Жаҳон банки: Тошкентда биноларнинг 85% ногиронлиги бор кишилар учун мослаштирилмаган

Избирательный участок на президентских выборах (2021 год). Источник: Дана Опарина/Anhor.uz

Ўзбекистон аҳолисининг камида 2% мажбурий ижтимоий изоляцияда яшамоқда. Чунки улар – ногиронлиги бор инсонлар. Мамлакатнинг энг ривожланган шаҳри – Тошкентда – бинолар ва ижтимоий инфратузилма объектларининг 85% ногиронлиги бор кишилар фойдаланиши учун мослаштирилмаган, қолган шаҳарлар ва қишлоқлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳолбуки 2009 йилдаёқ “Санитария қоидалари ва нормалари”да мамлакатда барча турдаги бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуришда ногиронлар ва аҳолининг мобиллиги паст гуруҳларининг эҳтиёжлари инобатга олиниши кераклиги белгиланганди.

Жаҳон банки (ЖБ) Ўзбекистонда ногиронлиги бор кишилар тўқнаш келаётган ижтимоий-иқтисодий таҳдидларни таҳлил қилди ва унинг якунлари бўйича маъруза чоп этди, деб ёзади “Фергана” нашри. Маърузада ушбу аҳоли гуруҳининг соғлиқни сақлаш, таълим, реабилитация хизматларидан ва ёрдамчи реабилитация воситалари, меҳнат бозори, инфратузилма, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имконияти ҳамда COVID-19 нинг ногиронлиги бор кишилар ҳаётига таъсири ва уларнинг муаммоларни ҳал қилиш учун ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар баҳоланган. Қуйида ЖБ тадқиқотидан парчалар келтирамиз.

Ногиронлик бўйича статистика

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор кишилар аҳолининг 2,1% ни ташкил қилади.

ЖБ таҳлилчилари функциялар бузилишининг у ёки бу шаклига бутун дунёда одамларнинг 15% эга эканига ва уларнинг 80% га яқини ривожланаётган мамлакатларда яшашига таянган ҳолда, бу маълумотлар пасайтириб кўрсатилган деб ҳисобламоқда.

«Расмий маъмурий маълумотларга кўра, 2019 йил якунида Ўзбекистонда 693 900 нафар ногиронлиги бор шахс (295 500 нафар аёл ва 398 400 нафар эркак) пенсия ва ижтимоий нафақа олган, шу жумладан уларнинг 111 300 нафари 16 ёшгача бўлган болалар (48 800 нафар қиз ва 62500 нафар ўғил бола)», — дейилади ЖБ маърузасида

Банк таҳлилчилари “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” деб номланувчи уй хўжаликларини кўрикдан ўтказиш жараёнида уч ёш ва ундан катта аҳолининг 13,5% га яқини у ёки бу ногиронлик шаклига эканини, бунда фуқароларнинг 3,5% да ногиронликнинг оғир шакллари борлигини аниқлади.

Бундай одамлар уй хўжаликларининг 45% да яшайди, уларнинг 14% ногиронликнинг оғир шаклига эга шахслар. Ногиронликнинг тарқалганлик даражаси ёш билан боғлиқ: 60 ёш ва ундан катта кишиларнинг 54% ногиронликнинг у ёки бу шаклига эга.

Маъмурий маълумотлар ва текшириш натижасида олинган маълумотлар орасидаги жиддий фарқни қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Хусусан:

— ногиронликни юридик жиҳатдан тушуниш (у касалликка ва меҳнатга лаёқатсизликка тенглаштирилади);

— тиббий-маслаҳат комиссияларида (ММК) ва тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида (ТМЭК) ногиронликни қайд этиш учун тўсиқлар;

— ногиронликни рўйхатга олиш билан боғлиқ харажатлар (масалан, транспорт, айниқса қишлоқдан шаҳар марказларига бориш, ариза бериш учун ҳужжатларни тайёрлаш, ММК/ТМЭК қўмитаси аъзоларига норасмий тўловлар ва ҳ.к.);

— маданий омиллар ва улар билан боғлиқ стигматизация, улар ногиронлиги бор болалар ва катталарнинг ҳамда уларнинг оила аъзоларининг ногиронликни рўйхатдан ўтказишга бўлган мотивациясини пасайтиради.

