Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари Ўзбекистонни четлаб ягона энергия тизимини яратмоқчи

Қозоғистон

Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари Ўзбекистонни четлаб Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимини тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда, дея хабар беради ТРЕНД “Барки точик” Тожикистон давлат энергия холдингининг қайта тузилмалаш ва хусусийлаштириш бўлими бошлиғи Уйгулой Хўжаеванинг сўзларига таянган ҳолда.
 
Унинг сўзларига кўра, ўз вақтида ягона энергетика тизими минтақада жойлашган мамлакатларни электр энергияси билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш мақсадида яратилган эди. Хўжаеванинг қайд этишича, ёз пайтида Тожикистон ортиқча электр энергиясини қўшни Ўзбекистонга экспорт қилган, бунинг эвазига ўзбек электр энергияси қишки даврда, яъни ТР энергия танқислигига учраган пайтда қайтарилган.   
 
«Тожикистон ягона энергетика тизимидан узилганидан кейинги етказилган иқтисодий зарарни ҳисоблаш қийин. Саноат корхоналари ярим йиллаб электр-энергиясини ололмасди. Бир неча марта ўтказилган музокаралар натижа бермади, – дея қайд этади Хўжаева. – Ҳозир Қозоғистон ва Қирғизистон мазкур тизимни Ўзбекистонни четлаб Тожикистон – Датка (Қирғизистон) – Чимкент (Қозоғистон) линияси бўйича тиклаш тарафдори. Бу ҳолда Тожикистонда минтақадаги мамлакатлар билан электр энергиясини алмашиш ва унинг ортиқчасини ёз мавсумида сотиш имкони пайдо бўлади», – таъкидлайди у.


 
Айни пайтда, Хўжаеванинг сўзларига кўра, Тожикистон ёз ойида электр энергиясини 800 млн кВт/соат миқдорида Афғонистонга ва 600 млн кВт/соат миқдорида Қирғизистонга экспорт қилмоқда.
 
Ҳозир Душанбеда “Энергетик ҳамкорлик соҳасида тажриба алмашиш” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтмоқда. Унинг ишида Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этяпти. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.