UZPAYNET компанияси New Industrial Technologies компаниясига сотилди
Статистика агентлигининг маълумотларида кўрсатилганидек, UZPAYNET МЧЖдаги давлат улуши New Industrial Technologies масъулияти чекланган жамиятига сотилган. Битимнинг аниқ санаси номаълум бўлса-да, мулкдорнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар ўтган йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.
New Industrial Technologies 2019 йилда 273 миллиард 560 миллион сўм устав капитали билан ташкил этилган. Компания таъсисчилари икки жисмоний шахс – Алекс Ли (60%) ва Мустафо Абдраҳмонов (40%) бўлиб, иккинчисига Asia Alliance Bank’нинг асосий акциядори бўлган Asia Alliance Group МЧЖнинг 77,6% улуши ҳам тегишли.
UZPAYNET МЧЖ 2005 йилда Ботир Арифжонов ва унинг ҳамкорлари томонидан яратилган Paynet тўлов тизимининг оператори ҳисобланади. Ўз навбатида, бренд эгаси ҳисобланган UZPAYNET МЧЖ давлат тасарруфига ўтказилган ва тадбиркорнинг ўзи компанияни тарк этган.
2014 йилдан бошлаб UZPAYNET “Халқ банки” АК қошида тўлиқ ишлай бошлади. 2018 йил май ойида компания фаолиятини тўхтатгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди, бироқ кейинчалик маълум бўлишича, фаолият тўхтамаган ва бренд бутунлай Ҳалк Банкининг мулкига айланган.
2022 йил 1 апрель куни Paynet бренди ҳаммуассиси Ботир Арифжонов бўлган Instant Payment Solutions МЧЖга ўтказилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ, бу маълумотлар тасдиқланмади.
Кейинчалик «UZPAYNET» МЧЖ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди. 2022 йилда агентлик консалтинг компанияси компанияни хусусийлаштиришини маълум қилган, бироқ бу борада аниқ чоралар кўрилмаган.
Шарҳлар