Гендер омили ва ногиронлик

Расмий маъмурий маълумотларга кўра, ногиронлиги бор қизлар ва аёллар сони 2007 йилдаги 408 900 нафар аёл ва 68 800 нафар қиздан 2019 йилда 295 500 нафар аёл ва 48 800 нафар қизгача камайган. Қайд этилган кўрсаткичларнинг бундай жиддий камайиши сабаби номаълум.

Ногиронлиги бор аёллар ва қизлар, уй хўжаликларида шундай оила аъзоларини яширишга туртки бўладиган ҳамжамиятлардаги турғун стигмалар сабабли ўзларининг ТМЭКда ногирон мақомини расмийлаштиришда қўшимча тўсиқларга ҳам дуч келишлари мумкин.

Ногиронлиги бор қизлар ва аёллар гендер зўравонлигига кўпроқ мойил бўлса-да, бундай ҳолатлар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти

БМТ томонидан 2019 йилда ўтказилган Ўзбекистонда ногиронлиги бор болалар ва катталар билан боғлиқ вазият таҳлили  уларнинг 25% зарур тиббий хизматларни олмаслигини кўрсатди (ногиронлиги бўлмаганлар орасидаги 10% билан солиштирганда).

Ногиронлиги бор шахслар тайинланган дори-дармонларни деярли уч баравар кўпроқ олиш имконига эга эмас. Улар тиббий хизматлардан фойдаланишда тиббиёт муассасасигача етиб олиш имконияти йўқлиги (айниқса қишлоқ жойларда) каби кўплаб тўсиқларга дуч келади.

Ногиронлиги бор шахслар учун тиббий муассасаларда пандуслар, лифтлар ва сурдотаржима каби тегишли инфратузилма мавжуд эмас. Шунингдек айрим тиббий ходимлар ҳам ногиронлиги бор шахсларга нисбатан қўпол муомала қилади.

Ногиронлиги бор шахслар индивидуал реабилитация дастури (ИРД)ни олиш ҳуқуқига эга, бироқ амалда уни ҳар доим ҳам тайинлашмайди, чунки ТМЭК ходимлари тегишли малака ва тажрибага эга эмас. Ногиронлиги бор шахсларнинг фақат 37,3% уларда ИРД борлиги ҳақида маълум қилди, 50% бундай дастурлар ҳақида эшитмаган, 17,9% эса уларни ҳеч қачон олмаган.

Реабилитация ва реабилитация учун ёрдамчи воситалар

БМТнинг 2019 йилдаги сўрови индивидуал аравачалардан жисмоний функциялари бузилган шахсларнинг фақат 26,9% фойдаланишини кўрсатди; респондентларнинг 73,1 фоизи эса сиатли ногиронлар аравачасидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган.

Тадқиқот иштирокчиларининг 43,6%  реабилитация учун ёрдамчи воситалар ва хизматларга эҳтиёжи борлигини билдирган.; уларнинг фақат 21,5% да бундай воситалардан фойдаланиш имконияти бўлган ва фақат 2,8% давлат муассасаларидан шундай воситаларни олган.

Ногиронлиги бор болалар реабилитация воситалари ва инструментларидан катталарга қараганда сезиларли даражада камроқ фойдаланиш имкониятига эга. Илк аралашув хизматлари тақдим этилмайди, ногирон фарзандлари бор оилалар улардан фойдаланиш имконини ололмаяпти.

Ногиронлиги бор шахслар учун тўсиқсиз муҳит

Ногиронлиги бор шахслар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш талаби Ўзбекистоннинг турли қонунларида ёзилган. Бироқ яқинда ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, Тошкентдаги бинолар ва ижтимоий инфратузилма объектларининг 85%,  шаҳарда 70 000 нафар ногиронлиги бор  шахс ва яна 300 000 нафар кексалар яшашига қарамасдан, ногиронлиги бор кишилар учун мослаштирилмаган. Шунингдек жамоат транспортининг ногиронлиги бор кишилар учун имконлилик даражаси ҳам қониқарсиз, бу шундай кишилар учун жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга эга.

Шундай қилиб, ногиронлиги бор, айниқса жисмоний функциялари бузилган шахслар мажбурий ижтимоий изоляцияга тушиб қолмоқда,  улар бошқаларга кучли боғланган бўлиб, шаҳарлардаги ҳаёт афзалликларидан маҳрум.

