«Щётка»да ишсизлик. Кўзи ожизлар қандай қилиб меҳнат ҳуқуқидан маҳрум бўлди

«Щётка»да ишсизлик. Кўзи ожизлар қандай қилиб меҳнат ҳуқуқидан маҳрум бўлди

Тошкентдаги Кўзи ожизлар жамияти қошида фаолият кўрсатувчи «ЩЕТКА» ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг кўзи ожиз ишчилари жуда кам маош ва ишсизликдан шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ўз манбаси маълум қилади. Бундай вазиятни ҳамма жойда кўриш мумкин: кўриш қобилияти бузилган одамлар иш топиши қийин, меҳнат шароитлари эса кўп ҳолларда уларга тўғри келмайди.

Кўзи ожиз ишчиларга нисбатан адолатсиз муносабат

Меҳнат бозоридаги ҳолат Covid-19 билан боғлиқ вазият билан чуқурлашмоқда, масалан, Олмалиқда ўзбекистонликлар  ишга қабул эълон қилган маҳаллий кон-металлургия комбинатининг маъмурияти олдида тўпланган. Ўз навбатида, ногиронликка эга одамлар ишсизликнинг ундан ҳам юқори даражасига эга бўлиб, бу қашшоқликка олиб келиши мумкин.

Ўтган йили Кўзи ожизлар жамияти қошидаги корхона 5 млрд сўм кредит олган, бу йил ҳам  газланган ичимликларни ишлаб чиқаришга 14 млрд сўм миқдорида яна бир кредит олди. Шунга қарамасдан кўзи ожиз ишчилар 435 минг сўм миқдорида маош олади. Бу ҳатто 577 минг сўмни ташкил қилувчи энг кам иш ҳақи миқдоридан ҳам кам. Кўзи ожиз ишчилар уларга 600-800 минг сўм миқдорида иш ҳақи белгилашларини сўрашмоқда.

Ҳозир корхонаси қошидаги тўқимачилик цехида кўзи ожизлик бўйича ногиронликка эга уч киши ишламоқда, қолган ишчиларнинг ҳаммаси соғлом кишилар.  Anhor.uz манбасининг сўзларига кўра, корхона биринчи кредитни олмоқчи бўлганида, корхонада 40-50 нафар кўзи ожиз киши ишлаши айтилган.

Шунингдек корхона қошида кўриш қобилияти бўйича ногиронликка эга 40 нафар киши ишлайди. Карантин даврида бу ишчилар маошсиз таътилга чиқарилган. Ҳолбуки қонунчиликка кўра, маошсиз таътил фақат ишчининг аризаси бўйича уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тақдим этилиши мумкин.

«Ахир маошнинг қанчадир фоизини тўлаш мумкин эди-ку? Ишчилар билан бу борада ҳатто маслаҳатлашишмади», – дея қайд этади манба.

Ногиронликка эга кишилар иш топиши қийин

Манбанинг сўзларига кўра Кўзи ожизлар жамиятида 80% киши ишсиз. Унинг қайд этишича, кўзи ожизлар уйда иш қилишига тўғри келмоқда, аммо бу доимий иш эмас.

«Ахир ногиронлиги бор кишиларни ишга олиш бўйича 3% лик квота бор-ку, қонунлар бор, механизмлар эса ишламайди. Сенат ва депутатлар ишлаш механизмини ишлаб чиқишлари керак».

Кўриш қобилияти бўйича ногиронлиги бор ишсиз одамлар прокуратурага, Меҳнат вазирлигига шикоятлар ёзишган. Бу идоралар эса, ўз навбатида, улар ногиронлик бўйича пенсия олишини рўкач қилиб, улар ишсиз ҳисобланмаслигини билдиришган.
«Пенсия 600 минг сўмга яқин пулни ташкил қилади. Одам 600 минг сўм пенсияга яшай олади, деб ўйламайман».

Кўзи ожизлар бошқармаси самарасиз ишламоқда, дея қайд этади манба Anhor.uz нашрига. Унинг иштирокчилари иш излашга кўмаклашишни сўраб боришганида, доим кутиб туришни айтишади. Кўп ҳолларда бундай кутишлар ҳеч нимага олиб келмайди.

Халқаро тавсиялар асосида нималар қилиш мумкин

Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг қайд этишича, Covid-19 келтириб чиқарган инқироз янги бўлишига қарамасдан, ногиронликка эга одамларнинг ижтимоий тенгсизлиги янги эмас. Бу ҳолда хатар шундаки, улар яна ўз муаммолари билан ўзлари қолиб кетади.

Ташкилотдагиларнинг фикрича, шунга мос ижтимоий ҳимояни тақдим этиш зарур, чунки ногиронлиги бор одамлар ўз соғлиғи ва социализациясини ушлаб туриш учун қўшимча харажатлар қилади. Акс ҳолда улар қашшоқлик чизиғи ортида қолиб кетишлари мумкин.

Ногиронлиги бор одамлар, айниқса аёллар орасида, шундоқ ҳам ишсизлик фоизи жуда юқори.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Бошқармасининг ногиронлик ва Covid-19 мавзусига бағишланган ахборот бюллетенида қуйидаги чоралар қайд этилади:

– даромади мавжуд бўлмаган ногиронлиги бор одамларга молиявий ёрдам тақдим этиш;
– ногиронлик бўйича мавжуд нафақаларни, шу жумладан қўшимча харажатларни қоплаш учун аванс тўловлари ҳисобидан ошириш;
– даромади камайган ўзини-ўзи банд қилган ногиронларга молиявий компенсация тақдим этиш.

Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ рўйхатга олинган кўзи ожиз ёки қисман кўзи ожиз фуқаролар истиқомат қилади. Кўзи ожизлар жамиятининг маълумотларига кўра, жамиятга 23 мингдан ортиқ фуқаро аъзо. Таҳририят изоҳ сўраб Жамиятга мурожаат қилди, жавобини кутамиз.
 
Дана Опарина
 
Материал Марказий Осиёдаги IWPR Ваколатхонасининг техник кўмагида “Янги медиа ва рақамли журналистикани ривожлантириш” лойиҳасининг менторлик дастури доирасида яратилди. Мазкур материал мазмуни, қарашлари, фикрлари ва уларнинг талқини муаллиф(лар)га тегишли бўлиб, IWPR нинг расмий позициясини акс эттирмаслиги мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.