Уйдаги зўравонлик: карантин даврида абьюзердан қандай халос бўлиш мумкин

Уйдаги зўравонлик: карантин даврида абьюзердан қандай халос бўлиш мумкин

Ўзбекистонда жорий этилган карантин ва ўз-ўзини изоляциялаш режими миллионлаб одамларнинг одатий ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди. Айрим оилалар учун ёпиқ ҳудуд низоларга олиб келадиган заҳарли муҳитга айланди, бу эса ўз навбатида уй зўравонлиги даражасининг ошишига туртки бўлди. Тўрт девор ичида зўравон билан бирга қолган айрим аёллар ўз жонига суиқасд қилишга уриняпти. Нега эркаклар тажовузкор одамга айланмоқда? Абьюзерлар билан бирга яшаётган аёллар бундай вазиятда нима қилиши мумкин? Бу ҳақда Anhor.uz нашрининг навбатдаги материалида ўқинг.

10 апрелдан бошлаб ЎзР Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зулм ва зўравонликнинг олдини олиш учун “Ишонч телефони” қайноқ линияси ишга туширилди. 17 апрелдан 23 апрелгача ишонч телефони орқали 203 та мурожаат тушган, бу олдинги ҳафта билан солиштирганда 82 та ҳолатга кўп. Қўнғироқлар 179 нафар аёд ва 24 нафар эркакдан бўлган. Улардан 65 тасининг аризаси орқали жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳолатлари аниқланган (бу ўтган ҳафта билан солиштирганда 29 та мурожаатга кўп). Ажрашиш масалалари бўйича мурожаатлар сони 44 та ҳолатга кўпайган. Учта ҳолатда ўз жонига қасд қилишнинг олди олинган. Қолган мурожаатлар ота-оналар ўртасида болалар тартибияси ва алиментлар ундириш масаласи бўйича низолар билан боғлиқ.

Тошкентдаги Зўравонликдан жабрланган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази  (қайноқ линия рақами 1169 – Муаллиф) карантин даврида жуда кўп миқдорда жабрланганларни қабул қилган, шу боис у ерда бўш жой деярли қолмади, деган фикр мавжуд. Афсуски, Anhor.uz мухбирига шелтердаги вазият ва марказда уй зўравонлигидан жабрланганларга янги ҳаёт бошлашга қандай ёрдам беришаётгани ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади, чунки марказ директори билан боғланишга бўлган барча уринишлар муваффақиятсиз бўлиб чиқди.

Anhor.uz билан суҳбатда руҳшунос, психология фанлари магистри Лиана Натрошвили уй зўравонлиги ўсишининг сабабларини айтди.

«Одамлар одатий ҳаёт ритмини йўқотди ва стрессни енгиш имкониятидан маҳрум бўлди. Ҳаммада руҳий зўриқишни бартараф этишнинг турли усуллари бор – тренажёр зали, дўстлар билан учрашув, балиқ ови, аммо энди буларнинг ҳаммаси йўқ. Бунинг устига кўпчилик ишини йўқотиб, молиявий қийинчиликларга дуч келган. Оилалардаги вазият болаларга кўпроқ вақт ажратиш, дарс қилишга ёрдам бериш ва уларнинг ҳордиғини “тўрт девор” орасида ташкиллаштириш кераклиги билан ҳам чуқурлашади. Ойдан-ойга ўтадиган нон-стоп юклама руҳий таъсирланиш ва ҳатто тажовузкорликни чиқармай қўймайди. Шунингдек, низолар COVID-19 пандемиясидан олдин ҳам, ҳамма уйда тўпланадиган дам олиш кунларида юз бериб турган оилалар ҳам талайгина. Бундай оилаларда ҳозир нималар бўлаётганини бир тасаввур қилинг, улар бир ойдан кўп вақт давомида уйдан чиқмасдан ўтиришибди ва йиғилган стрессни квартирадан ташқарида бартараф этиш имкони йўқ», – дейди Лиана Натрошвили.  

Руҳшуноснинг сўзларига кўра, ўз-ўзининг изоляциялаш даврида кўпчилик ўткир ичимликларни кўпроқ истеъмол қила бошлаган, бу ҳам уй зўравонлиги ўсишининг яна бир сабаби ҳисобланади. Аммо асосий муаммо зўравонлик маданиятига бориб тақалади. Бизнинг жамиятда уришга, камситишга ва ҳақорат қилишга ҳаққим бор деб ўйлайдиган одамлар анчагина. Кўпчилик учун ҳокимият ва куч муносабатларда асосий “мулоқот” тили бўлиб қолмоқда.

