Monolitblok компанияси хорижий инвесторларининг мурожаати

Monolitblok компанияси хорижий инвесторларининг мурожаати

Anhor.uz таҳририятига ўзларининг Ўзбекистондаги кўчмас мулкини икки йилдан ортиқ қайтаришга уринаётган хорижий инвесторлар мурожаат қилди. «Бизни оғир аҳвол мурожаат қилишга мажбур этмоқда. Бизлар, яъни хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрида муваффақиятли “иш юритаётган” бир гуруҳ шахсларнинг фирибгарлик ҳаракатлари натижасида ана шундай аҳволга тушиб қолдик».
 
2007 йил мартида Тошкентда хорижий инвесторлар Давид Эдельман, Тимур Левин Monolitblok МЧЖни рўйхатдан ўтказади. Шу йилнинг сентябрь ойида компания собиқ “Лабзак” меҳмонхонасининг 9 қаватли биносини харид қилади, ушбу бино 2014 йил март ойигача Monolitblok МЧЖ балансида ҳисобда бўлади. “Айнан ўша пайтда бино Жамият мулкидан фирибгарлик йўли билан олиб қўйилади, бу ҳақда хорижий инвестор фақат 2018 йил январь ойида билиб қолади”, – дейилади мурожаатда.  

Инвесторлар ўз мулкини қайтариш учун 2018 йилда Ўзбекистонда судлашишни бошлайди. Маълум бўлишича, жамият директори 2018 йил августида оламдан ўтган Д.Сеньков 2014 йил мартидаёқ  ўзининг ўринбосари М.Пономарёв орқали бинони VIRTEC ҚК фойдасига пасайтирилган нархда сотган. Бунинг учун Сеньков иштирокчиларнинг умумий йиғилиши баённомасидан қалбаки кўчирма қилган, унга кўра гўёки барча иштирокчилар бинони бегоналаштиришга розилик берган. 
 
Тергов жараёнида иштирокчи VIRTEC ҚК – устав капиталининг 80% улушига эгалик қилувчи «Вирта» ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти фаолият юритаётган ва тугатилган субъектлар реестрида мавжуд эмаслиги аниқланди – бу Россия ФСХ Москва шаҳри бўйича бошқармасининг  расмий жавоби. Яъни бинонинг харидори ва жорий эгаси ҳисобланган  VIRTEC ҚК ҳеч қачон мавжуд бўлмаган!  «Вирта» ЁТАЖнинг Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрида мавжуд эмаслиги Москва шаҳри Федерал солиқ хизматининг маълумотномаси билан ҳам тасдиқланади. ЎзР юридик шахсларнинг очиқ реестрига кўра, мавжуд бўлмаган компания иштирокида ташкил қилинган VIRTEC ҚК директори Абидов Бахтиёр Рихсибаевич ҳисобланади.
 
«Бу бир гуруҳ шахслар тил бириктирганидан далолат берувчи кўплаб ҳаққоний фактлардан бири бўлиб, ушбу шахслар қалбаки ҳужжатлардан, хусусан,  баённома кўчирмасидан фойдаланган ҳолда, Тошкентда мавжуд бўлмаган чет эл ташкилотлари иштирокида яратилган компаниялардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкни ўмариш ҳамда кредит маблағларини ноқонуний олиш ва “ювиш” билан шуғулланиб келмоқда», – дейилади инвесторларнинг мурожаатида.  
 
Monolitblok таъсисчилари ноқонуний деб ҳисоблаётган харид қилиш-сотиш шартномасини расмийлаштириш қандай амалга оширилди? Бино гўёки Устав асосида ҳаракат қилган, 05.03.2014 йилда ноқонуний харид қилиш-сотиш шартномасини имзолаган Ўзбекистон фуқароси М.Пономарёв орқали сотилган, бунинг натижасида кўчмас мулк объекти Monolitblok мулкидан чиқиб кетган.
 
«…Ҳайрон қоладиган томони шундаки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган кўп сонли аризаларга қарамасдан, Monolitblok компанияси директорининг собиқ ўринбосари Пономарёв М.Б. ҳануз жавобгарликдан қочишга, жамиятнинг муҳри, бухгалтерлик ҳужжатлари ва мулкини ушлаб туришга, шунингдек Monolitblok  фаолиятини тўхтатишга муваффақ бўлмоқда…».

Бино ваколати бўлмаган шахс томонидан баённомадан қалбаки кўчирма бўйича пасайтирилган нархда муассиси ҳеч қачон мавжуд бўлмаган шубҳали корхона VIRTEC ҚКга бегоналаштирилганига қарамасдан, Ўзбекистонда ўз мулкингни қайтариш жуда қийин кечмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича суд коллегияси Monolitblok компанияси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва алодат топишга уринган охирги инстанция бўлди. Ушбу суд назорат шикоятини 04.11.2019 йилда кўриб чиқди ва Monolitblok компаниясига шикоятни қондиришни рад этадиган қарорни чиқарди.
 
