ЎзЛиДеП такси хизматларини легаллаштиришнинг бюрократик жараёнини соддалаштиришни таклиф этди
ЎзЛиДеп фаоллари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида таксини сариқ рангга бўяшдан воз кечиш ҳамда лицензияни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш лозим деган ташаббус билан чиқди.
ЎзЛиДеП фракциясидан депутатликка сайланган Абдурашид Абдуқодировнинг сўзларига кўра, бугунги кунда банд аҳолининг 30% норасмий ишлайди. Бунга турли бюрократик тўсиқлар билан боғлиқ ишга жойлашишнинг мураккаб процедураси сабабчи.
«Мисол учун, нима сабабдан маълум миқдордаги таксичилар расман рўйхатдан ўтишмаяпти? Бунинг асосий сабаблари: машинанинг рангини ўзгартириш зарурлиги, янги рақам олиш ҳамда қўшимча тўловларни тўлаш кераклигида. Лекин ушбу талабларни минимал даражага келтириш мумкинку? Буларнинг барчасини фуқаро фаолиятни бошлашидан олдин, яъни ҳеч қандай фойда олинмаётган пайтда қилиш керак. агар расмийлаштириш механизми соддалаштирилса, унда ноқонуний киракашларнинг катта қисми қонуний фаолиятга ўтади”, – дейди у.
Чекка ҳудудларда такси хизматларини кўрсатишни ният қилган ҳайдовчилар учун юқоридаги процедуралардан ўтиш харажатлари катта бўлиб кетади. Шу боис ЎзЛиДеП мамлакатнинг чекка ҳудудларида фаолият кўрсатувчи таксичиларни бундай мажбуриятлардан вақтинчалик озод этиш бўйича парламентга ўз таклифларини киритди. Бироқ Абдуқодиров таксичиларни ушбу мураккаб процедуралардан айнан қандай муддатга озод этиш таклиф қилинганига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, у лицензион таксини мажбурий расмийлаштириш қоидалари республиканинг йирик шаҳарларида, мамлакатнинг туристик ва вилоят марказларида ҳамда пойтахтда қолиши кераклигини қайд этди, бу Ўзбекистон имижига ижобий таъсир кўрсатади, деди у.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда республикада лицензион такси аниқ талабларга жавоб бериши керак. Қонуний таксига лицензион карточка берилади, автомобиль салонига солиқ хизматида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса аппарати ва тўлов терминали ўрнатилади. Пойтахтдаги таксилар сутранг тусда, ҳудудларда эса сариқ рангда бўлиши керак.
Яна бир қатъий қоида: йўловчиларни тижорат мақсадида фақат юридик шахс ташиши мумкин. Агар хусусий шахс йўловчи ташиш билан шуғулланишни истаса, у аккредитациядан ўтган исталган таксомотор парки билан шахсий автомобилга ҳам, ижарага олинган автомобилга ҳам шартнома тузиши лозим. Бунда енгил автомобиль эгаси жорий курс бўйича 75 доллар миқдорида давлат божини тўлайди.
Ўзбекистонда ноқонуний йўловчи ташиганлик учун хусусий шахсларга энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробаригача, амалдор шахслар учун 50 дан 150 баробаригача жарима кўзда тутилган.
Манба: Спутник нашри
Шарҳлар