Мустақиллик стеласи: ҳокимиятнинг фуқаролик жамияти билан ўзаро муносабатларидаги инқироз
«Одамлар қабр тошига нон сингари эҳтиёж сезарди» (Э.М. Ремарк. «Қора ёдгорлик»)
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг яқинда қабул қилган мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган “Истиқлол” стеласини ўрнатиш қарори жамоатчилик орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.
“Истиқлол” стеласи туфайли “Кўк гумбазлар” истироҳат боғи яна юз йиллаб туради, деди Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. “Мен ҳам бу ерни сақлаб қолишни истайман, кейинги ҳоким бу ерни қурилиш остига бериб юбориши ҳам мумкин”, – деди у шаҳарликлар билан учрашувда. Бу жойга стела ўрнатиб уни бўлғуси қурилишдан асраб қолиш мумкинлиги ғалати эшитилади. Қурилиш учун ҳатто тарихий объектлар бузиб ташланган ҳолатларни жамоатчилик яхши билади. “Давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб лавҳалар осилган азим чинорларни кесиб ташлаб, шаҳар марказидаги хиёбонни йўқ қилишганини жуда яхши эслаймиз, ҳолбуки у ерга фақат Амир Темур ҳайкали ўрнатилганди. Бошқа томондан, кейинги ҳоким билан боғлиқ хатарлар ҳақидаги тахминлар асоссиз равишда янги ҳоким албатта “бузғунчи” бўлади, деган стереотипни келтириб чиқаради. Бу ерда бўлғуси ҳокимларни тайинлаш муаммоси тинституционал чоралар билан эмас, балки қандайдир бир сохта-ҳимоя чораларига ўзгартирилгандай таассурот ҳосил бўлади. Одамлар орасида қаерда истироҳат боғи бўлса, уни қурилишга бериб юбормасликлари учун ўша ерда биттадан стела ўрнатиш керак, деган ҳазил ҳам пайдо бўлди.
***
Асосий масала шундаки, агар шаҳар марказидаги Мустақиллик майдонига аллақачон “Ўзбекистон глобуси” ўрнатилган бўлса, яна худди шундай номли стела ўзи керакмикин? Ҳокимлик қарор қабул қила туриб, шаҳарликлардан уларга бундай мажмуа керакми ёки йўқми деб сўрашни ўзига эп кўрмаган ҳам. Ҳоким “Кўк гумбазлар” хиёбонида “Истиқлол” стеласи қурилиши ҳақидаги қарор маҳаллий депутатлар билан консультациялардан кейин қабул қилинганини айтади. Бундай консультацияларни берадиган депутатлар ким эканини билишга жуда қизиқяпмиз. Уларнинг исмларини эълон қилиш муҳим – шаҳарликларнинг манфаатларига тааллуқли қарорлар шаффоф тарзда қабул қилиниши керак. “Танлов шартларида мамлакатимиз тарихини, мустақиллик йилларидаги ютуқларимизни, миллий ноёблигимизни акс эттирувчи мажмуани яратиш ҳудуддаги кўп йиллик декоратив дарахтларни сақлаб қолган ҳолда ва истироҳат боғининг жорий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан амалга оширилиши керак”лиги алоҳида кўрсатиб ўтилгани айтилади. Бироқ мустақиллик мажмуаси ҳақидаги масалани дарахтларни асраш билан чеклаш мумкин эмас, бу жиддий сиёсий-фалсафий масала.
Менинг фикримча: Мустақиллик мажмуаси на марказда, на бошқа жойда мутлақо керак эмас. Фақат мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлаш учунгина янги объектни яратишга хожат йўқ.
Қуймда ўз далилларимни келтираман:
- Мустақиллик ютуқлари мактаблар, коллежлар, олий ўқув юртларининг ўқув дастурларида, музейлар, дарсликлар, фильмлар, ёдгорликларда, ТВ-кўрсатувларда, расмий маърузаларда, қўшиқлар ва шеърларда, дам олиш байрам кунларида етарлича акс эттирилган. Худди шу ном билан аталувчи “Ўзбекистон глобуси” ўрнатилган марказий майдон ҳам бор. Мустақилликни ҳаддан ташқари мафкуралаштириш мустақиллик қадриятининг ўзини бемаънилаштирилишига олиб келади. Худди ҳар бир метро бекатидаги “Огоҳ бўлинг!” чақириғи каби.
