Россия чиқармаяпти, Ўзбекистон эса олиб кетмаяпти: «Мен боши берк кўчага кириб қолдим»

Россия чиқармаяпти

Таҳририятимиз уч ойга яқин устида ишлаган ушбу воқеа тасодифларга, қонуниятларга ва тенденцияларга тўла, аммо барибир  у қаҳрамонимиз учун яхши тугашига умид бор. Июль оқшомларидан бирида қаҳрамонимиз  WhatsApp орқали Anhor.uz рақамини терди. Ўсмир боланинг овози муаммони ҳал этишга кўмаклашишимизни сўрарди.


 
Искандар Раззоқов Россияда истиқомат қилади, аниқроғи жон сақлаяпти. унинг паспортини олиб қўйишган, у Ўзбекистонга қайтолмайди. Ҳужжатлари йўқлиги сабабли Искандар қурилишда кунига 500 рубль эвазига оғир меҳнат билан шуғулланишга мажбур, бу пайтда унинг ҳамкасблари эса уч баравар кўп ҳақ олишяпти.
 
Сурхондарёлик Искандар Раззоқов Россияга уч йил олдин ишлашга келган. 2020 йил март ойида тожикистонлик меҳнат муҳожирлари куч ишлатиб, унинг пули ва паспортини олиб қўйишган ва 10 минг рубль эвазига ҳужжатини қайтаришни ваъда қилишган. Искандар ўша куннинг ўзида ҳужжатларини тиклаш учун полицияга мурожаат қилган. Бироқ ҳуқуқ муҳофазачилари уларга ортиқча ташвиш керак эмаслигини айтиб, унга қўл силтаб қўйишган. Мана ярим йилдирки, Искандар ҳужжатларини тиклаш ва уйига кетиш умидида ЎзР консуллигига мурожаат қилиб келмоқда.

«Мен Россияга  бироз пул ишлаш ва Ватанимдабутун оилани пенсиясига боқаётган ва тасодифий ишлаб ттопилган пуллар билан жон сақлаётган онамга ёрдам бериш учун келгандим. Аммо ҳаммаси режадагидай кетмади, бугун онам мени уйга қайтариш учун Ўзбекистоннинг турли идораларидан ёрдам изламоқда. Муаммоларим шу йил бошида бошланди, дам олиш куни бир нечта тожикистонлик муҳожир билан пул ишлашга қарор қилдим. Бу одамлар кимлигини билмасдим, улар билан иш пайтида биринчи марта танишгандим, иш куни охирида эса ҳамма нарсамни олиб қўйишди. Мен йўлда озроқ нақд пул чиқариб олиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб метродан уйга қайтаётгандим. Уй ёнида йўлимни тўртта эркак тўсди, уларнинг иккитаси қўлларимни қайирди ва озиқ-овқат солинган сумкани, пулларим ва ҳужжатларимни (миграция картаси ва паспорт) тортиб олишди.  Агар бир ҳафта ичида 10 минг рубль олиб келмасам, ҳужжатларимни бошқа кўрмаслигимни айтиб, таҳдид қилишди. Мен ҳеч бўлмаганда паспортимни қайтаришларини илтимос қилдим ва ҳеч кимга шикоят қилмаслигимни айтдим, аммо мени тинглаб ўтиришмади. Ўша куннинг ўзида полицияга мурожаат қилдим, аммо у ерда менга ёрдам беришмади. Аризам ҳамон кўриб чиқилмаган», – дейди Anhor.uz мухбирига Искандар Раззоқов.

Искандар паспортидан маҳрум бўлиб, Россияда унда мавжуд бўлган ҳамма нарсасини йўқотган – ижарада турадиган квартирасидаги бир бурчакни, ишини. Иш берувчилар миграция хизмати билан муаммолар туғилишидан қўрқиб, ҳужжатлари билан муаммоси бор хорижлик билан ишлашни исташмаган. “Мен оддийгина хостелдан койка ололмадим, ҳамма жойда рад этишарди. Кўчада совуқда тунардим. Бир неча марта Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллигига мурожаат қилдим, аммо мени бинонинг ичкарисига ҳам киритишмади. Уйга қайтишга сертификатни расмийлаштириш учун консуллик ходимлари участковойдан ҳужжатларим йўқолгани ҳақидаги маълумотни тақдим этишимни сўрашяпти, аммо муаммо шундаки, участковой билан учрашув мен учун 5 минг рубль жарима билан якунланади, чунки ҳужжатларим йўқ. Маълумотномани менга ҳеч ким бермайди. Мен қандайдир бир боши берк кўчага кириб қолдим. Паспорт нусхасини ҳам консулликда тан олишмаяпти.

Ўзбекистонда онам ёрдам сўраб давлат муассасаларига мурожаат қиляпти, аммо бу ҳам муваффақиятсиз. Нима қилишни ва қаерга муржаат этишни билмаяпман. Лоқайд бўлмаган юртдошларимиз туфайли мени қурилишга ишга олишди. Кунига 500 рублга ишлаяпман, ҳамкасбларим эса ойига 60-70 минг рубль пул ишлаб топишяпти. Маошим фақат ўзимни боқишга етяпти. Менда на пул, на чипта, на ҳужжат бор. Уйга кетишни жуда хоҳлаяпман», – дейди Искандар Раззоқов.

Искандарнинг қўнғироғидан кейин таҳририятимиз “Истиқболли авлод” ноҳукумат ташкилотининг “қайноқ линияси”га мурожаат қилди. Бу одам савдосига қарши курашиш билан шуғулланадиган кам сонли ташкилотлардан бири. Искандар билан содир бўлган воқеа – одам савдоси сифатида малакаланади. Ҳар йили дунёда юз минглаб киши мажбурий меҳнат мақсадларида савдо объектига айланади. Бу қонунчиликадаги камчиликлардан, одамларнинг иқтисодий, сиёсий беқарорлиги ва ижтимоий ҳимояланмаганлигидан фойдаланадиган йўлга қўйилган тизим
 
“Истиқболли авлод” Санкт-Петербургда ҳамкор ташкилотларга эга бўлиб чиқди, улар Искандар Раззоқовнинг муаммосини ҳал этишга киришишди. Аммо асосийси “Истиқболли авлод” бошқаруви раиси Нодира Каримованинг Ўзбекистон консуллигига мурожаатидан сўнг бу масала яқин кунларда ҳал этилишига умид туғилди.
 
PS: Ҳозирча Санкт-Петербургда кундузи нисбатан илиқ, аммо тунда ҳарорат нолдан пастга тушиб кетмоқда, эртага эса ёмғирлар бошланади…
 
Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.