Қимматга тушадиган арзон инсулин. Контрабанда таҳдиди ҳақида
Ўзбекистон дорихоналар тармоғида яна контрабанда усулида олиб кирилган инсулин сотилмоқда, у қандли диабетга чалинган минглаб беморларнинг ҳаётига таҳдид солади. 2018 йилда Anhor.uz нашри хавфли инсулин трафигининг текширувини ўтказганди. Унинг натижалари бўйича Қозоғистонда 28 та жиноят иши қўзғатилди. 2021 йилда контрабанда маҳсулотини Туркия, Россия ва Қозоғистондан олиб кириш давом этмоқда.
Пойтахт марказидаги дорихона. Инсулин фармацевт томонидан 200 минг сўмга мотилади. “Бу Туркияники. Ўзимизники ҳам бор, аммо у иккибаравар қиммат. Турли етказиб берувчилар – турли нархлар”, – дея аниқлик киритади сотувчи. Фармацевт мутлақо ҳақ: биринчи ҳолатда, маълум бўлишича, инсулин бу дорихонага кимнингдик юкида, ҳарорат режимига амал қилинганига кафолатсиз, божхона ва давлат ғазнасига тегишли тўловларни четлаб ўтган ҳолда келтирилган. Бу Ўзбекистонда халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг ваколатхоналарига берилган таҳририят сўровига расмий жавоб билан тасдиқланади. Шприц-ручкада кўрсатилган серия Туркия учун босилган. Бу шприцдаги туркча ёзувлардан ҳам кўриниб турибди. Қонунга мувофиқ Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган ва пештахтага қонуний қўйилган барча препаратлар Ўзбекистон учун тайёрланган серияда бўлиши ва тегишли серия рақамидан ташқари ўзбек тилида ёзувлар ва йўриқномаларга эга бўлиши лозим.
Бошқа дорихоналарда қозоқ ва рус тилидаги ёзувларга эга инсулинни харид қилишга муваффақ бўлдик. Шприц-ручкалардаги сериялар инсулин қайси мамлакат учун ишлаб чиқарилганини ва у қайси мамлакат ҳудудида сотилиши кераклигини кўрсатади. Демак, конкрет ушбу сериядаги препаратлар Ўзбекистонга ҳеч қандай тарзда қонуний йўл билан келган бўлиши мумкин эмас.
Инсулинни Arzon Apteka сайтидан излаш ишлари ноқонуний инсулинни ўттиздан ортиқ дорихона таклиф этаётганини кўрсатди. Маълум бўлишича, расман бир ўрами учун $30 дан $40 гача бўлган нарх эквивалентида харид қилинадиган “Левемир” Тошкентда 30 дан ортиқ дорихонада 180 мингдан 300 минг сўмгача нархда сотилади (бу $17- $28 га эквивалент). Худди шундай вазиятни «Новорапид» каби препаратлар билан ҳам кузатиш мумкин. $43 ёки 451 500 сўмдан харид қилинадиган «Лантис» препарати 185 мингдан ($18 га тенг) 300 минг сўмгача ($28 га тенг) 60 дан ортиқ дорихонада сотилмоқда. Расман 40 долларга (420 000 сўм) харид қилинадиган «Апидра» инсулини 100 дан ортиқ дорихонада 190 мингдан 350 минг сўмгача нархда сотилмоқда. Оддий қилиб айтганда, дорихоналар инсулинларни харид нархидан деярли икки баравар арзон нархда сотяпти. Бу нима, хайриями? Албатта, йўқ.
Жаҳон дори воситалари ишлаб чиқарувчилари муайян қоидаларга амал қилган ҳолда ўз препаратларини бутун дунё бўйлаб сотади. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳар бир чиқариладиган дори воситасининг ўрами ҳар бир алоҳида мамлакатнинг ўзига хос хусусияти, талаблари ва ҳуқуқий тартибини инобатга олган ҳолда маркировка қилинади. Ҳар бир дори ўз серия рақамига эга, у ишлаб чиқариш ва назорат амалиётларининг тўлиқ кетма-кетлигини белгилайди. Бироқ, айрим инсофсиз компаниялар ёки қандайдир номаълум шахслар препаратларни, шу жумладан инсулинларни божхонада расмийлаштирмасдан, рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан, яъни контрабанда йўли билан мамлакатга олиб киришга муваффақ бўлмоқда. Эслатиб ўтамиз, дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейингина сотишга рухсат берилади (“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ 12-моддаси). Дори воситаларига рухсат берувчи ҳужжатларнинг йўқлиги уларни сотиш ноқонуний эканини назарда тутади.
