Ўзи келди, ўзи йиқилди, ўзи айбдор…

Ўзи келди

Қодир 27 ёшда. Унинг темирйўлчи бўлиш орзуси рўёбга чиққанида, ҳаёти ўзгариб кетди. Унинг орзуси фожиага айланди: 20 ёшида оёғидан ажралди. Кўплаб жарроҳлик амалиётлари, молиявий муаммолар – унинг бугунги ҳаёти ана шундан иборат.
 

Тошкент касб-ҳунар темир йўл транспорти коллежини тугатганидан кейин Қодир “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ишга киради. Унинг вазифаси вагонларни улаш ва ажратишдан иборат эди. Ўша машъум куни у ишда бўлмаслиги керак эди, аммо ишсиз ўтиргиси келмади ва ишга чиқди. Қодир рельсларга йиқилиб тушишдан бир неча дақиқа олдин одатдагидай ҳаракатланаётган поезд зинапоясида тутқични ушлаб туриб, вагонни ажратишга уринганини эслайди.
 
«Кутилмаганда тутқич синиб кетди, мен мувозанатни йўқотдим, аммо бор кучим билан вагонни ушлашда давом этдим. Таркиб танамни ер бўйлаб 10-15 метрга судраб кетди. Мен бошим билан нимагадир урилдим ва танам тўлиқ ерга қулади. Ўнг оёғим поезд остига тушиб қолди, унинг устидан бир нечта вагон ўтиб кетди. Кейин нима бўлганини элас-элас эслайман. Ўзимга келганимда оёғим йўқ эди. Кўз олдим қоронғилашиб кетди – кечагина катта орзулар ва мақсадларга эга соғлом ва бақувват одам эдим, аммо саноқли сониялар ичида ҳаётим чилпарчин бўлди», – дейди Қодир.
 
Ишлаб чиқариш жароҳати учун компенсация масаласи кўтарилганида, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари, Қодир ўша куни ишга чиқмаслиги кераклигини ва бунинг устига поезд ҳаракатланаётган пайтда хавфсизлик техникаси қоидаларига кўра вагонларни ажратиш қатъиян ман этилганини айтиб, бутун жавобгарликни Қодирнинг ўзига юклашга уринди.
 
«Бу ҳақиқатдан ҳам шундай, мен ўзимдан жавобгарликни соқит қилмайман, юз берган ҳодисада бирор кимсани айблашни истамайман. Аммо таркиб ҳаракатланаётган пайтда ишлаш – бу компанияда одатий иш. Кўп ҳолларда таркибни станцияда кўздан кечиришга вақт бўлмайди, шу боис ишни “йўл-йўлакай” якунлашга тўғри келади. Бу ҳеч кимга сир эмас, шу боис компания ходимлари ўзларини бу ҳақда билмаганликка олганларида ҳайрон қолдим. Бунинг устига, ўша куни раҳбариятим вагонни зудлик билан ажратишни буюрди, тортишиб ўтиришга вақт йўқ эди. Шунга қарамасдан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари юз берган воқеа учун жавобгарлик тўлиқ ўзимда экани ёзилган ҳужжатларни имзолашга мени кўндирди. Улар менга воқеани бахтсиз ҳодиса деб тан олишларига ва менга барча зарур ёрдамни кўрсатишларига оғзаки равишда ишонтиришди. Бироқ ҳужжатни имзолаганимдан кейин мен ҳақимда ҳамма унутди. Менга ёрдам кўрсатишларини сўраб, турли идораларга мурожаат қилишимга тўғри келди. Ҳатто протезни ҳам узоқ шикоятлар ва ёрдам ҳақидаги илтимослардан кейингина олишга муваффақ бўлдим. Яъни компанияга учун ишлаб, ногирон бўлиб қолган ўз ходимларини аслида ўз ҳолига ташлаб қўйди», – дейди Қодир.
 
