Она сайёрамизни бирга асрайлик!

Она сайёрамизни бирга асрайлик!

      
Аслини олиб қараганда, биз яшаётган ер куррасида ҳаммаси табиий юз бераётгандек. Қуёш чиқиши, ботиши, биз нафас олаётган атмосфера, фасллар алмашуви, иқлимнинг мўътадиллиги ўз-ўзидан содир бўлаётган ходиса, каби туюлади… Аслида-чи, аслида бугун табиат ва инсон муносабатлари қай даражага етди?…

Ердан атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар, турли заҳарли газлар оқибатида атроф-муҳит софлигини таъминлаб турган иқлим ўзгараётгани, мангу музликлар эриб иссиқ ҳароратнинг ошиб бораётгани ҳар бир инсонни табиат ҳақида жиддий ўйлаб кўришга чақиради. Иқлим ўзгариши муаммоси юзасидан халқаро доирада олиб борилаётган ҳамкорлик, қабул қилинаётган қонунлар замирида ҳам она ерни асраш ва авайлаш масалалари муҳим ўрин тутмоқда.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази Канада маҳаллий ташаббуслар фонди кўмагида ноябрь-январь ойларида Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари  учун «Глобал иқлим ўзгаришининг ОАВда ёритилиши масалалари» номли семинар тренинглар ўтказиб келмоқда.

Навоий шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда, босма нашр, телевидение ва радио журналистикаси йўналишларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз иштирок этди.

– Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад,-дейди  лойиҳа тренери, “Глобал иқлим ўзгариши ва журналистика” номли китоб муаллифи, филология фанлари номзоди  Наргис  Қосимова   – глобал иқлим ўзгариши сабаблари ва оқибатларини журналистлар кўмагида аҳолига тезкор етказиш, экологик таназзулни камайтириш, уларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини пасайтириш билан боғлиқ мавзуларни ОАВда кенг ва сифатли ёритишга кўмаклашиш мақсадларини илгари суришдан иборатдир.

Маълумки бу борада Ўзбекистоннинг халқаро ва миллий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича асосий фаолият ҳам, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар таъсирини камайтириш, авваламбор, уларни кузатиб бориш тизими ва тегишли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Хусусан, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ер ресурслари сифатини яхшилаш, биохилма хилликни сақлаш, соғликни сақлаш тизимини такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, мослашув бўйича янги ёндашувларни белгилаб олиш каби масалалар шулар жумласидандир.

         Атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишига кенг аҳоли қатламини жалб этишда экожурналистика алоҳида ўрин эгаллайди. Семинарда ана шулар ҳақида гап борар экан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бугунги экологик вазият, иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга таъсири, қабул қилинган қонунлар бўйича маърузалар тингланди, ахборот манбалари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди, кичик гуруҳларда амалий машғулотлар ва вазиятлар бўйича ролли ўйинлар олиб борилди. 

Ҳилола ИСМАТОВА

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.