Жиззах вилоят аёллари ва уларнинг оилалари «Қалб нури» маркази эътиборида
Марказ аёлларга ва болаларга нисбатан номуносиб ҳатти-ҳаракатлар ва уларнинг олдини олиш, оилавий келишмовчиликларни ҳал этиш йўллари ҳамда ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида вилоятнинг шаҳар ва туманларида тадбирлар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Она ва бола саломатлигини мухофаза килиш, соглом авлодни шакллантиришга доир кушимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида»ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида»ги Қарори ижроси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Конвенцияси ижроси юзасидан №10-7 сонли «Аёлларга нисбатан камситилишни бартараф этиш Қўмитасининг якунловчи мулоҳазаларини амалга ошириш бўйича Миллий Ҳаракат дастури» бўйича тарғибот ишларида иштирок этди.
Марказга жами мурожаатлар сони 328 тани ташкил этди. Шулардан 66 тага психологик, 64 тасига ҳуқуқий, 180 тасига тадбиркорлик бўйича зарур маслаҳатлар берилди. 2 таси бошпана сўраган бўлиб, ётоқхонага жойлаштирилди. 2 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 4 нафарига моддий кўмак берилди. Яна 10 нафар бошқа масалалардаги мурожаатчиларга тегишли тавсиялар берилди.
Аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Лойиҳанинг тадбиркорликка йўналтириш орқали ўз бизнесларини бошлашларига ўргатиш ва иқтисодий жиҳатдан мавқеини ошириш ҳамда турмуш фаровонликларини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида лойиҳага киритилган вилоятнинг 8 та ҳудудида яъни Жиззах шаҳри, Арнасой, Жиззах, Ғаллаорол, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод ва Пахтакор туманларида ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган (жами 400 нафар) аёллар ва коллеж битирувчи қизларини тикувчилик, пазандачилик ва сартарошлик ҳунарлари бўйича қисқа муддатли бепул ўқув курсларида ўқитиш бўйича ўтказилган ўқув курсларида бепул ҳунар ўрганганлар сони 449 тани ташкил этди.
Тадбиркорлик асослари бўйича ўтказилган семинарларда эса 1200 дан зиёд аёллар мутахассислардан кредит олиш тартиблари, солиқ имтиёзлари, бизнес режа тузиш ва бошқа ўз тадбиркорликларини бошлаш ва ривожлантириш бўйича тегишли маслаҳатлар олдилар.
Вилоятнинг чекка ҳудудларида, айниқса, қишлоқларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва шу соҳада ўз фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга бизнес режа тузиш, молиявий ҳисоб-китоб юритиш, маркетинг (бозорни ўрганиш), кредит олиш тартиблари билан танишиш борасида маслаҳатлар бериб, аёлларга кредит олиб ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишларида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган гуруҳ томонидан аёллар ўртасида оилавий бюджетни аниқлаш, йиллик тахлил ўтказиш, ойлик ҳаражатларни бошқариш, молиявий режалаштиришни мукаммаллаштиришга ўргатувчи «Менинг оилавий бюджет китобчам» номли кундалик дафтарлари келтирилиб, тарқатилди, шунингдек, уларнинг омонатларини банкларда жамғаришга ҳамда тадбиркорликка йўналтириш бўйича «Ўз кўрсаткичингизни белгилаб олинг» номли ўқув-семинарлари ўтказилиб, аёлларни ўз бизнесларини бошлашларига, оилавий тадбиркорликка йўналтириб борилмоқда.
Ўтган 2015 йил давомида марказга вилоят бўйича жами 502 нафар аёллар тадбиркорлик бўйича маслаҳат сўраб мурожаат этдилар ва тегишли маслаҳат олдилар. Шаҳар ва туманларда ўтказилган семинарлар сони 34 тани ташкил этиб, уларда 1689 нафар аёллар иштирок этдилар.
Семинар иштирокчилари кредит олиб, ўз бизнесларини бошлашлари учун банкларга йўналтирилди.
Натижада кредит олиб ўз тадбиркорлигини ривожлантираётган аёллар сони йил сайин ортиб борган.