Қодир протезни ва кичикроқ компенсация пулини қийинчилик билан олишга муваффақ бўлди (тўлов миқдори камайтирилган, чунки бахтсиз ҳодиса юридик жиҳатдан ишчининг эҳтиётсизлиги туфайли содир бўлган).
 
«Мен компенсация пулини дарров олганим йўқ, менга уни икки йил давомида бўлиб-бўлиб беришди. Компенсациянинг умумий суммаси 6 млн сўмга яқин пулни ташкил қилди. Мен катта умид билан кутган протезга тўхталадиган бўлсак, ундан фойдалана олмаяпман. Чунки оёғимни нотўғри операция қилишган, шу сабабли бир неча йилдан буён йиринглаб келади. Бу борада тиббий ёрдам сўраб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Марказий клиник касалхонасига бир неча бор мурожаат қилдим, бу ерда йилда икки марта стационар шаклда даволандим. Аммо улар менга ёрдам бера олишмади. Бир неча муваффақиятсиз операциядан кейин ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ касалхонасида мени даволашга бўлган уринишлардан сўнг, шифокорлар яра нима сабабдан битмаётганини тушуна олишмаётганини ва менга қандай ёрдам беришлари мумкинлигини билишмаслигини очиқ айтишди», – дейди суҳбатдошимиз.
 
Ўғлини хусусий клиникаларда даволатиш ва қутқариш учун Қодирнинг онаси қарзга ботган. Бироқ ҳар сафар операциядан кейинги самара қисқа муддатли натижа берарди. Кейинги даволаш ишлари анча маблағни талаб қилишини, оила бюджетида эса улкан “тешик” пайдо бўлганини тушунган ҳолда, Қодир яна ишга чиқишга қарор қилади. Аммо “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ унинг учун компанияда ўрин йўқлигини дарров билдиришади. Ишга тикланиш учун Қодирга икки йил керак бўлди.
 
«Менинг аҳволим билан бошқа компанияга ишга кириш янада қийинроқ бўлишини тушунардим, шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қаттиқ ёпишиб олдим. Бироқ компания турли баҳоналар билан мени умуман ишга олишни истамасди. Охир-оқибат, прокуратурага мурожаат қилишимга тўғри келди, фақат шундан кейингина мени товарлар кассири лавозимига ишга олишди», – дейди Қодир.

Бироқ Қодир кўп ишлай олмади. Муваффақиятсиз операциялар сабабли оёқдаги оғриқлар чекинмасди, у навбатдаги операцияни қилдириш учун мунтазам равишда касаллик бўйича таътил ола бошлади.
 
«Ҳозир мен мутлақо ишга яроқсизман, оилани молиявий жиҳатдан таъминлай олмайман, даволаниш ишларини тўлай олмайман. Ҳар сафар шифокорлар мени бу охирги операция, шундан кейин оғриқлар ҳақида унутишимни айтиб ишонтиришади. Аммо ҳаммаси бефойда. Яра яхши битмаяпти. Кун сайин уйдан чиқишим қийинлашиб бормоқда. Бунинг устига ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мутлақо мослаштирилмаган жамоат транспортидан фойдалана олмайман. Шифокорларнинг олдига таксида боришимга тўғри келади, бу эса оиламиз учун катта харажат», – дейди суҳбатдошимиз.
 
Қодирнинг сўзларига кўра, у бу борада якка эмас. Ҳар йили “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг бир нечта ходими жиддий ишлаб чиқариш жароҳатини олади ва бир умрга ногирон бўлиб қолади, ўлим ҳолатлари ҳам учраб туради.

Қайд этамиз, икки ой олдин Anhor.uz таҳририяти  компенсациялар тўлаш тартиби тўғрисидаги саволга жавоб бериш ҳамда охирги икки йил учун ишлаб чиқариш травмалари бўйича статистикани тақдим этишни сўраб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг матбуот хизматига мурожаат қилганди. Бироқ матбуот хизмати, қонунчиликка зид равишда, ҳамон таҳририят сўровига жавоб бергани йўқ.

