Нега Сардоба офатидан зарар кўрган тадбиркорлар суғурта тўловларини ололмаяпти
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида қурилиш технологиясини қўпол бузиш, коррупция, ўғирлик оқибатида содир бўлган табиий офатга 20 ой бўлди. Юзлаб одамлар уйларини тарк этишга мажбур бўлишди, юзлаб одамлар бизнесларини йўқотишди. Anhor.uz таҳририятига табиий офатдан кейин одамларга мерос бўлиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган мутасаддилар, ташкилотларнинг лоқайдлиги тўғрисида жабрланган ҳудуд аҳолиси, тадбиркорлардан мактублар келиши давом этмоқда.
“NAVRO’Z QUT BARAKASI” масъулияти чекланган жамияти табиий офатдан сал аввал, 2020 йил 27 апрель куни “O’ZAGROSUG’URTA” акциядорлик жамияти билан Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида жойлашган балиқчилик ҳовузи ва биноларни суғурта қилиш бўйича шартнома тузди. Суғурта қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этди, суғурта тўловлари ҳам худди шундай миқдорда белгиланди, суғурта муддати 2020 йил 27 апрелдан 2021 йил 26 октябргача бўлган. Орадан бир неча кун ўтиб, 2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган табиий офат натижасида ҳовузга жиддий зарар етди. Воқеа суғурта ҳодисаси деб топилиб, 138 миллион 525 минг сўм миқдорида суғурта товони тўланган.
O’ZAGROSUG’URTA 2020 йил июнь ойида суғурталанган мулкка етказилган зарар миқдорини 4 миллиард 700 миллион сўмдан сал кўпроқ деб баҳолаган ҳолда “Гулистон баҳолаш консалтинг” компаниясини баҳолаш учун жалб қилган.
Орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди, бироқ O’ZAGROSUG’URTA жабрланган тадбиркорларга суғурта товонини тўламади.
Бир неча суд жараёнларидан сўнг NAVRO’Z QUT BARAKASI Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти берди. Олий суд хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент туманлараро хўжалик судининг 2021 йил 7 июлдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарори бекор қилиниб, NAVRO’Z QUT BARAKASI фойдасига 1 миллиард 906 миллион сўмдан ортиқ суғурта товони ва 305 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Суднинг ҳал қилув қарори 2021-йил 10-ноябрда қонуний кучга кирди ва кўрсатилган маблағларни O’ZAGROSUG’URTA ҳисобварағидан NAVRO’Z QUT BARAKASI фойдасига ундириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъати ижро варақаси 2021 йил 16 ноябрдаги инкассация буйруғи билан биргаликда O’ZAGROSUG’URTA га хизмат кўрсатувчи “Микрокредитбанк” АТБ оператив бўлимига ижрога топширилган.
Бироқ O’ZAGROSUG’URTA инкассация ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга оширмаган, Олий суд томонидан берилган ижро варақасига кўра, қарз ундирилмаган. Шу боис, ижро варақаси “O’ZAGROSUG’URTA”га хизмат кўрсатувчи “Микрокредитбанк” АТБ оператсион бўлимидан олиб қўйилиб, 2021 йил 30 ноябрда ижро этиш учун Чилонзор тумани Мажбурий ижро бюросига топширилди. Лекин шу кунгача NAVRO’Z QUT BARAKASI пул ололмаган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сайтидаги маълумотларга асосланган ҳисоб-китобларга кўра, ОʻЗАГРОСУГʻУРТА заҳира фондида камида 27 миллиард сўм бор.
Воқеа шу билан тугамади. 2021 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исақов иш бўйича қайтадан кассация шикояти киритди ва иш кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказилди. Судья Р.Сагатов қарори билан суд мажлиси 2022 йил 14 январга белгиланган.
Anhor.uz таҳририятида савол туғилади: Ўзбекистон Республикаси Олий суди хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан қандай хатоларга йўл қўйилгани Олий суд раиси ўринбосари Б. Исоқовнинг “Navro’z qut barakasi” МЧЖнинг “O’ZAGROSUG’URTA АЗ” АЖга даъвоси бўйича 2021-йил 10-ноябрда қонуний кучга кирган ва ижро варақаси берилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга асос бўлди.
Таҳририят Олий суд томонидан мазкур масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилишига умид қилади, чунки Ўзбекистон Республикаси Олий суди хўжалик ишлари бўйича ҳайъатининг 2021 йил 10 ноябрда кучга кирган қарори нотўғри деб топиладиган бўлса, савол туғилади: кимга ишониш керак?
Шарҳлар