2013 йил давомида марказга мурожаатлар сони 172 та ни ташкил этиб, шулардан 62 тасига ҳуқуқий, 53 тасига психологик, 17 нафарига эса моддий ва тиббий ёрдам кўрсатилган. Қолган бошқа масалалардаги мурожаатлар ҳам тегишлилиги бўйича ўрганилиб, мурожаат муаллифларига жавоб қайтарилган.
Шунингдек, Одам савдосидан жабрланган Жиззах шаҳри, Маданият маҳалласида яшаган ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрига кўчиб кетган Хабиба Соқиева 2 нафар фарзандларини ўз тарбиясига олишида ёрдам сўради. Унга вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси томонидан ёрдам кўрсатилди.
Ажрим ва уй-жой билан боғлиқ ҳуқуқий мурожаатларга марказнинг жамоатчилик асосидаги ҳуқуқшуноси, вилоят Адвокатлар палатаси ходими Фароғат Умарова томонидан маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Бундан ташқари моддий ёки саломатлигини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат этганларга тегишлилиги бўйича «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, соғлиқни сақлаш бошқармаси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ва бошқа ташкилотларга йўналлтирилмоқда.
Бошпана сўраб мурожат этган Арипова Садбарой ва унинг 16 ёшли қизи Анорова Гулбодомларнинг турар жойлари бўлмаганлиги сабабли марказнинг бевосита вилоят ички ишлар бошқармасига ёзган хати билан Жиззах шаҳридаги ётоқхоналардан бирига доимий яшаш учун паспортлари рўйхатга қўйилди. Эндиликда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда турар жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Марказга иш сўраб мурожаат этган 5 нафар хотин-қизлар уларнинг танлови бўйича Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган ўқув марказларида бепул ҳунар эгаллашга йўналтирилдилар.
«Коллеж битирувчи эҳтиёжманд оилалар қизларини касб-ҳунарга ўргатиш ва иш ўринларини яратиш” лойиҳаси вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, Марказий банк бошқармаси, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ва “Иффатли келин” НТМ билан ижтимоий ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳа доирасида коллеж битирувчи эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари ва марказга бевосита ёрдам сўраб мурожаат этган аёллар тикувчилик, сартарошлик ва пазандачилик бўйича бепул ҳунарга ўргатилдилар.
Уларга Жиззах вилоят «Аёллар тадбиркорлиги» ахборот-маслаҳат гуруҳи тренерлари ҳамда «Микрокредитбанк» ОАТБ вилоят филиали мутахассислари томонидан тадбиркорлик асослари, бизнес режа тузиш ва кредит олиш тартиблари бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилди. Уларга ҳунар эгаллаганликлари бўйича дипломлар, кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлганларнинг 6 нафарига банк сертификатлари ҳамда ЎзЛиДеП партияси аъзо бўлиб, сиёсий фаоллигини оширмоқчи бўлганларнинг 2 нафарига партиянинг вилоят кенгаши томонидан партияга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Эндиликда марказ қошида «La Bonita-Seniora» шўъба корхонаси ташкил этилиб, грант асосида келтирилган тикув мошинкалари, сартарошлик анжомлари ва нон ва нон маҳсулотлари пишириш печи ўрнатилиб, иш ўринларини яратиш борасида, шунингдек, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлганларга кўмаклашиш ишлари давом эттирилмоқда.
Марказга вилоят бўйича жами 280 нафар аёллар тадбиркорлик бўйича маслаҳат сўраб мурожаат этдилар ва тегишли маслаҳат олдилар.
Бундан ташқари марказ томонидан вилоят Олий Мажлия ҳузуридаги Жамоат фондининг гранти асосида Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда «Оилаларда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитни шакллантириш» ҳамда вилоят «Соғлом авлод учун» жамғармаси билан «Ўсмир ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш» лойиҳалари ижтимоий шерикчиликда амалга оширилди.
Ўтказилган тадбирлар маҳаллий ва республика ОАВларида, вилоят ҳокимлигининг Ахборот хизмати томонидан Jizzax.uz ва Jizzax.zn.uz сайтлари орқали кенг ёритиб борилмоқда.
Вилоят «Қалб нури» маркази раҳбари Н.Алимова
Шарҳлар