Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ ёки карантин даврида қандай яшаш мумкин

Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ ёки карантин даврида қандай яшаш мумкин

Кам таъминланган оилалар учун карантин қаттиқ синовга айланди. Пенсионерлар, ёлғиз оналар ва ҳатто тўлиқ оилалар ҳам оғир молиявий вазиятда қолди. Anhor.uz  мухири билан суҳбатда чўнтакда 300 минг сўм билан карантинда қандай яшашни билишмаётганини тан олишди.
 
«Мен эримни қамоқдан олиб чиқишга ва фарзандларим очидан ўлмаслигига ҳаракат қиляпман»

Гулбаҳорнинг уч нафар вояга етмаган фарзанди ва ҳозир озодликдан маҳрум этилган турмуш ўртоғи бор. Унинг асосий даромади – бу собиқ эридан олаётган болалар учун алиментлар. Ҳар бир болага 150 минг сўмга яқин алимент тўланади.

«Турмуш ўртоғим қамалганига бир йилдан ошди. Уни бундай қийин вазиятда ташлаб кетишни истамайман, унинг манфаатларини ҳимоя қилишга ва уни чиқариб олишга ҳаракат қиляпман. У оиламизнинг ягона боқувчиси эди. Ҳозир мураккаб молиявий аҳволдамиз, охирги кучимиз билан жон сақлашга уриняпмиз. Эрим қамоққа тушганидан бери алиментларга ва турли одамлардан фоиз остига олшган қарзларим ҳисобидан яшаяпмиз. Маҳалла қўмитаси қандай аҳволда эканимизни билиб туриб, ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаяпти», – дейди Гулбаҳор Каримбекова.

«Яқинда ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Довлатова, оиламизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш илтимоси билан туман ҳокимлигига мурожаат қилди. Шундан кейин икки кун кетма-кет 30 ва 31 март кунлари Чилонзор туман ҳокимлигидан озиқ-овқат маҳсулотлари солинган сумкаларни олдик.
Мен кам таъминланган оилаларда, ёғиз кексалар ёки ёлғиз оналарда бу маҳсулотларга ўткир эҳтиёж борлигини тушунган ҳолда, бир сумкадан воз кечмоқчи бўлдим. Аммо менга бу бир марталик ёрдам эканин, эртага болаларим яна овқатсиз қолиши мумкинлигини айтиб, маҳсулотларни ўзимда қолдиришимни маслаҳат беришди. Совутгич яна бўшаб қолса, нима қилишни билмайман», – дейди Гулбахор Каримбекова.
 
«Турмуш ўртоғим билан карантинда қандай яшашни билмаяпман»

Пенсионер Светлана Артюхина 320 минг сўмга қандай яшашни билмаслигини айтади. Бу унинг пенсияси миқдори, бу пулга у турмуш ўртоғи билан бир ойга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар сотиб олиши ва касал неварасига ёрдам бериши керак.
«Турмуш ўртоғимни иш ҳақи тўланмайдиган таътилга жўнатишди. Биз пулсиз қолдик. Ягона даромад манбаи – менинг пенсиям, у бир ҳафтага зўрға етади. Биз ёрдам сўраб давлат тузилмаларига мурожаат қилдик, бизга ёрдам беришни ваъда қилишди, аммо ҳозирча жимжитлик. Ҳаммадан ҳам қизимга ёрдам беролмаслигимдан юрагим эзиляпти. Унинг иккита фарзанди неврологик бузилишларга эга. Кичиги бор-йўғи олти ойлик, уни муайян маркадаги аралашма билан озиқлантириш керак, чунки у аллергик, унга ҳамма нарса ҳам тўғри келавермайди. Карантин туфайли куёвим ишидан маҳрум бўлди, у оиламизнинг ягона боқувчиси эди. Маҳалла қўмитасининг раиси қизимга ёрдам беришни рад этди ва унга ота-онасидан ёрдам сўрашини айтибди, биз эса унга қандай ёрдам беришни билмаймиз. Бугун Учтепа туман прокуратураси ходимлари қизимга икки банка аралашма беришибди, лекин афсуски, бу озуқа ёши ва таркиби бўйича неварамга тўғри келмади. Бундай вазиятда нима қилишни ва қаерда ҳимоя излашниям билмаяпман» – дейди Светлана Артюхина.