Рўйхатдан ўтмаган препаратлар хавфли ҳисобланади, чунки дори воситаларининг сифати ва яроқлилиги бевосита уларни сақлаш шароитларига боғлиқ. Масалан, қўлланилмайдиган инсулин (сотишгача) қоронғи жойда 2-8°С ҳароратда совутгичда сақланиши керак. Ушбу ҳароратда инсулин ўрамда кўрсатилган муддатгача ўзининг биологик хусусиятларини сақлаб қолади. Акс ҳолда, инсулин ўз хусусиятини йўқотади ва истеъмол учун хавфли маҳсулотга айланади. Контрабанда йўли билан олиб кирилган инсулинлар товар етказиб бериладиган даврда тегишли шароитларда сақланмаслиги эҳтимоли мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, бунга кафолат йўқ.
Энг асосийси эса, айрим дорихона муассасалари шундай препаратларни сотувга эркин таклиф қилмоқда. Истеъмолчи ноқонуний импорт маҳсулотни харид қилаётганини билмаслиги ҳам мумкин, чунки ноқонуний олиб кириладиган препаратлар, бир қарашда, расмий дистрибуция товарларидан ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди. Ушбу фарқ асосан ўрамидаги тилда ифодаланади ва, албатта, рухсат берувчи ҳужжатларнинг йўқлигида ҳам, аммо истеъмолчилар кўп ҳолларда рухсат берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги ёки йўқлигига эътибор бермайди.
Бу препаратлар Ўзбекистонга қандайдир бир инсофсиз компаниялар орқали ёки жисмоний шахсларнинг жомадонларида келади. Таҳририят маълумотларига кўра, контрабанда инсулин Қирғизистон, Қозоғистон, Россия орқали нафақат “челнок”ларнинг сумкасида, балки турли логистика компанияларининг юк машиналарида ҳам олиб кирилади. Улар божхона кўригидан қандай ўтиши сир бўлиб қолмоқда.
Масалан, 2018 йилда Anhor.uz таҳририяти ўз текширувини ўтказганда XAZRAT FARM SAVDO МЧЖга тегишли бўлган дорихонага дуч келди, у ўша пайтда ноқонуний инсулин савдоси билан шуғулланган. Орадан уч йил ўтди ҳамки, дорихона ҳамон инсулинларнинг ноқонуний савдо билан шуғулланишда давом этмоқда. Бунинг сабаби, биринчидан, арзон инсулинларга бўлган талабнинг юқорилиги ва, шунга мос равишда, дорихоналар учун дегал инсулинга қараганда каттароқ маржанинг қолиши. Иккинчидан, дорихоналар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар “Алоҳида фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунга зид равишда бундай ҳолатларга тегишли эътибор қаратмаяпти. Қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган дори воситаларини сотиш дорихонани лицензиясидан маҳрум қилиш учун асос ҳисобланади. Таҳририят ихтиёрида ушбу ҳолатни тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар мавжуд.
Шундай қилиб, дори воситаларини мувофиқлик сертификатисиз сотиш дори воситалари ва тиббиётда қўлланадиган буюмлар билан чакана савдо қилишга берилган лицензияни тўхтатиш ҳамда бошқа жавобгарлик турларига жалб этиш учун асос ҳисобланади.
Инсофсиз дорихоналар сони камаймаяпти. Халқаро ишлаб чиқарувчилар дорихона тармоқларига хатлар билан мурожаат қилиб, уларда контрабанда товарининг сифатга мувофиқлигига, беморлар учун аянчли оқибатларга эътибор қаратишни сўрайди, бироқ кўп ҳолларда дорихона тармоқлари ушбу фактга эътибор қаратмайди ва ҳеч қандай жавобгарликдан қўрқмасдан, контрабанда маҳсулотни сотишда давом этяпти.
Таҳририятда пойтахтда фаолият кўрсатувчи 69 та дорихонадан иборат рўйхат мавжуд бўлиб, улар турли ишлаб чиқарувчиларнинг контрабанда инсулинини сотади. Тошкентда 2 500 га яқин дорихона фаолият кўрсатади. Таҳририят Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигига дори-дармонлар билан чакана савдо қилишга лицензия олишда кўзда тутилган талаблар, ноқонуний дори воситаларини сотиш бўйича дорихоналарга нисбатан қандай чоралар кўрилаётгани ва бундай қонунбузарликлар лицензияни чақиртириб олиш учун асос бўлиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволларга эга сўровни юборди.
Агентлик фақат 2020 йил давомида мутахассислар “ноқонуний дори воситаларининг чакана савдосининг олдини олиш бўйича тадбирларда, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан профилактика семинарлари ва тадбирларида” 105 марта қатнашганини маълум қилди. Бироқ ушбу тадбирлар натижалари ижобий томонга ўзгариш қилмаган, чунки вазият ўзгармаган ва ҳамон шу тарзда давом этмоқда.
