Олдинги референдумлар Ўзбекистонга қанчага тушганди
Ҳозирга қадар Ўзбекистонда иккита референдум ўтказилган – биринчиси 1995 йилда ўтказилган, ўшанда сайловчиларнинг 99,6 фоизи президент ваколатларини кенгайтиришни ёқлаб овоз берганди. Иккинчиси – конституциявий референдум, президентлик муддатини 7 йилдан 5 йилга қисқартирди, шунингдек, икки палатали парламентни жорий қилди. Қонунчиликкаа кўра, референдум ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Биз бу референдумлар давлат бюджетига қанчага тушганини аниқлашга қарор қилдик.
Марказий сайлов комиссиясига сўров
Марказий сайлов комиссияси Anhor.uz нашрининг сўровига берган жавобига кўра, 1995 йилги референдум чоғида МСК мустақил ташкилот сифатида ишламаган. У фақат сайлов ва референдум вақтида ташкил қилинган ва архив ҳужжатларини сақламаган. Доимий фаолият кўрсатувчи мустақил орган сифатида МСК 1998 йилда ташкил этилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, МСК 1995 йилги референдум бўйича архив ҳужжатларига эга эмас. МСКнинг ташкилот архивидаги барча материаллари Ўзбекистоннинг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни асосида 5 йил сақланади. Шундан келиб чиқиб, 2002 йилги референдумга оид барча материаллар давлат архиви фондига топширилган.
“Ўзархив”га сўров
Муассасанинг маълум қилишича, биринчи танишувда бундай ҳужжатлар топилмаган. Шу билан бирга, «Ўзархив» Молия вазирлиги ва Марказий сайлов комиссияси архивларини ҳам сақлаб келаётганини маълум қилди ва Марказий архивнинг ўқув залидаги ҳужжатлар билан танишиш таклифини билдирди.
Режалаштирилаётган Конституциявий референдум қанчага тушади
Қонунга кўра референдум санаси тайинлангани ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин овоз бериш парламент палаталарининг шу ҳақидаги қарорлари чоп этилган кундан бошлаб бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкин. Парламент Қонунчилик палатасининг сайтида референдум ҳақидаги охирги хабар 27 август санаси билан чоп этилган. Унда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси пайтида 150 мингдан ортиқ таклифлар тушди.
МСК Anhor.uz нашрининг сўровига ҳозир референдум харажатларининг сметаси энди тайёрланаётганини, референдумни ўтказиш муддатлари эълон қилинганидан кейин у идора сайтида эълон қилинишини билдирди.
Референдум тўғрисида қонун
19-21 июль кунлари Ўзбекистонда бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни кузатиш учун чекланган миссияни тавсия қилди. Худди шу ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг референдум тўғрисидаги қонунида сайловолди ташвиқотини молиялаштириш тизимининг шаффоф ва ҳисобдорлигининг асосий жиҳатлари; сайловолди ташвиқотини молиялаштиришга ажратилган маблағлар ва харажатлар, сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича ҳисобот ва маълумотларни ошкор қилиш, назорат ва мониторинг ҳамда санкциялар тўғрисидаги қоидалар аниқ белгиланмаган.
Ҳисобдорлик-чи?
Ўтган йилги президент сайловларида сайлов участкаларини видеотасвирга олиш учун зарур қурилмаларни ўрнатиш ва жиҳозлаш, сайлов жараёнини трансляция қилиш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига топширилган эди. Ўшанда “Хавфсиз шаҳар маркази” давлат муассасаси ва «Ўзтелеком» АК томонидан тақдим этилган техник жиҳозлардан фойдаланилди.
Сайлов кунида жараённи трансляция қилиш учун видеокузатув камералари ўрнатилди. Марказий сайлов комиссияси видеотасвирларни ёзиб олиш ва сақлаш кўзда тутилмаганлигини, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида сайлов жараёнларини видеотасвирга олишҳ, уларни сақлаш ва ундан кейинги фойдаланиш тартиби белгиланмаганлигини маълум қилди.
ЕХҲТ ДИИҲБ тавсиялари
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ ДИИҲБ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг барча суҳбатдошлари референдумни мустақил кузатиш муҳимлигини таъкидлаган. Суҳбатдошларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларини бажариш борасидаги саъй-ҳаракатларида ДИИҲБнинг муҳим ролини таъкидлаб, ДИИҲБнинг давлат органлари ва фуқаролик жамиятига уларнинг демократик сайлов жараёнларини ташкил этиш ва иштирок этиши учун институционал ва ҳуқуқий салоҳиятини оширишда кўрсатаётган ёрдамини қайд этган.
Ҳозирча қонунчилик базасига киритилган сўнгги ўзгартиришлар аввалроқ ДИИҲБ томонидан қайд этилган масалаларни кўриб чиқмаган, – дейишмоқда ташкилотдагилар.
Референдум куни ва овозларни санаш борасида суҳбатдошларнинг аксарияти хавотир билдирмади. Бироқ улар жараённинг ҳудудий жиҳатларини, хусусан, қонунчилик базасини амалга ошириш, референдумни ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш, референдум кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича узоқ муддатли иштироки билан кузатувчилар миссиясини жойлаштириш зарурлигини таъкидлашган.
Шарҳлар