«Муаммо кўламларига аниқ баҳо бера олмайман, аммо менинг кузатувларимга кўра, ҳар йили ўнлаб ходимлар жиддий ишлаб чиқариш жароҳатларини олади. Масалан, яқинда яна бир ёш йигит оёғидан маҳрум бўлди. Аслида нафақат “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда ишлаб чиқаришда жароҳат олиш фоизи юқори, бу муаммо кўплаб ишлаб чиқариш тармоқлари учун долзарб. Энг ачинарлиси, кўп ҳолларда иш берувчилар, юз берган воқеа учун жавобгарликни ишчиларнинг ўзига юклаган ҳолда, ўз мажбуриятларидан қочишга ҳаракат қилади, жабрланганлар эса ўз ҳуқуқларини исботлашга ва қонун бўйича тўланиши керак бўлган тўловларнинг орқасидан қувишига тўғри келади. Компенсация миқдорини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Кўп ҳолларда ишчиларга жуда кам пул тегади, у даволанишга ва реабилитацияга умуман етмайди», – дейди Қодир.   
 
Қодирнинг оиласи қийинчилик билан тирикчилик қиляпти. Ягона даромад манбаи – бу фаррош бўлиб ишлайдиган онасининг маоши ва Қодирнинг пенсияси. Биргаликда уларнинг даромади 1 млн сўмга чқин. Бир неча йил олдин улар квартирасиз қолишди ва кредитга квартира олиш учун яна қарзга ботишга мажбур бўлишди. Авваллари қариндошлари ва яқинлари уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган бўлса, пандемия даврида маълум сабабларга кўра улар кўмаксиз қолишди ва оиланинг аҳволи янада ёмонлашди. Квартира учун тўлашга пул йўқ, даволанишга ҳам пул йўқ. Ҳозир Қодирнинг ягона қувончи – қизи. 24 ёшида Қодир уйланиб, бир йилдан сўнг дада бўлди.
 
«Агар бу мудҳиш ҳолат давом этмаганида, тақдирга тан берган бўлардим ва янгидан бахтли ҳаёт кечиришга ҳаракат қилардим. Аммо етти йилдан бери шу аҳволимда бир касалхонадан иккинчисига югуряпман. Оғриқлар, яллиғланиш жараёнлари, яранинг йиринглаши мени тарк этмаяпти. Йилда бир неча марта жарроҳлик пичоғи остига ётишимга тўғри келяпти. Эртага мен билан нима бўлишини билмайман, чунки даволанишга бошқа пулимиз қолмади, аҳволим эса ёмонлашиб боряпти. Онамга ва рафиқамга қараш менга оғир, улар мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, аҳволимни енгиллаштиришга ҳаракат қилишяпти, аммо бу бефойда», – дейди Қодир.
 
Ҳаммасидан ҳам у ҳозирча соғлом бўлган, лекин сўнгги пайтларда тез-тез оғриётган иккинчи оёғини йўқотишдан қўрқади. Ўзининг ер билан сўнгги “таянчи”ни сақлаб қолиш учун Қодирга нафақат даволаниш ва реабилитация учун маблағ, балки сифатли тиббий ёрдам кўрсата оладиган ва яллиғланиш жараёнини тўхтатишга қодир бўлган малакали шифокорни ҳам топиши зарур.
 
«Менда муносиб ва оғриқсиз яшаш учун имконият пайдо бўлишига жуда умид қиламан. Ҳукумат бизга эътибор қаратишига ва республикамиздаги ногиронлиги бўлган фуқароларнинг  ҳаёти яқин йилларда оз бўлса-да яхшиланишига жуда умид қиламан», – дея хулоса қилади Қодир.
 
Элина Рустамова

Мавзу бўйича ўқинг:

Метро: ногиронлиги бор кишиларга қандай қулайликлар яратилган

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.