Ўзбекистон қандай қилиб коронавирусга чалиниш даражасини ушлаб туришга муваффақ бўлмоқда

Ўзбекистон қандай қилиб коронавирусга чалиниш даражасини ушлаб туришга муваффақ бўлмоқда

Ўзбекистонда COVID-19 га чалинган беморларнинг соғайиш суръати ошмоқда, вируснинг тарқалиш кўрсаткичлари эса тушиб кетмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти тез ривожланаётган COVID-19 пандемиясига қарши курашаётган ва одамларни уйдан чиқмасликка чақираётган бир пайтда, Хитой, Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Тайван давлатлари аста-секин аввалги, тиббий ниқобларсиз ва изоляциясиз ҳаётга қайтмоқда. Сингапур олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин кунларда ушбу рўйхатга Ўзбекистон ҳам кириши ва МДҲ мамлакатлари орасида эпидемияни олдинроқ енгиб ўтган биринчи мамлакатга айланиши мумкин.
 
Аввал бошиданоқ ҳукумат вируснинг Ўзбекистонни четлаб ўтиши борасида хомхаёлга берилмади. 15 март куни мамлакатда илк бор COVID-19 қайд этилди ва ҳукумат шу куннинг эртасигаёқ тезкор чораларни кўрди: транспорт ва авиапарвозлар тўхтатила бошланди, барча болалар ва ўқув муассасалари ёпилиши ҳақида эълон қилинди, ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари ва савдо марказларининг фаолияти тўхтатилди. Госпиталларни қуриш энг асосий ва стратегик муҳим қарорлардан бирига айланди.
 
Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб COVID-19 га қарши курашиш учун  мўлжалланган госпиталлар қурилишини бошлади. 25 март куни, фақат 55 нафар касал аниқланиб, аммо карантинга жойлаштириладиган одамлар сони оша бошлаганида, касалхоналардаги юкламани камайтириш учун госпиталларни барпо этиш ишлари бошланди. Карантин зонасини нафақат қисқа муддатларда, балки санитария-эпидемиология бўйича энг сўнгги талабларга мувофиқ барпо этиш давлат аҳамиятига эга вазифага айланди. Қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун госпиталлар ва карантин зоналари қурилишида энергия тежамкор материаллар ва технологиялардан фойдаланилди.
 
Беш кун ичида Юқоричирчиқ туманида 10 минг ўринга мўлжалланган дастлабки тез қуриладиган юқумли касалликлар госпитали қуриб битказилди. Унинг ортидан Зангиота туманида 10 минг ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши бошланди. Худди шундай карантин зоналари мамлакат ҳудудларида ҳам ташкил қилинди.
 
БМТ Тараққиёт дастури республиканинг қурилиш соҳасида энергия тежамкор ечимларни жорий этиш борасида биринчилардан бўлди. У 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида яшил қурилиш ва яшил иқтисодиётни илгари суришга йўналтирилган фаолиятни юритиб келмоқда. Лойиҳага грант маблағларини ажратиш ишлари БМТ иқлим ўзгариши бўйича Доиравий Конвенциясининг молиявий механизми ҳисобланган Глобал экология фонди (ГЭФ) томонидан амалга ошириляпти.    
 
Лойиҳани рўёбга чиқариш жараёнида қурилишда энергия тежалишини таъминлаш, углерод изини камайтириш ва, натижада, иқлим ўзгаришининг олдини олиш (иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш) учун иқтисодий жиҳатдан асосли деб тан олинган  қурилиш соҳасидаги энергия тежамкор ва паст углеродли (тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи) техник ечимлар жорий этилди. Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида қишлоқ аҳолиси учун ҳамёнбоп бўлган паст углеродли 800 та бир қаватли 3 хонали уйлар (яъни яшил иморатлар) барпо этилди, жумладан Самарқанд вилоятида 176 та уй, Сухондарё вилоятида 185 та уй, Фарғона вилоятида 206 та уй, Хоразм вилоятида 112 та уй ва Бухоро вилоятида 121 та уй қад кўтарди.

Қурилиш вазирлигининг энергия тежамкор ва паст углеродли уй-жойларни қуриш борасидаги тажрибаси Тошкентнинг Чилонзор туманида яна бир касалхонани қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш имконини берди. Бино энергияни тежаш борасида катта салоҳиятга эга бўлган юқори сифатли инновацион қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қурилди. Бу ерда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур шароитлар кўзда тутилган. 
 
COVID-19 га қарши курашиш доирасида барпо этилган барча тиббий муассасалар мустаҳкам ва пишиқ иншоотлар бўлиб, келажакда кўп профилли тиббий марказлар сифатида фойдаланилиши мумкин. Ушбу клиникалар қисқа муддат ичида қурилганига қарамасдан, тегишли халқаро андозаларга жавоб беради.
 
Бу борадаги муваффақиятли тажриба Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашишга ихтисослашган тиббий муассасаларни қуришга кўмаклашиш имконини берди. Хусусан, 2020 йил май ойида Ўзбекистондан Тожикистонга темир йўл орқали инсонпарварлик ёрдами сифатида ЎСВ (ўпкани сунъий вентиляциялаш) аппаратлари билан жиҳозланган 500 та тиббий контейнер етказиб берилди. Ҳар бир контейнер бу кичикроқ палата бўлиб, унда даволаниш ва яшаш учун барча зарур жиҳозлар мавжуд.
 
Замонавий энергия тежамкор ва паст углеродли уй-жойлар ва касалхоналар қурилиши замонавий қурилиш материаллари бозори билан чамбарчас боғлиқ. Карантин даврида қурилиш материаллари корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажмлари 30-40% га қисқарди, хомашё савдоси ҳам тушиб кетди. “Ўзқурилишматериаллари” Ассоциацияси импорт ўрнини босувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқаришини кенгайтириш ҳамда 2020 йилда энергия тежамкор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва шундай материаллар қўлланадиган объектларни лойиҳалаштиришни кўзда тутувчи 7 та лойиҳани ишга тушириш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
 
Масалан, БМТТД/ГЭФ ва Қурилиш вазирлигининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида қишлоқ жойларида дастлабки паст углеродли индивидуал  уй-жойларни қуришда республикада мавжуд бўлган қурилиш материаллари ва илғор технологиялардан фойдаланиляпти. Хусусан, биноларнинг энергия самарадорлигини ва маиший эҳтиёжлар учун қуёш энергиясидан фойдаланишни таъминлайдиган цоколнинг иссиқлик изоляцияси, поллар ва деворларни базальт қопламалар билан иссиқ қилиш, иссиқликни қайтарувчи юзалардан фойдаланиш, қуёш панеллари ва сув иситгичларини  ўрнатиш шулар жумласига киради. 
 
Бу биноларда электр ва иссиқлик энергиясини тежаш имконияти тақдим этилиши билан бирга, хоналар ичида йилнинг ҳам иссиқ, ҳам совуқ даврида истиқомат қилувчилар, беморлар ва тиббий ходимлар учун қулай шароитлар яратилади, бу эса одамларнинг соғлиғига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. 
Шундай қилиб, ишларни юқори даражада ташкиллаштириш, ўз вақтида ташҳис қўйиш, карантин зоналари ва юқумли касалликлар шифохоналарини қуриш туфайли Ўзбекистон янги касалланиш ҳолатларининг кўпайишига чек қўйишга эришди.

Мавзу бўйича кўринг:

Карантин касалхоналари Ўзбекистонга қанчага тушди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.