Шифокорларни ким ҳимоя қилади?
Ўзбекистонда беморларнинг ва уларнинг қариндошларининг тиббий ходимлар ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда уларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайди. Муаммо сабаблари ва уни бартараф этиш чоралари ҳақида биз Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси, катта адлия маслаҳатчиси Дилшод Исроиловдан гапириб беришни сўрадик.
Ярим йилдан буён бутун дунёни юз минглаб ҳаётга зомин бўлган COVID-19 пандемиясига қарши кураш қамраб олган. Ушбу курашда тиббий ходимлар қўшаётган ҳисса бебаҳодир.
Карантин шароитларида шифокорлар, фельдшерлар, ҳамширалар, санитаркалар ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, иш жойларини тарк этмаяпти. Мен айнан ҳозир тиббий ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажараётгна пайтда дуч келаётган муаммога – беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан тажовузкорона хатти-ҳаракатларга эътибор қаратишни истардим.
Шифокорларга ҳужум қилишяптими?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 40 га яқин шундай жиноий ҳаракат содир этилади.
Масалан, 2019 йил 29 июнь куни 1995 йилда туғилган фуқаро Ж.К., Жиззах вилоят болалар кўп профилли тиббий марказининг жарроҳлик бўлимига келиб, бўлим мудири Т.Х.га ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан бир неча зарба берган ҳолда, уни ўлдиришга уринган. Маълум бўлишича, ҳужум қилган Ж.К.нинг 2005 йилда туғилган укаси жарроҳлик амалиётидан муваффақиятсиз чиқиб, вафот этган. Жарроҳ Т.Х.га ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдм сабаблигина унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
2019 йил августида Андижонда фуқаро бундан олдин онасини операция қилган вилоят кўп профилли тиббий маркази шифокорининг устига бензин қуйиб ва уни ёқиб юбориб, ўлдиришга уринган. Шундан сўнг жиноятчи оловни ўчирмоқчи бўлган бошқа шифокорларга жароҳат етказган. Шифокорнинг ҳаёти сақлаб қолинди, аммо унга оғир тан жароҳатлари етказилди.
2019 йил сентябрь ойида Тошкентда 6-сонли шаҳар шошилинч ёрдам кичик станциясининг шифокори Жаҳонгир Хожиев чақирув жойига келиб, психомотор қўзғалишга эга 28 ёшли қизнинг барча кўрсаткичлари нормада эканини қайд этган. Аммо маст ва тажовузкор кайфиятдаги қариндошларининг қистови билан қизни 7-сонли шаҳар клиник касалхонасининг реанимация бўлимига олиб келишган. Бўлимга бостириб кирган бемор қизнинг қариндошлари шифокорларни камситиб, ҳақоратлаган ва ура бошлаган. Қизнинг акаси боши билан шифокорнинг юзига урган ва унинг бурнини синдирган.
2019 йил октябрь ойида Қаршида шаҳар шошилинч ёрдам станциясининг шифокори ва фельдшери чақирув жойида беморнинг ўлганини қайд этишган, шунда марҳумнинг иккита қариндоши шифокорларни қаттиқ дўппослашган. Шифокор ва фельдшерга тан жароҳатлари етказилган.
Тиббий ходимларга нисбатан бу жиноятлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида содир этилган, бу умуман бутун мамлакат учун тиббий ходимларни ҳимоя қилишмуаммосининг долзарблигидан далолат беради.
Бундай ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш учун нималар қилиняпти?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мунтазам равишда тиббий ходимларга нисбатан содир этилган ноқонуний ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф этади. ҚҲТБТ порталида ССВ ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Унда тиббий ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажараётган пайтда уларга бемор ва унинг қариндошлари ҳамда танишлари томонидан ҳужум қилинишини Жиноят кодексининг 277-моддаси бўйича (“Безорилик”) бўйича оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф қилинади. Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан безорилар уч йилдан беш йилгача муддатга озодлик маҳрум қилиш кўринишида жазоланади.
ССВ ўз изоҳида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ушбу соҳа ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш учун амалдаги қонунчиликни кучайтириш, Бош прокуратура, ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан эса келгусида бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун чоралар кўриш илтимоси билан чиқди. Мавжуд маълумотларга кўра, қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган.
Вазиятни тўғрилаш ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлаш учун сизнингча нималар қилиш мумкин?
Менимча, ЖК, ЖПК тегишли моддалари, амалдаги норматив-ҳуқуқий базаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан тажовузкор ҳаракати ҳолатлари бўйича тегишли жазо чораларини қўллаш учун етарли.
Тиббий ходимларга ҳужум қилиш фактларининг олдини олиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатни (масалан, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг қарори) қабул қилиш керак, унда қуйидаги чоралар кўзда тутилиши лозим:
1. Тиббий ходимларга ҳужум қилиш бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан ИИВ ва Миллий гвардия ходимларининг зудлик билан воқеа жойига чиқиши; бунинг учун тиббий муассасани Миллий гвардия қўриқлови остига бериш зарур. Ёки тиббий муассасалар шаҳар ИИБ/туман ИИБнинг навбатчи қисмлари билан мунтазам алоқада бўлишини йўлга қўйиш керак.
2. Тиббий ходимларга ҳужум қилиш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатиш, ушбу тоифадаги жиноий ишларни гумонлорлар/айбдор шахсларга нисбатан ҳибсга олиш кўринишида олдини олиш чорасини қўллаган ҳолда қисқа муддатларда тергов қилиш.
3. Судларга тиббий ходимларга ҳужум қилиш ҳолати бўйича жиноий ишларни қисқа муддатларда кўриб чиқишни ва судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш кўринишида жазони қўллашни тавсия этиш.
4. ССВга назоратни амалга ошириши ҳамда ҳар бир тиббий ходимга ҳужум қилиш ҳолати бўйича жиноий ишларни қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун Бош прокуратурага ахборот юбориш.
5. Жиноятчилик ҳолати статистикаси доирасида ушбу тоифадаги жиноий ишларнинг статитиска ҳисоботини юритиш.
6. Ушбу тоифадаги жиноий ишларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш жараёнини ОАВда ёритиш.
7. Шошилинч тез тиббий ёрдам станциялари бригадаларини портатив видео/аудио ёзиш қурилмалари, махсус ўзини ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш. Тиббий муассасалар ходимлари учун низоли вазиятларнинг олдини олиш, низо шароитларида ўзини тутиш бўйича психологик тренинглар ўтказиш.
Таклиф этилаётган чоралар асосан ташкилий характерга эга бўлиб, катта молиявий харажатларни талаб қилмайди. Аммо ушбу чораларни жорий этиш натижасида соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ҳимоя қилишнинг ишончли тизими йўлга қўйилади.
Шарҳлар