«Низоли вазиятларда жамиятимиз “Нега эр хотинини уряпти, у нима қилди?” деган саводни беради, яъни жавобгарлик деярли ҳар доим қурбоннинг зиммасида. Саволни мутлақо боқача қўйиш керак: “Нега эркак уришни ўзига эп кўряпти ва унга нима бўлган ўзи?”. Энг даҳшатлиси, аёлларимизда уларнинг устидан зўравонлик юз бераётгани ва уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани борасида тушунча йўқ. Қўл кўтариш айрим оилаларда одатий ҳол сифатида қабул қилинади. Бундай аёлларнинг кўпчилиги эр хотинини уришининг ёмон томони йўқ деган фикр мавжуд бўлган муҳитда улғайган, чунки отаси ҳам бир пайтлар онасини урган. Айниқса бу ҳудудларда кенг тарқалган».

«Албатта, ўз ҳуқуқлари бузилаётганини ва бундай яшаш мумкин эмаслигини тушунадиган аёллар бор, аммо улар қаердан ва қандай қилиб ёрдам олиш мумкинлигини билмайди. Зўравонлик қурбонлари жойларда ҳам ўзбошимчаликка дуч келишади. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари улардан ариза қабул қилмайди, мутахассислар тан жароҳатлари бўйича нотўғри хулоса беради ва малакали ёрдам кўрсатилмайди. Бунинг ўрнига қурбонлар “ўзларинг ҳал қилинглар, бу ўзингизнинг оилавий ишингиз” деган сўзларни эшитадилар. 

Аёллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан натижасиз ёрдам сўраган ва фақат эрлари уларга оғир тан жароҳатларини етказганидан кейингина қурбонлар ўз абьюзерлари жазога тортилишига эришган ҳолатларни биламиз. Муаммо, энг аввало, тизимнинг ўзида, у ҳозирча абьюзерлардан мутлақ ҳимоя кафолати сифатида чиқмаяпти.

Шунингдек Лиана Натрошвили хатар гуруҳига ким кириши мумкинлигини белгилайдиган аниқ мезонларни айтишнинг иложий йўқлигини қайд этади. Зўравонлик эҳтимолий қурбоннинг мақомига, маълумоти даражасига ва унинг яшаш жойига (қишлоқми ёки пойтахт) боғлиқ эмас. Ҳар қандай аёл зўравонлик қурбонига айланиши мумкин. Аммо статистика уй зўравонлигига турмушга чиқмаган аёл ёки собиқ эрлари билан муаммоларга эга ёлғиз оналарга қараганда, кўпроқ болали аёллар учрашини кўрсатмоқда, – дейди руҳшунос.

«Асосий мураккаблик шундики, ҳозирги шароитларда зўравонлик қурбонлари низо чиққан жойни тарк этиши ва, масалан, иккала томон тинчланиб, мулоқотга қайтадиган ҳолатга келгунича, вақтинчалик онаси ёки дугонасиникига бориши қийин. Ҳамма уйда қолишга мажбур, бу тажовузкорликнинг янада авж олишига олиб келади. Яна шуни айтиш керакки, карантин даврида зўравонлик қурбонлари ёнида абьюзер турганида ва ёрдам олишга тўсқинлик қилаётганида, масалан, “шошилинч ёрдам”ни чақириш имкониятидан маҳрум бўлади. Афсуски, юқорида санаб ўтилган сабаблар ва менталитетнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли биз карантин тугаганидан кейин ҳам ушбу муаммонинг кўламини билолмаймиз», – дейди суҳбатдошимиз.   

Руҳшуноснинг сўзларига кўра, ҳозирги вазиятда аёллар уйдаги вазият ва ресурслардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилиши керак. Агар тажовузкордан, масалан, қариндошларникига ёки дўстларникига кетишнинг иложи бўлмаса ва соғлиқ ва ҳаётга таҳдид мавжуд бўлмаса, унда карантин тугашини кутган маъқул, у тугаганидан кейин эса фаол чораларни кўриш лозим. Агар вазият кескин тус олиб, соғлиқ ва ҳатто ҳаёт учун реал таҳдид мавжуд бўлса, унда барча қўнғироқларга чалиш, милиция чақириш, уйдан қочиш зарур.

Муаммонинг давлат даражасида ҳал этилишига тўхталадиган бўлсак, Лиана Натрошвилининг фикрича, бунинг учун жойларда ишлар олиб бориш ва аҳолининг билим даражасини ошириш керак. Бундан ташқари, уй зўравонлиги қурбонлари учун реабилитация марказлари сонини ошириш зарурати бор, улар жамоатчиликдан ёпиқ бўлиши керак. Бу марказлар анонимлик асосида ишлаши, уларнинг манзиллари эълон қилинмаслиги лозим.
 
Элина Рустамова
 
Агар сиз уй зўравонлиги қурбонига айланган бўлсангиз, қуйидаги ишонч телефони орқали мурожаат қилинг:

Руҳшунос: +99897 137 2727
Оператор: +99890 1372424
Юрист: +99897 137 2626

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.