Ўзбекистонда инклюзив иш билан таъминловчи портал ишга тушди
24 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг конференц-залида ногиронлиги бор шахсларни очиқ меҳнат бозорида ишга жойлаштириш учун www.ishplus.uz махсус рекрутинг веб-порталини ишга тушириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Anhor.uz мухбири хабар беради.
Ўзбекистонда ногиронлиги бор 630 мингдан ортиқ шахс рўйхатдан ўтказилган бўлиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра улардан 162, 2 мингтаси “меҳнатга лаёқатли ва алоҳида иш турларини бажариш имкониятига эга” деб тан олинган. Бироқ 2020 йил ҳолатига кўра меҳнатга лаёқатли шахсларнинг умумий сонидан фақат 21,1 мингта ёки 13% турли ногиронлик шаклларига эга шахслар расман ишга жойлашган.
2019 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги вазият бўйича таҳлили меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бор шахслар сони 346 084 кишини ташкил этишини кўрсатди, улардан фақат 7,1% гина расман ишга жойлашган. Тадбирда ногиронлиги бор шахсларда иш топиш имконияти ногиронлиги йўқ шахсларга қараганда тахминан тўрт баравар камлиги қайд этилди. Шу билан бирга, қишлоқ жойларида ногиронлиги бор шахсларнинг 5,8% гина иш билан таъминланган, ногиронлиги бор аёлларнинг аҳволи эса эркакларникига қараганда анча ёмон – аёлларнинг бор-йўғи 4,4% ва эркакларнинг 8,9% ишга эга.
Бошқа маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор кишиларнинг фақат 2% иш билан таъминланган, бу масъул идораларнинг қониқарсиз фаолиятидан далолат беради. COVID-19 пандемияси ва қатъий карантин чоралари шароитларида ногиронлиги бор кишиларнинг, айниқса ногиронлиги бор аёллар ва ёшлар ишга жойлашиш муаммоси янада долзарблик касб этди.
“www.ishplus.uz махсус рекрутинг веб-портали орқали очиқ бозорда ногиронлиги бор шахсларни муносиб иш билан таъминлаш” лойиҳаси ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан амалга оширилаётган БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликдаги дастури доирасида тақдим этилган кичик грант туфайли Тошкентнинг «ШАРОИТ ПЛЮС» Ногиронлар жамоатчилик бирлашмаси томонидан амалга оширилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ва СENTIL адвокатлик фирмаси лойиҳанинг асосий миллий шериклари ҳисобланади.
Тадбирда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска лойиҳанинг кейинги натижаларини кузатиш муҳимлигини қайд этди. Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларининг координатори вазифасини бажарувчи Матье Лемуан ушбу лойиҳани илгари суриш ҳамда ногиронлиги бор кишиларга веб-портал билан ишлашда ёрдам кўрсатиш учун иккита консультант ёлланганини маълум қилди.
Мамлакатлар меҳнат бозорида ногиронлиги бор кишиларни ҳисобга олмаслиги сабабли 7% ЯИМни йўқотади
Халқаро меҳнат ташкилотининг катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструпнинг сўзларига кўра, инклюзив меҳнат бозори – бу иқтисодий ва бизнес имкониятлардир. Мамлакатлар меҳнат бозорида ногиронлиги бор кишиларни ҳисобга олмаслиги сабабли 7% ЯИМни йўқотади.
Порталнинг асосий вазифаси – бир томондан, муносиб иш топишда қийналаётган меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бор шахсларга ёрдам беришдан, иккинчи томондан эса, иш берувчиларга ногиронлиги бор малакали ходимларни топишга ёрдам беришдан иборат. Ногиронлиги бор кишилардан аризаларни қабул қилиш портал орқали амалга оширилади (резюме шакли онлайн тўлдирилади, резюме телефон орқали мутахассис маслаҳати ёрдамида тайёрланади). Шу тарзда ногиронлиги бор талабгорларнинг маълумотлар базаси яратилади.
