Тошкент бекатлари намунавий бўладими?
“Тошкент шаҳрида намунавий дизайн асосида автобус оралиқ бекатларини ташкил этиш тўғрисида”ги шаҳар ҳокими қарорининг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.
Ушбу қарор лойиҳасига uz24 нашри эътибор қаратади.
Қарор лойиҳасига Автобус оралиқ бекатлари жойлаштириладиган ер участкаларини тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун муддатли фойдаланиш ҳуқуқи асосида (вақтинчалик) ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳам илова қилинган. Унга кўра, тадбиркор бекатда қуйидагиларни таъминлаш мажбуриятини олади:
1. аҳоли учун бепул интернет тармоғи (Wi-Fi);
2. автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кўрсатувчи электрон табло;
3. кузатув камераси (маълумотларни сақлаш хотирасига эга бўлган);
4. миллий ҳунармандчилик ёки замонавий дизайндаги ўриндиқлар;
5. чиқиндиларни ташлаш қутилари;
6. мобил қурилмалар қувватлаш манбаи
7. имконияти чекланган шахслар учун махсус пандус.
Ҳужжатга бекатлар дизайнининг визуал ижроси тақдим этилган карточка илова қилинган, аммо унда пандуслар тасвири йўқ.
Ер участкасини ижарага олишга талабгор бекат лавҳаларида реклама жойлаштириш, банкоматлар, маҳсулотларни тарқатиш нуқтасини (вендор конструкциялар), QR-штрих-кодга эга электрон кутубхоналар ўрнатиш ҳуқуқига эга.
Лойиҳа 14 январга қадар муҳокама қилинади.
Бундан олдин Анҳор нашри ушбу соҳада мавжуд бўлган муаммолар ҳақида ёзганди.
Шарҳлар