Нега ноқонуний инсулин ҳаёт учун хавфли
Инсулин препарати оқсилли асосга эга, шу боис у сақлаш ҳарорати режимига ва транспортировка шароитларига таъсирчан – у ўз хусусиятларини Цельсий бўйича 2 дан 8 даражагача ҳароратда сақлаб туради, силкиниш ёки вибрацияга йўл қўйиш мумкин эмас. Ҳарорат режимидан қисқа муддатга чегарага чиқиш ҳам препаратнинг хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши ва беморнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин. Шу боис контрабанда инсулинини ҳар сафар харид қилганда, бемор ўзи умид қилган таъсирни кўрсатмайдиган препаратни харид қилиши мумкин.
Масалан, болага қондаги глюкозани нормаллаштириш учун 4 дона инсулин дозаси тайинланган. Контарбанда инсулини ёмон таъсир қилиши ва қондаги қанд миқдори нормадан юқори бўлиши эҳтимоли катта. Шифокор дозани кўтаришга мажбур. Агар бироз вақт ўтиши билан бола ҳарорат режимига амал қилган ҳолда транспортировка қилинган инсулинни олса, унда бундай препаратнинг хусусиятлари билдирилганидай бўлади. Бола шифокор томонидан тайинланган дозани олганида, доза ошиб кетиши ва комага тушиб қолиши мумкин.
Истеъмолчилар, одатда, маркировкани тушунмайди, “Туркия” ёки “Россия” белгиларини, аксинча, афзаллик сифатида қабул қилади, ҳароратга, вибрацияга ва бошқа транспортировка шароитларига қўйиладиган талаблар ҳақида билмайди.
Таҳририят контрабанда инсулини у олиб келинадиган мамлакатлардаги фирибгарликлар сабабли арзонроқлигини тахмин қилмоқда: қаердадир ҳукумат унинг ишлаб чиқаришини субсидиялаган, қаердадир эса уни шунчаки рўйхатдан чиқаришади. Масалан, таҳририят текшируви доирасида харид қилинган қозоқ тилидаги маркировкага эга бутун инсулин серияларига қараганда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали бепул тарқатиш учун ишлаб чиқарилган. Бу алоҳида халқаро текширув мавзуси.
Қандли диабет – ўткир ижтимоий муаммо. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг* маълумотларига кўра, қандли диабетга чалинган беморлар сони 27 7926 кишини ташкил қилади, улардан 18 178 киши I турдаги қандли диабетга (ҚД) чалинган. Уларнинг орасида 3 280 киши – болалар ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар. ҚД беморларнинг ўлиш кўрсаткичи 2018 йилда 6 179 кишини, 2019 йилда 7 210 кишини ташкил қилган, 2020 йилда эса бу кўрсаткич икки бараварга ошиб, 11 853 кишини ташкил қилган. Шубҳасиз, 2020 йилда вафот этганлар сонига COVID-19 ҳам таъсир кўрсатди, аммо аввалги йиллар динамикаси ўсишни кўрсатмоқда.
Бу рақамлар ҳаммасини кўрсатиб турибди. Шу боис муаммога дорихоналардаги дорилар сифати учун жавобгар бўлган орган томонидан юзаки муносабат кишининг ғазабини қўзғатади. Таҳририят давлат муассасалари ва амалдорларнинг ўз вазифаларини виждонан бажаришга масъулият билан ёндашиши тарафдори, холос. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам худди шундай позицияларга амал қилишига умид қилиб қоламиз.
Ўқувчиларимиздан ўз танишлари ва қўшниларини, қандли диабетга чалинган беморларни расмий олиб келинган инсулинларни маркировка қилиш хусусиятлари ҳақида кенгроқ хабардор қилишларини ва уларга расмий товарни контрабанда маҳсулотдан фарқ қилишга ёрдам беришларини сўрардик.
Юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда, даволаш, беморларни сифатли дорилар ва бошқа препаратлар ва воситалар билан таъминлаш масалалар таҳририят назорати остида эканини ва доим шундай бўлишини таъкидлайди.
***************************************************************************
*Изоҳ: Қандли диабетга чалинган бемор сифатида рўйхатда турадиган 277 926 нафар фуқаро Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи 0.8% ни ташкил қилади. Бироқ, ЖССТ томонидан ўтказилган турли тадқиқотлар қандли диабетга ривожланган мамлакатлар аҳолисининг 2 дан 5% гача миқдори ва ривожланаётган мамлакатлар аҳолисининг 10 дан 15% гача миқдори чалинган. 2019 йил октябрида Тошкентда ўтказилган “ХХI аср диабети. Глобал муаммолар. Маҳаллий ечим” мавзусидаги илмий-амалий конференцияси давомида (https://www.uzdaily.uz/ru/post/46910), мамлакатнинг қатор ҳудудларида ўтказилган скрининг маълумотларидан келиб чиққан ҳолда, аслида диабетга чалинганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги тан олинди.
Шарҳлар