Натижада порталда ногиронлиги бор кишилар учун вакансиялар, стажировкалар ва касб курслари базаси яратилади. Бошқача қилиб айтганда, www.ishplus.uz ногиронлиги бор шахслар учун очиқ меҳнат бозорида инклюзив ва имконли кадрлар агентлиги сифатида фаолият кўрсатади.
Портал ногиронлиги бор кишилар учун мослаштирилган
Лойиҳа раҳбари Дилмурод Юсупов портал кўзи ожиз кишилар учун мослаштирилган бўлиб, унда шрифтни катталаштириш ҳамда ранглар гаммасини ўзгартириш имконияти мавжуд. Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатдаги мақсад – ногиронлиги бор кишилар учун 500 та вакансия яратиш.
Лойиҳа координатори Азиз Абдуллаев иш берувчиларда кўп ҳолларда билимлар даражаси етарли эмаслигини, кўпчилик ногиронлиги бор шахсларни ишга олиш бўйича 3% лик квота мавжудлиги ҳақида билмаслигини қайд этди. Шунингдек у ТМЭК (тиббий-меҳнат эксперт комиссияси)нинг у ёки бу ногиронлиги бор шахс меҳнатга лаёқатсиз экани кўрсатиладиган маълумотномаларни бериш амалиёти ҳақида ҳам гапириб берди.
«Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Ўзбекистон Конституцияси ва Меҳнат кодексида ҳар бир кишида ишлаш ҳуқуқи борлиги ҳақида сўз боради».
Азиз Абдуллаев ишга жойлашиш пайтида ўзи ҳам камситилишга учраганини гапиради. 2-гуруҳ ногирони бўлгани учун ундан тез-тез унинг ишлай олиши ва ишни уддалай олиши ҳақида сўрашаркан. Бу тўғридан-тўғри ҳуқуқбузарлик, дея қайд этади у.
Азиз Абдуллаев бошқа муаммоларни ҳам келтиради, масалан, иш берувчилар томонидан ногиронлиги бор кишилар ўз иш фаолиятига қўшадиган ҳиссанинг камайтирилиши, ногиронлиги бор кишилар ўз имкониятларини муносиб баҳолай олмасдан ўзларини камситиши ёки иш берувчиларнинг ishplus.uz сайтида вакансияларни жойлаштиришни истамаслиги шулар жумласидандир.
Иш берувчиларни рағбатлантириш ва кейинги режалар
Портал ногиронлиги бор шахсларни ишга жойлаштиришдан кўриладиган афзалликлар, имтиёзлар ва преференциялар ҳақида консультация хизматларини кўрсатиш орқали иш берувчиларни хусусий ва давлат секторларида имконли вакансияларни очишга рағбатлантиради.
Портал нафақат уларга иш топишга ёрдам бериш учун, балки ногиронлиги бор кишиларга улар очиқ меҳнат бозорида ишга қабул қилинганидан кейин ўз иш жойига мослашиш имкониятини кафолатлаш учун ҳамкорларга консультациялар бериш хизматини яратиш учун ҳам мўлжалланган. Иш излаш бўйича хизматлар ногиронлиги бор шахслар учун бепул тақдим этилади.
Мазкур лойиҳанинг инновацион афзалликларидан бири иш излаш ва очиқ меҳнат бозорида мослашиш бўйича барча ижтимоий хизматлар онлайн – рекрутинг портали, лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари ва махсус Telegram-бот орқали амалга оширилад. Шунингдек, COVID-19 пандемияси шароитларида онлайн режимида ишга жойлаштириш бўйича барча хизиматларни олиш ногиронлиги бор шахсларнинг касалланиш хавфини камайтиради.
Портал, шу билан бирга, “Энг инклюзив иш берувчи” мукофотини жорий этишни, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан меморандум имзолашни, талабгорлар ва иш берувчилар учун тренинглар ўтказишни ҳамда улар учун қўлланмалар ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Айни пайтда лойиҳа Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, келгусида уни бутун мамлакат бўйлаб амалга ошириш режалаштирилган.
Шарҳлар