Тошкент «пропискаси»нинг расмий нархи эълон қилинди

Тошкент "пропискаси"нинг расмий нархи эълон қилинди

Ниҳоят қонунчиликка кутилган ўзгариш киритилди. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискаси мавжуд бўлмаган шахслар ҳам уй сотиб олиши ҳамда бунинг эвазига доимий прописка олиш ҳуқуқига эга бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда, деб ёзади Спутник нашри.
 
Нашрнинг ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиевга таяниб ёзишича, бунинг учун баҳоси камида энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баравари миқдорида  бўлган янги қурилган уйлардан сотиб олиш керак. Бугунги ҳисоб бўйича бу 374 млн. 437 минг 500 сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари шартноманинг 5 фоизи миқдорида давлатга тўланадиган бож ҳам бор. Бу камида 18 млн. 721 минг сўм дегани.
 
Бундан келиб чиқадики, Тошкент пропискасига кириш учун камида 393 млн. 159 минг сўм пулингиз бўлиши керак. Шунда ҳам пропискали бўласиз, ҳам уй сотиб оласиз.

Янги қурилган уй деганда фойдаланишга топширилганига 3 йил тўлмаган уй тушунилади. Пропискага кириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг уй фойдаланишга топширилганига 3 йил тўлмагани ҳақидаги махсус маълумотномаси ҳам керак бўлади.

Мабодо кимдир янги уйлардан бирини сотиб олиб, уни 3 йил ичида бошқага сотмоқчи, алмаштирмоқчи ёки ҳадя қилмоқчи бўлса, унда ушбу шартномани нотариусда расмийлаштириш учун энг кам иш ҳақининг 400 бараварини тўлаш керак бўлади. Бу бугунги кунда 59 млн. 910 минг сўмни ташкил этади. Худди янги машинани 1 йил ичида сотиш қимматга тушгани каби, янги уйни 3 йил ичида сотиш ҳам қимматга тушади, деб ёзади Хушнудбек ўз саҳифасида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.