Осмон тоқига қўйилган нарвон
Ўзбекистон Миллий университетида Мирзо Улуғбек таваллудининг 625 йиллиги муносабати билан илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
«Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва роли» мавзуси доирасидаги мазкур конференция университет ва Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси билан ўзаро ҳамкорликда ўтказилди.
Конференцияни иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси раҳбари, академик Оқил Умрзоқович Салимов ва ЎзМУ ректори Авазжон Рахимович Марахимов кириш сўзи билан очдилар. Оқил Салимов буюк астрономнинг илмий меросини ўрганиш мустақиллик йилларида янги босқичга кўтарилганини ва бу борадаги тадқиқотларнинг мавзу кўламини янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.
Конференция давомида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган етук олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда элимиз суйган санъаткорлар маъруза қилишди. Жумладан , профессор Мамадмусо Мамадазимов , тарих факулътети катта ўқитувчиси Аброр Хидиров, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов алломамиз ҳақида конференция иштирокчилари, талаба-ёшларга қизиқарли, ва муҳим маълумотларни ўртоқлашишди.
Мамадмусо Мамадазимов «Қуёш ва планеталарнинг Улуғбек расадхонаси бош «телескопи»да акс этиши» мавзусида маъруза қилди. Мирзо Улуғбек сиймосини яратган санъаткоримиз Эркин Комилов ўз ролидаги кечинмаларини айтиб берди. ЎзМУ ректори Авазжон Рахимович Марахимов Мирзо Улуғбек энциклопедиясини яратиш таклифи билан чиқди.
Конференция сўнггида Мирзо Улуғбек ҳақида сўратга олинган «Осмон тоқига қўйилган нарвон» ҳужжатли филми намойиш этилди, деб, хабар берди Ўз МУ ахборот хизмати.
Шарҳлар