Таълим олишдан фойдаланиш имконияти

Ногиронлиги бор болаларда ногиронлиги бўлмаган болаларга қараганда мактабгача таълимдан фойдаланиш имконияти даражаси қарийб 20% га паст, бу ногиронлиги бор болалар ни катта синфларда ушлаб қолиш кўрсаткичларини ёмонлаштириши мумкин.

2020 йилда мамлакатда жисмоний ёки руҳий ривожланишида бузилишлар бор бўлган болалар учун 86 та ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернат фаолият кўрсатиб, уларда 21 200 нафар бола ўқиган, шу жумладан  6 100 нафари санатория типидаги 21 та мактаб-интернатда (сил ва суяк касалликларига эга болалар учун), узоқ вақт давомида тиббий даволанишга эҳтиёжи бўлган 13 300 нафар бола эса уйда индивидуал тартибда ўқитилган.

2014-2016 йилларда Европа Иттифоқи (ЕИ) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун инклюзив таълим” дастури амалга оширилди. Лойиҳа доирасида бешта вилоятда дастлабки инклюзив мактаблар ташкил қилинди; 150 дан ортиқ тиббий ходим, руҳий-педагогик комиссиялар ва 1 300 дан ортиқ ўқитувчи инклюзив таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ўқитилди; ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича таълим муассасаларининг ўқув дастурларига инклюзив амалиётлар бўйича учта модул киритилди; инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжларига эга 2 000 дан ортиқ бола ва уларнинг ота-оналари учун ташкил қилинди.

Тошкент, Самарқанд, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида бешта экспериментал ресурс маркази ва 15 та экспериментал мактаб ташкил қилинди, уларда енгил ногиронлик шаклларига эга 800 дан ортиқ бола таълим олади.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йил учун маълумотларига кўра, инклюзив таълим тизимлари умумтаълим мактабларининг 18,4% да жорий этилган, ушбу кўрсаткични 2025 йилга келиб 51% гача ошириш режалаштирилган.

Тажриба тариқасида 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистондаги 42 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим тизими жорий этилди. Натижаларга кўра ушбу тажрибани республикадаги бошқа ўқув муассасаларида ҳам қўллаш режалаштирилмоқда.

Бироқ ўрта умумтаълим мактабларида ногиронлиги бор шахслар учун имконли бўлган бинолар ва ҳожатхоналар, оқилона мосламалар (сурдотаржимонлар, Брайл шрифтидаги дарсликлар)  ва малакали ходимлар йўқ. Шунингдек тўсиқсиз муҳит мамлакатдаги ўрта-махсус ва олий ўқув юртларида ҳам мавжуд эмас.

Бандликдан фойдаланиш имконияти

Ногиронлиги бор шахсларда ногиронлиги йўқ шахсларга қараганда иш топиш имконияти тахминан тўрт баравар кам.

2019 йилда 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган ногиронлиги бор эркакларнинг 8,9% ва аёлларнинг 4,4% расман ишга жойлашган.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг тузилмаси ногиронлиги бор шахсларнинг умумий меҳнат бозорида иг излаш мотивациясини пасайтиради. Ногиронлик бўйича нафақалар олиш имконияти ТМЭК кимни тиббий нуқтаи назардан “меҳнатга лаёқатсиз” сифатида баҳоласа, ўшалар билан чекланган бўлиб, бу меҳнат бозоридан ногиронлиги бор шахсларни чиқариб ташлайди. Ногиронлиги бор ишлайдиган кишилар ТМЭКдаги мунтазам тиббий кўриклар пайтида ўз нафақаларини йўқотишдан қўрқади ва шу боис кўп ҳолларда норасмий секторда ишлашни афзал кўради. Бироқ ногиронлик белгиси бўйича камситиш у ерда янада юқорироқ, иш ҳақи эса расмий секторга қараганда тахминан икки баравар кам.

Ижтимоий ҳимоя

Ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ногиронлик бўйича нафақалар, имтиёзлар ва ижтимоий хизматларни ўз ичига олади. Ногиронлиги бор шахслар ва уларнинг оилалари ногиронлик бўйича нафақалар миқдори етарли эмаслигини ва улар функционал бузилишлар оғирлигини ва улар билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳисобга олмаслигини айтади.

