Конституциянинг 55-моддасига ўзгаришлар: ерлардан оқилона фойдаланиш вақти келди
Инсоният тарихи давомида у ёки бу ҳудудга эгалик қилиш ҳуқуқи борасида низолар бўлиб келган. Улар бугунги кунгача тўхтамаяпти, лекин агар илгари маълум бир ер участкасига эгалик қилиш кўпинча қандайдир моддий манфаатни берган бўлса, охирги юз йилликда бу масала тобора сиёсий тус олмоқда.
Ўзбекистон суверен демократик республика бўлиб, унинг чегаралари ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир. Амалдаги Конституциянинг 55-моддасига кўра, ер, унинг ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар умумий миллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланилиши керак, шунингдек улар давлат томонидан муҳофаза қилинади. Қўшни Қозоғистонда ҳам худди шундай ҳолат – унинг Конституциясига кўра, “Ер ва унинг ер ости бойликлари, сувлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий бойликлар давлат мулки ҳисобланади”. Яъни, бизнинг мамлакатимизда ҳам, қўшни республикада ҳам хусусий шахс АҚШдаги каби умумхалқ табиий ресурсларининг эгаси бўла олмайди. АҚШда барча ерларнинг тўртдан бир қисми федерал ҳукуматга тегишли, аммо шу билан бирга, кенг майдонлар хусусий бўлиб кичик бир гуруҳ одамларнинг мулки ҳисобланади.
Бироқ, мамлакатимизда ер участкаларини ижарага бериш шарти билан шахсий фойдаланишга бериш бир неча йилдан бери муҳокама қилиняпти. Бу нега керак? Энг аввало, аҳолининг турмуш даражасини ошириш учун. Ўша тадбиркорнинг ихтиёрида ер бўлса, ундан бизнесни янада ривожлантириш учун мулк сифатида фойдаланиши мумкин бўлади. Мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ҳам, иқтисодиётнинг ҳақиқий бозор тамойиллари форматида ривожланиши ошади.
Миллий ресурслардан нооқилона фойдаланишнинг олдини олиш учун ер участкаларини хусусий мулкка беришнинг барча шартларини қонунчилик даражасида белгилаш зарур. Шуларни инобатга олган ҳолда, Конституциянинг 55-моддасига қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фондига эгалик қилиш ҳуқуқи давлатда қолади, деган ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда.
Эксперт иқтисодчи Дарья Ильинанинг фикрича, бу тўғри ёндашув. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш мамлакат аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш масалаларини ҳисобга олишни талаб қилувчи анча мураккаб жараён бўлиб, унга пухта тайёргарлик кўрмасдан ёндашиб бўлмайди.
— Қишлоқ хўжалиги ерлари борасида ислоҳотлар аллақачон бошланган. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқини ислоҳ қилиш бўйича биринчи қадам 2020 йил сентябрь ойида қўйилди, ўшанда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида субижарага бериш механизмлари жорий этилган эди, дейди эксперт. — 2021 йил август ойидан бошлаб фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерлари очиқ танловлар натижаларига кўра фақат ижара ҳуқуқи асосида берилмоқда. Вилоят ҳокимлари ер бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, улар фақат танлов натижаларини тасдиқлаши мумкин. Суғориладиган ерларни сотиш ёки уни қонунга хилоф равишда берганлик учун 2 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, суғориладиган ерларни қурилиш учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун 2 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга жиноий жавобгарлик белгиланди.
Мамлакатимизга, иқтисодиётимизга бу ўзгаришлар зарур. Агар 55-моддага киритилиши таклиф қилинаётган ўзгаришлар қабул қилинса, бу давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлиги манфаатларини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик тамойиллари асосида қуришини белгилаб берувчи яна бир конституциявий норманинг тасдиғи бўлади.
Шарҳлар