиқа гуруҳининг хизмат ҳақи, 200 кишилик зиёфат ҳақи киради. Камтарона тўй ҳисоб-китобларидан эса овқатланиш, ичимликлар, мусиқий дастур, мебель ижараси ўрин олган.
Меҳнат муҳожири тўйга пул топиши учун қанча ишлаши керак (ойларда)
200 кишилик дабдабали тўй – 40 ой
30 кишилик камтарона тўй – 5 ой
Ҳисоб-китоблар ойига 29 минг рублни ташкил қилувчи ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди. Бу 200 АҚШ доллари тураржойга (овқатланиш, яшаш, патент), яна 200 доллари тўй ўтказиш учун олиб қўйиш шарти билан, албатта. Шундай қилиб, дабдабали тўйни ўтказиш учун меҳнат муҳожири Москвада 3 йил-у 3 ой ишлаши керак экан.
Дана Опарина
2-фотосурат: Динара Ерзина
Шарҳлар