Болалар ногиронлиги бўйича нафақа ногиронлиги бор болаларга 16 ёшгача ва ОИВга чалинган шахсларга 18 ёшгача тўланади; 2020 йил ҳолатига кўра у ойига 513 350 сўмни ташкил қилган. Бу дастур оғир ногиронлик шаклларига эга болаларнинг фақат 52% ни қамраб олади, кўплаб оилалар эса ундан фойдаланиш имкониятидан маҳрум.

Маъмурий маълумотларга кўра, рўйхатга олинган 484 000 нафар ногиронлиги бор шахснинг 66% ижтимоий суғуртага тўланган бадаллар ҳисобидан тўланадиган ногиронлик бўйича пенсияни олади, 30% болалигидан ногиронлиги бор шахс сифатида тан олинганлар учун ногиронлик бўйича нафақани олади ва фақат 4% кишигина катта ёшда ногиронли бўлган, бироқ Пенсия жамғармасига бадал тўламайдиган шахсларга тўланадиган ижтимоий пенсияни олиш имкониятига эга. Кексалик бўйича нафақа фарзандларининг ривожланишида туғма нуқсонлар бўлган ва уларда 50 ёшга етганидан кейин ишлаш тажрибаси бўлмаган оналарга тайинланади.

Оғир ногиронлик шаклларига эга болалар ва катталарнинг фақат 46% гина ногиронлик бўйича нафақалардан фойдаланиши мумкин.

Асосий тўсиқларга ногиронлик бўйича нафақалар ҳақида билмаслик, нафақа олишга ариза бериш жараёнида юзага келадиган қўшимча харажатлар ҳамда қоғозбозлик ва ногиронликни баҳолашнинг шаффоф эмаслиги киради. Ногиронлик бўйича нафақалар минимал мақбул ҳаёт даражасини таъминлаш харажатларини ёки ногиронлик билан боғлиқ қўшимча харажатларни қопламайди.

COVID-19 нинг таъсири

Ҳукумат ҳаракатланишга қатъий карантин чекловларини жорий этганидан кейин Кўзи ожизлар жамияти ва Карлар жамиятининг махсус устахоналари ёпилди, ушбу корхоналарда жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган сенсорли бузилишларга эга ишчилар эса иш ва даромадни йўқотди.

Изоляция даври норасмий меҳнат бозорида (масалан, Тошкентдаги кар ва яхши эшитмайдиган парковкачилар) банд бўлган ногиронлиги бор кишиларга жиддий таъсир кўрсатди.

ЖБ томонидан ўтказилган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” уй хўжаликларини текшириш COVID-19 нинг ногиронлиги бор шахслар учун ҳамиятлар даражасидаги таъсир хатарларини аниқлади.

Бу даврда ногиронлиги бор кишиларнинг кўпчилиги бозорга боришда катта қийинчиликларга учраган. Изоляция даврида уларнинг руҳий соғлиғи ёмонлашган ҳолатлар ҳақида хабарлар олинган. Сўровда қатнашган маҳаллалар раисларининг деярли тўртдан бир қисми (24%) пандемия даврида ногиронлиги бор кишиларнинг эҳтиёжлари ошиб кетганини қайд этган.

Ногиронлиги бор шахсларнинг  ижтимоий инклюзияси бўйича ЖБнинг муҳим тавсиялари:

– қонунчиликни ва миллий сиёсатларни БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси (БМТ Конвенцияси) қоидалари ва тамойилларига мувофиқ ҳолатга келтириш;

– функционал чекловлар ва ногиронликнинг тарқалиш даражаси билан боғлиқ статистика ва маълумотларни тўплаш тизимини халқаро тан олинган таърифлар ва воситаларга мувофиқ ҳолатга келтириш;

– БМТ Конвенциясининг амалга оширилиши бўйича идоралараро мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмларини кучайтириш;

– ногиронлиги бор шахсларнинг маҳаллик ташкилотлари ва ННТнинг салоҳиятини ошириш;

– ногиронлиги бор шахсларга нисбатан нормалар ва хатти-ҳаракатларнинг ўзгаришига кўмаклашиш;

– универсал дизайн ва имконлилик тамойилини жорий этиш;

– ижтимоий хизматлар ва ишларни юритиш амалиётларини, маҳалла каби мавжуд тузилмалардан фойдаланган ҳолда ҳамжамият даражасида реабилитация қилиш бўйича ЖССТнинг раҳбар кўрсатмаларини жорий этиш йўли билан кучайтириш;

– инклюзив таълим ва ишга жойлашиш амалиётларини илгари суриш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.