«Эртага фарзандларимни нима билан боқишни билмайман»

Виктория Лазукованинг омади бор экан – кўпчиликдан фарқли ўлароқ у маҳалла қўмитасидан озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида ёрдам олишга муваффақ бўлди. Тўғри, озиқ-овқатлар рўйхати сал ғалатироқ бўлиб чиқди – 1 кг туз ва ярим килодан нўхат, макарон ва мош.  

«Мен гўшт ёки қиммат мевалар олишни умид ҳам қилмагандим. Аммо булар билан икки нафар фарзандимни қандай боқишни ва уларга бошқа овқат йўқлигини қандай тушунтиришни билмаяпман. Маҳалла қўмитасида ҳозирча давлат уларга бу мақсадлар учун маблағ ажратмаганини ва бу маҳсулотлар учун ўз чўнтагидан пул ажратган Сирғали туман депутатига раҳмат айтиш кераклигини тушунтиришди. Албатта, бундай вазиятда биз учун ҳар қандай ёрдам қадрли, аммо эртага болаларимни қандай боқишни ва қаердан ёрдам сўрашни билмайман. Турмуш ўртоғим ишидан маҳрум бўлди, у официант бўлиб ишлаган ресторан карантинга ёпилди. Биз нима қилишни тушунмаяпмиз, чунки карантин пайтида, мамлакатда деярли ҳамма нарса ёпилган вақтда қўшимча иш топиш бу бажариб бўлмайдиган вазифа», – дейди Виктория Лазукова.

Қайд этиб ўтамиз, қаҳрамонларимизнинг ҳаммаси бир неча бор 1197 қисқа рақамига қўнғироқ қилишга уриниб кўрган. Давлат томонидан кексаларга ва кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан ёрдам бериш мақсадида ташкил қилинган Ягона мувофиқлаштириш марказининг рақамига тушиб бўлмаяпти. Респондентларнинг сўзларига кўра call-марказ кун давомида банд бўлади, на кундузи, на кечаси қўнғироқ қилиб тушишнинг иложи йўқ, кўп ҳолларда 10-15 дақиқа кутгандан кейин қўнғироқлар ташлаб юборилади.

Яқинда Махсус республика комиссияси 1 апрелдан бошлаб индивидуал хайрия акцияларини ва карантин жорий этилганидан буён эҳтиёжманд оилаларга ва ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бераётган волотёрлик гуруҳларининг фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Хайринисо Алишева бундай мураккаб вазиятда кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни етказиш билан ёрдам беришда давом этган волонтёрлардан бири. Бироқ яқинда кўрсатаётган фаоллиги учун СЭС унга кейинги икки ҳафта давомида карантинда қолиш мажбуриятини юклаган. СЭСнинг изоҳ беришича, Хайринисо Алишева кам таъминланган оилалар билан контактга киришган ва улардан инфекцияни юқтирган бўлиши мумкин экан.

«Мен бўлган уйларда ҳеч ким карантинда бўлмаган, шу боис СЭС қарори менга ғалати бўлиб туюлди. Нега ҳукумат волотёрлик фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилганини умуман тушунмаяпман. Волотёрларнинг ҳаммаси ниқоблар ва қўлқоплар билан таъминланган, биз кам таъминланган оилаларга ва қарияларга тарқатаётган ижтимоий пакетлар эса яхшилаб дезинфекцияланарди. Яъни биз барча эҳтиёт чораларини кўрардик. Мен давлатимиз ижтимоий муаммоларга эътибор қаратганидан ва фуқароларнинг заиф тоифаларига ёрдам бериш учун Ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш марказини ташкил қилганидан мамнунман. Аммо марказнинг фаолияти пухта ўйланмаган. Биринчидан, фуқаролар, волотёрлар ва ҳомийлар Маркази билан боғланиши жуда қийин бўлмоқда. Куни билан телефон қилиш ва умуман тушолмаслик мумкин. Иккинчидан, кам таъминланган оилаларнинг кўпчилигида телефон йўқ ёки улар пул тўланмагани учун ўчирилган. Хўш, бундай вазиятда нима қилиш мумкин? Демак, ёрдамни телефон қилиб тушган омадлиларнинг фақат кичик фоизи олиши мумкин. Бундай бўлиши нотўғри», – дейди Хайринисо Алишена.

Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.