- Орадан 30 йил ўтди – ҳеч ким мустақиллик ҳақида унутгани йўқ, ҳеч ким уни қадрлашдан тўхтагани йўқ. Буёғига ҳам мустақилликни ҳадеб пеш қилавериш керакмас, чунки гўёки кимдир уни биздан тортиб олаётгандай кўриниб, ўз-ўзини ерга уришдан бошқа нарса бўлмайди. Бошқа мамлакатлар мустақиллик байрамларини мажмуалар қуриш билан эмас, балки тадбирлар – концертлар, уйларига байроқлар осиш, шунчаки байрам куни дам олиш билан ўтказади.
- Эътибор қилинг, кишиларнинг позицияларини солиштириш учун норозиликларга муқобил сифатида ушбу мажмуани қўллаб-қувватлаб чиққан бирор бир кўламли акцияларни, мақолаларни кўрмайсиз, бу борада халқнинг хурсандчилиги йўқ. Унинг қурилишини қўллаб-қувватлаб имзолар тўпланмаяпти. Ушбу ҳолат бу каби иншоотлар ҳокимликнинг инжиқлиги ва совет давридаги каби кампаниябозлик руҳидаги расмиятчилик эканидан далолат беради.
- Пластик-бетон мажмуа қурилиши эмас, балки мамлакат ҳаётининг барча соҳаларидаги буюк ютуқлар, шу жумладан мустақил (!) ташқи сиёсатдаги ютуқлар мустақилликнинг энг яхши ёдгорлигига айланган бўларди. Келажак авлод мажмуа бўйлаб сайр қилар экан, мустақиллик ҳақида чуқур билим олади, деб ўйламайман – бунинг учун бошқа кўплаб манбалар бор. “Мустақиллик стеласи”ни ўрнатиш – бу сиёсий акт, у ўрнатилган жой ҳам сиёсийлаштирилади. Истироҳат боғига келувчилар ушбу стела ёнидан ўтар экан, шунчаки ҳордиқ чиқариш ва дам олиш ўрнига, беихтиёр сиёсат ҳақида ўйлай бошлайди. Агар стелани ўрнатиш керак бўлса ҳам, унда уни шундай номга эга майдонга ўрнатиш лозим. Мустақиллик ёдгорлиги – уни “шунчаки ўрнатиш” учун катта сиёсий акт ҳисобланади.
- Мажмуа ўрнига катта “жонли ҳалол оммавий китоб” га ўхшаш нарсани яратишни таклиф этаман, унга мунтазам равишда (бир йилда ёки беш йилда бир марта) мамлакат эришган йирик ютуқлар ҳамда мамлакат шу даврда тўқнаш келган йирик муаммолар ёзилиб борилган бўларди. Ҳеч қандай тараққиё, айниқса ёш давлатда силлиқ, муаммоларсиз кечмайди. шу боис келажак авлодларга мамлакат қандай ҳаракат қилганини ва барча парвозлар ва йиқилишлар билан қандай ҳаракат қилаётганини кўрсатган маъқул. Ушбу “жонли китоб”ни қандай шаклда яратиш кераклиги масаласини эса жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш мумкин. Аммо асосийси – китобни амалдорлар эмас, балки халқ ёзиши зарур.
***
Эҳтимол, бундай ёдгорликларни ўрнатиш керакдир, лекин шаҳар маъмуриятининг хоҳиши билан эмас, балки фуқаролар, фуқаролик жамиятининг фаоллари кўрсатадиган ташаббус билан. Шу ердаги маҳалла оқсоқолининг кулгули чиқиши ҳам рамзий маъно касб этди. У ўзининг “демократия кўпчиликнинг камчиликка бўйсунишини билдиради” деган гапи билан кўпчилик ва камчиликнинг ўзаро муносабатлари тамойилини адаштириб юборди.
Ушбу ижтимоий-сиёсий драмадаги “кичкина” эпизод яна бир бор бошқа муаммони – фуқаролик жамияти ва давлат органлари орасидаги узилишни яққол кўрсатди. Ҳозирча бизда давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида демократик диалог йўлга қўйилмаган. Сўнгги пайтларда биз тез-тез турли даражадаги давлат амалдорлари жалб этилган ҳар хил жанжалларнинг гувоҳига айланяпмиз. Бу, ўз навбатида, сиёсий маданият даражасини акс эттиради. Биз нафақат давлатнинг фуқаролик жамияти билан фаол диалогини ривожлантиришимиз, балки ҳокимлар, яъни жойларда давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган кишиларнинг маданият даражасини кўтарган ҳолда кадрлар муаммосини ҳам ҳал қилишимиз зарур.
Фарҳод Толипов
Бош саҳифадаги фотосурат: "Город говорит" телеграм-канали
Шарҳлар