Таъзиялардаги бидъатлар

Таъзиялардаги бидъатлар

Дафн маросимлари ҳам миллий урф-одатларимизнинг ибратли жиҳатларини узига мужассамлаштирган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши керак.
 
Шариатда аза (мотам) уч кун белгиланган. Ким вафот этишидан катъий назар, унинг яқинлари уч кун мотам тутишади. Шариатда кўрсатилгандек таъзияли хонадонда майитни дафн қилинганидан сўнг, унинг васиятини тезроқ адо этиш жоиздир.Жанозага етиб кела олмаган шу уч кун ичида ҳамдардлик билдириш учун келади.Таъзияхона эшиги олдида таъзия белгиси сифатида курси қўйилади. Бизнинг удум ва урф-одатларимиздан бири, мусибат етган хонадон қўшнилари, қариндош-уруғларнинг исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ушбу хонадонга овқат қилиб чиқаришидир. Бу овқатлар мусибат етган хонадон аҳлига ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар учун тарқатилади. Бир марта ўтказиладиган маъракаларни катта дастурхон ёзмасдан, маърифий-тарбиявий ва қуръон тиловоти, дуои-фотихалар ҳамда файзли насиҳату-суҳбатлар тариқасида ўтказилса, фойдали томони кўп бўлади.
 
Ҳозирги вақтда енг тарқалган хурофий одатлардан бири, пайшанбалик, якшанбалик, қирқлик номи билан катта қозонларда ош дамлаб, махалла-кўйдан куп одамларни чақириб, кафе-ресторанларда тўй каби ўтказилмоқда. Аҳир, савоб дастурҳонга ёзилган ноз-неъматлар билан ўлчанмайди.Балки, йиғилганлар дунёдан ўтиб кетган одамнинг ҳаётда қилган хайли ишларини эслаб, ҳаққига дуо қилишлари муҳимдир. Қуръон тиловот қилиб, ўтганларнинг руҳига бағишланса, бундай савобга нима етсин. Негадир, ёши улуғ кексалар вафот этганда рўмолчага майиз, нўхат тугиб, таъзияга келганларга тарқатилади. Ёки марҳумнинг «қирқида» мавлуд уқитилади. Аслида мавлуд пайғамбар (с.а.в.) туғилган кунлари бўлиб, бу кунда хурсандчилик ярашади.
 
Шуни ҳам айтиш керакки, майитнинг яқинлари уч кун докадан бел бойлашлари, томоқ тагидан лачак ўрашлари, майит чиққан кундан эътиборан қирқ кун, яъни ҳар кун биттадан шам (нукча) ёқишлари – бу бидъатдир.
 
Қолаверса, Рамазон ва Курбон ҳайитлари мусулмонларнинг энг катта байрамларидан ҳисобланади. Бу кунларда қабристонлар тозаланади, касаллардан, узоқ-яқин қариндош-уруғлардан ҳол-аҳвол сўралади. Бева-бечораларга, ёрдамга муҳтож оилаларга хайру эҳсонлар қилинади.
 
Таъзия бўлиб ўтган хонадонларда ҳайит кунларида дастурхон ёзиб, у ерларга таъзия билдириб кириш, байрамни мотамга айлантириш ислом дини амалларидан ҳисобланмайди.
 
Демоқчимизки, ўтказаётган маъракаларимизни қишлоқ оқсоқоллари, қишлоқ ёки маҳалла фуқаролар йиғинларидаги диний маслаҳатчилар ҳамда жойлардаги имом-хатиблар билан маслаҳатлашиб ташкил этсак, динимиз рухсат берган амаллардан чиқмаган ва ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймаган бўлардик.
 
Ф. Асадова, Бухоро маҳалла хайрия жамоат фонди бўлинмаси бош мутахассиси
 
 
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.