Марҳум Жасурбек Ибрагимовнинг ота-онасига маънавий ва моддий зарарни тўлаш ҳақидаги иш бешинчи бор тингланяпти
17 декабрь куни Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича МирзоУлуғбек туман судида Жасурбек Ибрагимовнинг онаси Нилуфар Алиеванинг ўғлини даволаш ва дафн қилиш билан боғлиқ 151,7 млн сўмлик моддий харажатлар ва 500 млн сўмлик маънавий зарар компенсациясини ундириш ҳақидаги даъво аризасига доир тинглов бўлиб ўтди. Маънавий зарар учун компенсацияни Нилуфар Алиева Ezgu Amal хайрия фондига оғир касал болаларни даволашга йўналтиришни режалаштирган.
Тинглов аввалида судья томонларни шундоқ ҳам чўзилиб кетган низони бартараф этишга чақирди. У жавобгарга, яъни Исломбек Тўлагановнинг отаси Абдужалил Расуловга молиявий зарарни тўлаш илтимоси билан мурожаат қилди.
Ушбу тинглов даъво аризаси шу йилнинг июнь ойида берилган пайтдан бошлаб бешинчиси ҳисобланади. Абдужалил Расуловнинг фикрича, фожиали ўлим ўз вақтида ёрдам кўрсата олмаган шифокорларнинг айби билан юз берган, шу боис у компенсация тўлаш ниятида эмас.
Нилуфар Алиева ва Муҳаммаджон Турсуновнинг манфаатларини тақдим этаётган адвокат Лола Исмоилова, қимматбаҳо препаратларни сотиб олган ҳолда ота-она ўғлини қутқаришга уринганида кўрган молиявий харажатларни кўрсатади. Ўз навбатида, жавобгарлар далилларни тақдим этишни сўрамоқда. Лола Исмоилованинг сўзларига кўра, далиллар касаллик тарихида бўлган, аммо у ушбу жараёнга тайёргарлик кўраётган пайтда йўқолган.
«Мен Жасурбек даволанган иккала клиникага ҳам мурожаат қилдим, – дейди адвокат. – Менга тиббий ҳужжатлар шаҳар прокуратураси томонидан олиб қўйилгани ҳақида расмий жавоб келди. Шунда мен прокуратура бизга ушбу материалларни тақдим этишини сўраб судга мурожаат қилдим. Прокуратура ҳужжатлар уларда эмас, балки судда эканини айтди. Биз жиноий ишнинг барча материалларини кўриб чиқдик, аммо ҳеч нима топа олмадик. Фақат Нилуфар оммавий мурожаат қилганидан кейингина суд жараёнидан икки кун олдин бизга Жасурнинг касаллик тарихини тақдим этишди».
Тингловда шунингдек Исломбек Тўлагановнинг ахлоқ-тузатиш ишлари қисқаргани ва Олмазор тиббиёт коллежида ўқиётгани ҳақидаги мавзу ҳам муҳокама қилинди.
Абдужалил Расулов яқинда берган интервьюсидаги версиядан четга чиқмади.
«3 ёшдан 22 ёшгача мажбурий таълим олиш ҳақидаги президент фармони чиқди. Биз ҳужжатларни Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига тақдим этдик. У ерда бизни олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборишди. Вазирлик эса Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўналтирди. Бизга уни туманимиздаги тўртта коллеждан бирига беришимизни айтишди. Ҳам ўқисин, ҳам ишласин – ҳаммасига улгуради дейишди. У тиббий йўналишда ўқишни давом эттиришини айтишди. Иккита тиббиёт коллежи бор – Олмазор ва Сирғали туманларида. Сирғалига бориш узоқ, шу боис Олмазорни танладик», — дейди у.
Жасурбек оиласининг вакили бунга жавобан қуйидагиларни айтди:
«Улар мурожаат қилган бирорта идора ҳукмни ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Ярим ставка ишлармиш. Қайси қонунда у ярим ставка ишлашга ҳуқуқи борлиги кўрсатилган? Гап шундаки, Жиноий-ижро кодексига кўра, ахлоқ-тузатиш ишлари йиллар, ойлар ва кунларда ўлчанади. Ҳатто прокуратура ҳам у ярим ставка ишлаётганини тасдиқлади. Агар Жиноий-ижро кодекси бўйича кун бирлик ҳисобланса, ким унга ярим кун ишлашни белгилаган? Ким бунга имкон яратиб берди? Ҳозир мен сўров билан Олмазор тиббиёт коллежига, Мирзо Улуғбек тумани пробация хизматига ва унинг охирги иш жойи бўйича мурожаат қилганман. У суткасига неча соат ишлайди? Кимнинг ташаббуси билан жазони ўташ вақти қисқартирилган? У давлатга қанча пул ўтказиб беряпти? Аслида у суд жазосини белгилаган давлатни ҳам алдаяпти. Ярим кун – бундай тушунча йўқ».
Жасурбекнинг онаси суд томонидан белгиланган ахлоқ-тузатиш ишлари ҳукми қай тарзда берилаётгани ва жазони ўташ муддатларини қисқартиришга қимнинг ҳаққи борлигини ҳамда шахс буни ўз ташаббуси билан қилиши мумкинми ёки йўқлигини тушунтиришини сўраб, ички ишлар вазирининг номига мурожаат тайёрлаган.
Бундан олдин даъвогар томони квартира ва Matiz автомобилига нисбатан барча нотариал ва бошқа ҳаракатларни амалга оширишга тақиқ қўйилишини ҳамда Марказий банкдан кейинги ҳибсга олиш билан ҳисобрақамлар ва омонатлар ҳақидаги маълумотларни талаб қилинишини сўраганди.
Суд фақат Matiz автомобилига ҳибс қўйган ҳолда аризани қисман қондирди. Учта суд жараёнидан кейин жавобгарлар ушбу қарорга шикоят келтиришга қарор қилишди. Ҳозир ҳимоя суднинг мулкни ҳибсга олиш ҳақидаги ажримини ўзгартиришсиз қолдиришни сўрамоқда.
Кейинги суд жараёни 25 декабрь куни соат 10:00 да ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Жасурбек Ибрагимовнинг иши катта шов-шувга сабабчи бўлди. Ўтган ҳафтада эса Жасурбекнинг онаси очиқ хат билан Ўзбекистон Президентига мурожаат қилди.
Шарҳлар