Ўлим жазосига Конституциявий тақиқ ҳақида

Фемида
Источник: unsplash.com

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси матни билан танишиб чиқиб, ўлим жазосини тақиқлаш билан боғлиқ конституциявий ўзгартишлар тўғрисида ўз фикримни билдирмоқчиман ва жамиятимизга бу норма айнан нима учун зарурлигини муҳокама қилмоқчиман”, – деб ёзади Олий суд кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Жиноят ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлари доктори, профессор Сурайё Махмудовна Раҳмонова.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, бу масала алоҳида аҳамиятга эга, чунки инсоннинг энг ажралмас ва табиий ҳуқуқи – бу яшаш ҳуқуқидир. Инсоннинг яшашга бўлган асосий ҳуқуқи мутлақо барча умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган. Ҳеч ким, ҳеч қандай шароитда, инсонни ҳаётидан маҳрум қилишга ҳақли эмас. Ўлим жазоси каби жиноий жазонинг мавжудлиги нафақат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий тамойилларга зид келади, балки жиноий жазонинг бирортаям мақсадини – на ижтимоий адолатни тиклашни, на маҳкумнинг тузалишини таъминламайди ва на янги жиноятларнинг олдини олади. Шундай қилиб, жазонинг ҳақиқий асосий мақсади – тузатишга бўлган интилиш, ўлим жазоси эса бу мақсадни априори бутунлай истисно қилади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда жиноий жазонинг моҳиятига нисбатан ёндашувлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йилда қатъий бекор қилинди – ҳеч қандай изоҳ ва вақтинчалик мораторийсиз. 1994 йилдан бери жиноят қонунчилигини либераллаштириш хронологияси биз ушбу фундаментал қарор томон  қандай ҳаракатланганимизни кўрсатади. Шундай қилиб, 1994 йилда 13 тоифадаги жиноятлар учун ўлим жазоси назарда тутилган бўлса, 1998 йилда бундай жиноятлар сони 8 тага, 2001 йилда 4 тага қисқартирилди ва, ниҳоят, 2003 йилда атиги 2 тоифадаги жиноят – терроризм ва оғир қотиллик учун бундай жазо қолди, холос.

Бугунги кунда дунёнинг 106 та давлати ўлим жазосини бутунлай бекор қилган ва Ўзбекистон бу рўйхатдаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлаган. Ўлим жазосига йўл қўйилмаслигининг конституциявий мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг умумэътироф этилган халқаро қадриятларга, ўзбек халқига хос инсонпарварлик ва хайрия анъаналарига содиқлигини тасдиқлайди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ўлим жазосини қайтариш зарурлиги ҳақидаги айрим юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари юзасидан ҳам мутахассис сифатида ўз принципиал позициямни билдиришни лозим деб биламан

Ўлим жазоси жазонинг энг юқори шакли сифатида ҳар қандай жамиятда доимо кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва сабаб бўлмоқда. Ҳозир бизнинг жамиятимизда ҳам ўлим жазосини жиноий жазо сифатида қайтариш тарафдори бўлган турли эмоционал фикрлар тобора кўпроқ эшитилмоқда. Айрим ўта хавфли жиноятларга қатъий жавоб бермасдан туриб, уларнинг камайишига эришиб бўлмайди. Бироқ, жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, жазонинг ўта оғирлиги жиноят даражасига умуман таъсир қилмайди. Аксинча, БМТ маърузаларига кўра, ўлим жазосига рухсат берилган мамлакатларда жазоланиши лозим бўлган жиноятлар кўпроқ содир бўлади. Ўлим жазоси энг оғир жиноятларнинг ижтимоий сабабларига қарши курашишга ёрдам бермайди. Аксинча, жамиятда ўлим жазосини қўллаётган давлат томонидан қонунийлаштирилган шафқатсизлик муҳити бундан ҳам даҳшатли ва шафқатсиз жиноятлар учун янги ва қулай шарт-шароитларни яратади. Яъни ўлим жазосининг ўзи ҳам қотиллик, фақат давлат даражасида қонунийлаштирилган қотиллик. Шафқатсизлик эса жамиятда ҳамиша шафқатсизликни келтириб чиқаради.

Айнан шунинг учун ҳам ўлим жазоси тарихан бутунлай эскирган ва ўзини обрўсизлантирган, ривожланган демократик жамиятда қабул қилиниши мумкин бўлмаган содир этилган жиноятга давлат томонидан бериладиган жавоб шакли сифатида белгиланиши муҳим ҳисобланади. Ўлим жазоси қайтариб бўлмайдиган воқеа, тузатиб бўлмайдиган хатодир. Афсуски, тарих шуни кўрсатадики, ўлим жазоси шароитида кўп одамлар сиёсий режим ёки ўзбошимчалик қурбони бўлишган ва энди уларни қайтариб бўлмайди.

Бундан ташқари, бу ерда ҳар доим суд хатолиги хавфи мавжуд. Ўнлаб йиллар давомида қамоқда ўтирганидан кейин одам айбсиз деб топилган ҳолатлар кўп бўлган. Масалан, АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 1978 йилдан 2007 йилгача бу мамлакатда аввал ўлим жазосига ҳукм қилинган 126 кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Бу ўлим жазосининг мавжудлиги бегуноҳнинг муқаррар равишда қатл этилиши эҳтимоли юқори эканлигини, кейин уларни оқлаш ва барча ҳуқуқларини тиклашнинг эса имкони йўқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.