«…Бино қалбаки ҳужжатлар бўйича сотилганидан далолат берувчи бевосита фактлар ҳамда харидорнинг асосий иштирокчиси йўқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлгани ҳолда, биз фақат ноқонуний бегоналаштириш (бу ўз моҳиятига кўра, тадбиркорнинг мулкини ўғирлаш ҳисобланади) тўғирланишини кўзда тутадиган қарор чиқарилишини кутгандик.

Аммо, туман судидан бошлаб, то Олий судгача бўлган бирортаям инстанция Monolitblok ўз асосий иштирокчисига эга бўлмаган корхона билан судлашаётганига эътибор қаратмади. Ушбу корхона сохта корхона бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига зид равишда ташкил қилинган ва ўз фаолиятини амалга оширмоқда», – дейилади мурожаатда.
 
Ҳужжатларни қалбакилаштириш факти бўйича хусусий суд ажрими чиқарилди, аммо ҳозирги ҳолат бўйича, тергов бир йилдан ортиқ давом этганига қарамасдан, айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилгани йўқ, на бино, на машиналар, на ҳужжатлар ва муҳр ҳамон қайтарилмади.
 
Жиноий иш турли милиция бошқармалари ва бўлимларига ўтди, терговчилар/суриштирувчилар беш марта ўзгарди, иш бир неча марта тўхтатилди. 
 
«… 2019 йил октябрь ойида Тошкент шаҳар прокуратурасининг тасодифан Жамиятнинг иккинчи иштирокчига қаратилган жавобидан шу нарса маълум бўлдики, 30.09.2019 йилда Пономарёв М.Б., Абидов Б.Р., Золова Т.Н. ва Саидов Д.А.га нисбатан, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан ,Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди асосида жиноий ишни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарилган. Шу билан бирга, ҚР ЖКнинг 228-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этган, шахси аниқланмаган шахсларга нисбатан иш тўхтатилган. Жамиятнинг бошқа иштирокчилари, уларнинг вакиллари (адвокатлари) ҳам, ҳатто иш тўхтатилгани ҳақида хабардор ҳам қилинмаган. Ушбу жиноий иш доирасида адвокатимиз томонидан бир нечта илтимоснома ва ариза тақдим этилганини ҳам айтиш жоиз, аммо улар ҳам жавобсиз қолдирилди…».
 
Шу ўринда, Ўзбекистоннинг айрим давлат амалдорлари Ўзбекистон Конституцияси томонидан кафолатланадиган қонуний мулкдорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига бир гуруҳ шахсларнинг тарафини олаётганини, уларнинг манфаатларини очиқчасига илгари суришини, белгиланган тергов ҳаракатларини амалга оширмаслигини, қонуний хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини таъкидлаш зарур.
 
«Хорижий инвесторларнинг мулкини ўмариш билан шуғулланаётган бир гуруҳ шахслар манфаатларини бу тарзда ҳимоя қилиш ва илгари суриш … нафақат конкрет қонуний мулкдорларга, балки умуман давлатга ҳам зарар етказади, чунки янги президент ва унинг жамоасининг жиддий саъй-ҳаракатларига қарамасдан бизнес доираларда Ўзбекистоннинг инвестицион мафтункорлиги тушиб кетмоқда».
 
«Ўзбекистонда жиноий гуруҳлар ва уларнинг манфаатларини илгари сурувчи амалдорларнинг жазосиз қолишини тўхтатиш зарурати ҳақида очиқ гапирадиган пайт етиб келди.

Хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон ҳудудида ўз ҳуқуқларини, ўз мулкини ҳимоя қилиш бўйича индивидуал кураши самара бермаслигига ўз тажрибамизда ишонч ҳосил қилдик. Аммо биз бундай қонунсизлик ва ўрта бўғин амалдорларининг ҳаракатсизлигига кўнишга рози эмасмиз… Бундай шароитларда ҳеч бир инвестор ўз бизнеси ва инвестицияларининг ҳимояланганлигига ишонмайди, ҳар қандай бизнесмен-инвестор исталган вақтда ўз мулкини йўқотиши мумкин.
 
Шу муносабат билан биз, Ўзбекистонга ўз сармоясини киритган бизнесменлар, инвесторларни ҳамда Ўзбекистон жамоатчилиги, ОАВ ва ҳокимиятнинг юқори эшелонларини ўзларининг айрим амалдорлар орасидаги алоқаларидан фойдаланаётган жиноий гуруҳларнинг зўравонликларига эътибор қаратиш ва уни тўхтатишга чақирамиз. Бу нафақат алоҳида шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки мамлакатга, унинг инвестицион мафтункорлигига қимматли фойда келтиради ва қонун тантанасини таъминлайди.
 
Бизлар – хорижий инвесторлар халқаро низони келтириб чиқариш ниятимиз йўқ ва популизм билан ҳам шуғулланмаймиз. Биз фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юз бераётган, мурожаатномада баён этилган ҳолатларга эътибор қаратишингизни, ушбу мавзуни ёритишингизни сўраймиз, холос».
 
Monolitblok МЧЖ иштирокчилари, хорижий инвесторлар:
Тимур Левин,
Давид Эдельман,
Игорь Стрельников
 
Мурожаатномада баён этилган барча фактлар ҳужжатлар билан тасдиқланган, улар таҳририятда бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.